Ўзбекистон | 14:55 / 03.02.2019
13594
2 дақиқада ўқилади

Зебигардондан сўзанагача: «Умрбоқий заргарлик» кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

31 январь – Халқаро заргарлик куни муносабати билан амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида «Умрбоқий заргарлик»​ кўргазмаси иш бошлади. 

Унда ўтган XIX – XX асрга тегишли, Тошкент, Хоразм, Бухоро, Фарғона заргарчилик мактабларининг оригинал кўринишга эга намуналари намойиш этилмоқда.

Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси, заргар Алзар Бобоев заргарлик тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар бўйича маъруза   ва тақинчоқ ясаш жараёнидан мастер класс ўтиб берди.

Ҳунарманднинг сўзларига кўра, ўзбек миллий заргарлик мактабининг асосида Бухоро андозаси ётади. Ҳиндистон ва Эрон таъсирида энг аввал  ривожланган Бухоро заргарлигида майда тошлар, нафис ва майин безаклардан фойдаланилган бўлса, XVI асрга келиб шакллана бошлаган Тошкент, водий тақинчоқсозлигида катта тошлар ва йирик нақшларни ишлатиш устунлик қилган. 

Кўргазмада нафақат заргарлик буюмлари – зебигардон, тиллақош, билакузук кабиларни, балки қўл меҳнатига асосланган сўзана, кийим-бош, хонтахта каби ўз даврининг ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қилувчи анжомларни ҳам томоша қилиш мумкин.

«Дўппи шунчаки бош кийими бўлиб қолмай, уни кийган кишининг ижтимоий ҳолати ҳақида ҳам маълумот берган. Мисол учун, турмушга чиқмаган қизлар ипак дўппи кийган бўлса, оилали жувонлар зар дўппидан фойдаланган. Ҳар бир ҳудуднинг дўпписи ҳам нақшлари билан бир-биридан фарқ қилади», –​ дея ҳикоя қилади экскурсовод-мутахассис.

Музей директор ўринбосари Ҳакимжон Шодмоновнинг маълумот беришича, музей фондида 8 мингга яқин экспонат мавжуд бўлиб, улардан 600таси заргарлик ашёлари ҳисобланади. Энг «кекса»​ экспонат 19-асрга тааллуқли. 

Кўргазма 8 февралга қадар барча учун очиқ тарзда ўтказилади.

Мавзуга оид