Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сўнгги манзилга элтувчи чўбин от. Тобут қандай ясалади?
Дурадгорлар кўп, лекин ҳаммаси ҳам тобут ясайвермайди. Наманганлик уста дурадгор Абдулаҳад Жамолиддинов тобутлар ясаб, бутун республика бўйлаб етказиб беради. У бу ҳунарни пандемия даврида талабнинг кескин ошиб кетиши ортидан бошлаган.
Тобут қандай ясалади? Тайёр ҳолга келгунича нималарга эътибор қаратиш лозим? Дурадгор Kun.uz мухбирига шулар ҳақида сўзлаб берди.
Пандемия даврида тобут ясашга эҳтиёж ортди
“Ёшлигимдан дурадгорлик билан шуғулланаман, отам ҳам, бобом ҳам шу ҳунарни касб қилишган. Биринчи марта 2017 йилда маҳалламизнинг тобутини таъмирлаб берган эдим. Шундан сўнг бошқа маҳаллалардан ҳам таклифлар бўлди. Пандемия даврида ўлимлар сони кўпроқ бўлгани учун буюртма берадиганлар кўпайиб қолган эди.
Тошкентда ҳам, бошқа вилоятларда ҳам кўп маҳаллаларда тобут йўқ экан, шуни ясаб беришни йўлга қўйсангиз, деган таклиф тушди. Қўлдан келганча ясашга тушдик. Асосий ишимиз ёғочдан зиналар тайёрлаш, бошқа жиҳозлар, эшик-ромлар ҳам ясаймиз. Одамлар илтимос қилгани учун шу ишни ҳам қиламиз. Кўпроқ янги маҳаллалардан буюртма беришади. Айтганимдек, тобут ясашни йўлга қўйишимизга асосий сабаб пандемия даври бўлди”.
Тобут ясаётганда ўзгача кечинмалар ўтади...
“Тобут ясаш жараёни бошқача бўлади, чунки кун келиб ҳар бир инсон шу тобут ичига тушишини ўйлайди. Ўзимиз ҳам бир кун шу тобутда манзилга борамиз. Ўзгача кечинмалар ўтади одамда. Баъзилар нотўғри тушуниши мумкин, тобут ясашни ҳам касб қиладими деб, биз буни касб қилиб олмаганмиз, фақат шу одамлар илтимос қилиб келгани учун ясаб берамиз. Халққа манфаатли бўлгани учун рози бўлиб ясаб келяпмиз.

Кўпчилик енгилроқ ёғочдан қилиб беринг, дейишади. Шунинг учун бақувват, енгил бўлган Россия қарағайларидан қиламиз. Бир тобутнинг оғирлиги ўртача 80-85 килограмм бўлади. Тобут ясаш унчалик қийин эмас биз учун, ўзимиз билган усулда, қўлдан келганча ясайверамиз”.

Ҳудудларга қараб ўлчами ҳам ўзгаради
“Ҳар жойда ўзининг тобут ўлчамлари бўларкан. Масалан, Тошкентдан буюртма бўлганда тобут энини 74 см қилинг дейишади, сабаби, кўп қаватли биноларга ҳам киришади, эшик ўлчами ҳам ҳисобга олинади, лифтга сиғиши учун эса узунлигини 2 метр-у 7 см қиламиз. Чуқурлиги 32-35 см бўлади. Ҳар жойнинг ўз талабларига кўра ясаб берамиз, акс ҳолда улар учун ноқулай бўлиши мумкин. Деярли бутун республика бўйича буюртмалар бўлиб туради.

Бошида баъзилар шунинг орқасидан пул топяпсанми, одамлар шунчаки савоб учун ясатиб қўяди, деган маънода гапларни ҳам айтишди. Шундай пайтда бу ишни тўхтатиш фикри ҳам туғилди. Лекин улар ҳам менга ўхшаган дурадгорга ясатишган-ку барибир. Шаштимдан қайтдим...”
Тобут ясаш кибрни синдиради
“Тобут ясаётган пайтимда жуда кўп ўйлар ўтади, бир кун ўлишимизни, баъзилар бизнинг ёшга ҳам етмай ўтиб кетганини ўйлайман. Умримиз қанча эканини фақат Яратган билади. Тобут ясаш қайсидир маънода кибрни, дунёга берилиб кетишни синдириб ҳам туради. Қачондир биз ҳам ўтиб кетсак, ортимиздан фалончи яхши одам эди, дейишлари учун ҳаракат қилиб яшаяпмиз.

Ясаётган тобутларимиз ичида бой-у камбағал, ёш-у қари ётади. Қилаётган ишимиз моддий манфаат учун эмас, чунки айтганимдек, ишларимиз, буюртмаларимиз етарли даражада. Тобут ясаш жуда мураккаб жараён ҳам эмас, қунт билан қилинса, ҳамма ҳам ясай олади, яширадиган сири йўқ”, дейди Абдулаҳад Жамолиддинов.
Дурадгорнинг қўшимча қилишича, бир тобут ясашга 3-3,5 кун вақт кетади.

Тобут учун буюртмалар кўпроқ Тошкент шаҳридан, бошқа вилоятлардан бўлгани учун Абдулаҳад Жамолиддиновни Наманганда кўпроқ зина ясовчи уста сифатида танишар экан.
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Мавзуга оид
14:44 / 30.08.2020
«Замонавий устахона очишни режа қилганман» — "Оптимист"да дурадгор қиз ҳикояси
14:48 / 20.05.2020
«Соғлиғимдаги муаммо сабабли ишлолмай қолганимда беш қизим қўлимдан ҳунаримни олди» – чинозлик дурадгор ҳикояси
21:10 / 16.06.2018
Индонезияда эркакни онасининг тобути босиб қолди (видео)
22:06 / 07.09.2016