Жаҳон | 19:04 / 01.10.2023
29882
9 дақиқада ўқилади

Путин «Вагнер» командирига «кўнгиллилар билан шуғулланиш»ни буюрди. Бу нимани англатади?

Владимир Путин «Вагнер» ХҲК штаб бошлиғи бўлгани айтиладиган Андрей Трошев билан учрашди. Россия президенти унга кўнгиллилардан таркиб топган бўлинмалар билан шуғулланишни буюрган. Бу Россия мудофаа вазирлиги таркибидаги янги «Вагнер» шаклланади деганими?

Фото: KREMLIN.RU

Кремл Путин ва Трошев учрашуви ҳақидаги лавҳани жума куни эрталаб эълон қилди. Учрашувда мудофаа вазири ўринбосари, июн ойи охиридаги исён куни Пригожин «ер билан битта қилган» Юнус-Бек Евкуров ҳам қатнашган. Хабарда Трошев шунчаки исми-фамилияси билан аталган, лавозими келтирилмаган. Кейинроқ Путиннинг матбуот котиби Песков Трошев мамлакат мудофаа вазирлигида ишлашини айтиб чиқди.

Рус ОАВ эса Андрей Трошев «Вагнер»нинг чақирув белгиси «Седой» бўлган командирларидан эканини эслатди. У июн ойида Евгений Пригожин бошлаган ҳарбий исённи қўлламаганди. Кремл эълон қилган суҳбат стенограммасига кўра Путин бу одам билан биринчи марта учрашмаяпти. «Аввалги учрашувларимизда аввало махсус ҳарбий амалиёт (Россияда урушни шундай аташади - таҳр.) зонасида турли вазифаларни бажара оладиган кўнгиллилар гуруҳини шакллантиришингиз ҳақида гаплашгандик», деган Путин.

«Вагнер» исёни июн ойида, гуруҳ Бахмут учун узоқ давом этган қонли жангларда қатнашганидан кейин бўлиб ўтганди.

«Ўзингиз бир йилдан кўпроқ шундай бўлинмаларда жанг қилдингиз ва тезда, муваффақиятли ҳал қилиш керак бўлган масалалардан хабардорсиз», деган Путин Трошев ва Евкуров билан учрашувда.

Трошев (ўнгда) Путин ва Евкуров билан учрашувда
Фото: MIKHAIL METZEL/POOL/TASS

Юнус-Бек Евкуров Пригожиннинг ўлимидан кейин «Вагнер» ҳаракат қилган Африка давлатларини айланиб чиққанди. Трошев эса расман истеъфодаги полиция полковниги бўлиб, Афғонистон ва Чеченистондаги жангларда қатнашган. ОМОН ва СОБРда хизмат қилган. Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда «Вагнер» ижрочи директор ва штаб бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган. Ҳар ҳолда Европа Иттифоқи санкция рўйхатида у ҳақда шундай дейилган.

Унинг туғилган куни ҳақидаги маълумотлар ҳам бир хил эмас. Масалан, Европа Иттифоқи 2021 йил Трошевни санкция рўйхатига киритар экан, уни 1953 йил апрелда Ленинградда (ҳозирги Санкт-Петербург) туғилган деб қайд этган. Британия ҳам санкция рўйхатида у ҳақда шундай маълумот берган. Википедияда эса Трошев 1962 йил туғилгани кўрсатилган.

«Ватан қаҳрамонлари» лойиҳаси маълумотига кўра, Андрей Трошев 2016 йил Суриядаги ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки учун Путиннинг махфий буйруғи билан Россия Қаҳрамони унвонини олган. Айни дамда ўзи туғилиб ўсган Петербургда «Ҳарбий можаролар ва маҳаллий урушлардаги ветеранлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси»ни бошқаради.

Путин Андрей Трошев ҳақида бир марта, «Коммерсант» нашрининг Кремлдаги мухбири Андрей Колесников билан суҳбатда гапирган. Бу суҳбат Путин ва вагнерчиларнинг 29 июндаги учрашуви ҳақида бўлган.

«Уларнинг ҳаммаси яна бир ерга тўпланиб, хизмат қилишда давом этиши, бошқарувни шундоғам амалда гуруҳни бошқариб келган одам қўлга олиши мумкин эди. Бу ҳақда гапирганимда кўпчилиги бошини қимирлатиб тасдиқлади ҳам. Аммо олд қаторда ўтириб буни кўрмаган Пригожин бунга рози эмаслигини айтди», деб Путиннинг сўзларини келтирган Колесников.

Пригожинга тегишли бизнес-жет 23 июн куни ҳалокатга учраб, тадбиркорнинг ўзи билан бирга гуруҳ бош қўмондони Дмитрий Уткин ҳам вафот этади. Шундай кейин ОАВда Россия ҳукумати «Вагнер»дан Украина ва Африкадаги ҳарбий ҳаракатларда фойдаланишда давом этиши ҳақида кўп марта ёзилди. Ваҳоланки, Пригожин ўлганидан кейин гуруҳ буткул тақатиб юборилгани айтилганди.

АҚШнинг CNN нашри вагнерчилар Бахмут учун жангларга қайтганини ёзди. Украина томони ҳам Беларусга кетган вагнерчилар Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, жанг майдонига қайтганини тасдиқлаган. Аммо Андрей Трошев тузиши керак бўлган янги кўнгиллилар гуруҳи Россия учун «Вагнер» каби самарали бўлиши аниқ эмас.

