17:05 / 12.01.2024
5024

Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун "Coozin" платформаси ишга туширилди

2024 йилнинг 12 январ куни Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион "Coozin" платформаси ишга туширилди. Шу муносабати билан ЕХҲТ ва "The Coca-Cola Foundation" халқаро хайрия фонди кўмагида IT-Park Uzbekistan ва Ишбилармон аёллар халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликда "Hilton" меҳмонхонасида тадбир ташкиллаштирилди. Платформанинг ишга туширилиши Ўзбекистонда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади.

"Coozin" лойиҳаси - ўз-ўзини банд қилган аёлларга товарлари, жумладан уйда пиширилган маҳсулотларини сотиш имконини берувчи Ўзбекистондаги биринчи лойиҳадир. У “The Coca-Cola Foundation” халқаро хайрия фонди кўмагида ЕХҲТ, IT-Park ва Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси кўмагида ташкил этилди. "Coozin" илғор рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аёллар тадбиркорлиги ва ўз-ўзини банд қилишни ривожлантиришга қаратилган.

Лойиҳа нафақат рақамли технологиялар ёрдамида бизнесни йўлга қўйиш орқали аёлларнинг тадбиркорлик потенциалини мустаҳкамлайди, балки, БМТнинг камбағалликни йўқ қилиш, муносиб иш билан таъминлаш ва иқтисодий ўсиш, инновациялар ва нотенгликни камайтириш каби барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам амалга оширади.

Тест режимида ишлаётган платформа ҳозирданоқ кунига 25 та буюртмани қабул қилмоқда. Унинг қулайлиги шарофати билан лойиҳа мамлакат бўйлаб ўз таъсирини кенгайтирмоқчи.

Платформа ишга тушиши муносабати билан ташкиллаштирилган маросимга 30 дан ортиқ латофатли тадбиркор аёллар ҳам ташриф буюрди. Тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори Зильке Клёвер, Ишбилармон аёллар ассоциацияси бошқаруви аъзоси ва раиси ўринбосари Нигора Якубова, IT-Park Uzbekistan директори Фарҳод Ибрагимов, "Coca-Cola" компаниясининг Марказий Осиёда жамоатчилик билан алоқалар, коммуникациялар ва барқарор ривожланиш бўйича директори  Нази Арипжанова кириш сўзлари билан нутқ сўзлашди.

"ЕХҲТ аёлларнинг иқтисодиёт соҳасига аралашуви унинг жонланиши, барқарор ривожланиш ва ҳамоҳанг жамият қуришдаги ўрни муҳимлигини тан олади ва бу ЕХҲТ ҳудудидаги хавфсизлик ва мувозанатни таъминлашини таъкидлайди. Шунинг учун ташкилот дастурлари ва лойиҳалари иқтисодиёт соҳасида гендер тенглиги, ижтимоий ҳимоя олишга тенг имкониятларни таъминлаш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш чораларини қабул қилишга қаратилган", - деди ўзининг кириш сўзида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори в.в.б Зильке Клёвер.

Тадбир доирасида электрон тўлов тизимлари ва молиявий саводхонликдан тортиб маркетинг ва психологиягача кенг мавзуларни қамраб олган муҳокамалар ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Иштирокчилар ўз мулоқот доирасини кенгайтириб, тажриба алмашиш ва таклиф қилинган экспертлардан маслаҳат олиш имконига эга бўлди.

"Coozin" платформаси, шубҳасиз Ўзбекистондаги аёл тадбиркорлар ривожига ўз ҳиссасини қўшади.

"Аёлларда онлайн савдо малакасини ошириш Ишбилармон аёллар халқаро ассоциациясининг устувор йўналиши саналади. Ассоциация уйда онлайн тадбиркорлик қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳанинг бир қисми эканидан ғурурланади", - дея таъкидлади Ишбилармон аёллар ассоциацияси бошқаруви аъзоси ва раиси ўринбосари Нигора Якубова.

"Ишончимиз комилки, "Coozin" ўз-ўзини банд қилган тадбиркор аёллар учун асосий платформага айланади ва 360° ли таълим билан уларнинг рақамли иқтисодиётда муваффақият қозонишига сабаб бўлади", - дейди "Coozin" бош директори Лазиз Искандаров.

Yandex Delivery'нинг Ўзбекистондаги вакили Сарвар Тухтаев ўз нутқида Coozin ва Yandex Delivery жамоалари Ўзбекистондаги исталган тадбиркор учун технологиялардан фойдаланишни осонлаштириш истагида бирлашишини таъкидлади. Улар биргаликда маркетплейс фойдаланувчиларига шаҳар бўйлаб етказиб бериш хизмати билан онлайн савдо учун қулай инфратузилмани яратади. Бу эса тадбиркорларга кўпроқ даромад олиш, маҳаллий усталарни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг харидорлари учун қулай хизмат кўрсатишни таъминлайди.

"Аёллар тадбиркорлигини ва уларнинг карьера имкониялари учун барқарор лойиҳалар яратишни қўллаб-қувватлаш - "Coca-Cola" компаниясининг энг асосий ижтимоий миссияларидан биридир", - дея таъкидлади "Coca-Cola" компаниясининг Марказий Осиёда жамоатчилик билан алоқалар, коммуникациялар ва барқарор ривожланиш бўйича директори Нази Арипжанова. -"Лойиҳа яратилганидан бери ўтган бундай қисқа муддат ичида биз унда қатнашиш истагида бўлганлардан катта миқдорда аризалар қабул қилдик. Бу эса мазкур йўналиш мамлакат учун қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Шахсан мен ва бутун жамоа "Coozin"нинг ҳар бир аъзоси сингари ўз мақсади сари боришдан қўрқмайдиган ва ўз мисолида бошқаларни илҳомлантирадиган аёллардан руҳланамиз".

Лойиҳа ҳақида маълумот олиш ва ариза топшириш учун coozin.uz сайтига киришингиз мумкин.

Қўшимча маълумот учун : +998 97 443 03 64

"Coozin" лойиҳаси менеджери Екатерина Хе

Реклама

Top