Вагнерчилар июн ойидаги исён вақтида Ростов марказини эгаллашганди
Фото: ERIK ROMANENKO/TASS

Россия мудофаа вазирлиги таркибида янги «Вагнер» тузиш мумкинми? BBC ҳарбий мухбири Павел Аксенов таҳлил қилади:

Путиннинг «Вагнер» собиқ қўмондони билан учрашувда айтган «кўнгиллилар гуруҳи» ҳақида гапларини кўпчилик худди шундай хусусий тузилма Россия мудофаа вазирлиги таркибида шакллантирилади деб тушунди. Бундай ўйлаш учун барча асослар бор. Россия ҳарбийлари «Вагнер»ни айнан кўнгиллилар деб атарди. Аммо бундай тузилмани мудофаа вазирлиги ичида тузиш «Вагнер»нинг тузилиш мақсади, унинг урушдаги роли ва мудофаа вазирлиги билан муносабатларига зид келади.

Охирги марта кўнгиллиларни Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга ундаш ҳарбий исён ва кўпчиликнинг фикрича, «Вагнер» раҳбариятининг ўлими билан тугади. Кўнгиллилар давлат қоидаларига бўйсунишни истамаганди.

Хусусий ҳарбий компания Россия қонунлари билан идора қилинадиган тузилма эмас. «Вагнер» каби бошқа ХҲКлар ҳам шу вақтгача мавжуд бўлган ва мавжуд бўлишда давом этади. Уларнинг жанг майдонидаги устунлиги масъулиятдан озодлигида. Гуруҳ қўмондонликнинг хатосига ҳам боғлиқ эмас.

Армия мураккаб тузилма бўлиб, жуда кўп ҳужжатлар ёрдамида бошқарилади: қонун, низом, буйруқ. Украинадаги урушда операцияларни ташкил этиш, уларни ўтказиш ва турли қисмларнинг ўзаро алоқаларида Россия армияси тизимли муаммоларга эгалиги кўриниб қолди. Шунингдек, ҳарбийларни тайёрлаш, интизом, ҳарбий ва ижтимоий таъминотда ҳам муаммолар кўзга ташланди.

«Вагнер» аввалбошдан армия бюрократиясидан мустақил эди. Пригожинга тегишли ХҲК Россия мудофаа вазирлигидан кўра яхшироқ пул тўлагани учун тажрибали офицерларни ўз сафига қўшиб ола бошлаганди. «Вагнер»да нафақат маошлар яхши бўлган, балки ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳам доимий тарзда яхшигина пул тўлаб борилган. Шу боис, оддий рус эркаги учун Россия мудофаа вазирлигидан кўра «Вагнер» билан шартнома имзолаш манфаатлироқ бўлган.

«Вагнер» фронтда жанг қила бошлагач, Пригожин давлатдан жуда катта ваколатлар ола бошлади. Унга қамоқхоналардан маҳбусларни жангга ёллашга рухсат берилди. Бу «зобитлар»дан Пригожин профессионал ёлланма аскарларга қулайроқ шароит яратиб бериш учун «тўп еми» сифатида фойдаланди. Мудофаа вазирлиги «Вагнер»га ўқ-дори, ҳарбий техника берди. Унинг қўшини ҳужум қилаётганда ҳатто армия бўлинмаларидан ёрдам кучи олди.

Ва ниҳоят, Пригожинга амалда дезертирлар ва Украина томонга ўтганларни ўлдириш учун ўз ҳарбий-жиноят кодексини яратиш имконини беришди. Бу борада босқон (кувалда) билан ўлдирилган Евгений Нужинни эслашнинг ўзи кифоя.

Бир сўз билан айтганда, «Вагнер» давлат тузилмасидан ташқаридаги ХҲК сифатида шаклланди ва унинг устунлиги ҳам шунда эди. Фронтда мана шунақа гуруҳ керак бўлди. Агар Россия армияси Бахмутни мустақил эгаллай олганида, у ерга ёлланма жангчиларни юбориб юрмасди.

Пригожиннинг ўзи эса муаммоларни армия мақсадларига қараб эмас, ўзи ҳарбий раҳбарият билан норасмий келишган ҳолда ҳал қиларди. Унчалик катта бўлмаган ҳарбий тузилма айнан қўмондонлик назоратида бўлмагани учун самарали ҳаракат қилди. «Вагнер» ҳужум жойи, вақти ва тактикасини мустақил ҳал қиларди. Пригожин гуруҳи армия тасарруфида бўлмаса ҳам улардан авиация ва артиллерия кўринишида ёрдам олган. Ҳатто армия бўлинмалари ХҲК ҳужумларида қатнашган ҳам.

Ва қонунларга умуман бўйсунмайдиган Пригожин позицияни ташлаб чиқиши билан таҳдид қиладиган даражага етди. Мудофаа вазири ва штаб бошлиғини очиқчасига ҳақорат қила бошлади. Бунинг эвазига Россия нимани олди? Бахмутни. Жуда катта куч ва пул эвазига «Вагнер» шаҳарни эгаллаб, Россия ҳукуматига фронтда қандайдир ютуқ борлигини кўрсатиш имконини яратди.

Путин «кўнгиллилар тузилмаси» ташкил этиш деганда айнан нимани назарда тутганини англаш қийин, ахир Россияда шундоғам кўнгиллиларни мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш орқали армияга жалб қилиш механизми бор-ку. Агар бундай тузилма мудофаа вазирлиги таркибида ташкил этилса-ю, улар ҳамма қатори стандарт шартномалар имзоласа, бу оддий бўлинма бўлиб қолади.

Агар худди «Вагнер»га ўхшаган ҳарбий раҳбарият буйруқларидан озод этиладиган ҳарбий тузилма ташкил этмоқчи бўлишса, унинг қандай бўлиши янги бошлиқ Россия раҳбарияти билан қандай муносабатда экани, ҳарбий раҳбариятга қарши чиқа оладиган кучи бор ёки йўқлигига боғлиқ бўлади. Пригожинда бунақаси ўхшамаган эди.

Мавзуга оид