Украина қўшини Курск областида кескин фаоллашуви Россия армиясининг Донбассда давом этаётган юриши ва бу ҳудуддаги яна бир муҳим шаҳар, Украина қуролли кучларининг Покровск жанубидаги таянч пункти ҳисобланган Кураховони эгаллаши фонида рўй бермоқда. Украина қўмондонлиги ўз захираларини Россия ҳужумини қайтариш учун эмас, балки бутунлай бошқа йўналишда ҳужум қилиш учун юбориш қарорига нима сабаб бўлиши мумкин?

Сўнгги бир неча ҳафта давомида Россиядаги ҳарбий пабликлар украин қисмлари шимолий йўналишга олиб ўтилаётгани ва навбатдаги юришга тайёргарлик кўрилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатишди, бу хабарларда янги зарба йўналиши бўйича турли версиялар илгари сурилди.

Украина қуролли кучлари қўмондонлиги одатда бирор амалиёт бошлаганида ахборий сукунат режимини киритиб, украин нашрларидан бунга амал қилишни талаб этади. Аммо бу сафар Украина бош штабининг расмий хабарларида ҳам содир бўлаётган воқеалар кўламли сезилиб турибди.

«Курскда айни вақтда 42 та жанговар тўқнашув рўй берди», — дейилади 5 январ кунги ҳисоботда. Шу билан бирга, сўнгги вақтларда фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турган Покровск йўналишида, Украина ҳарбий идораси маълумотларига кўра, кун давомида 36 та жанговар тўқнашув қайд этилган.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг янги йилнинг илк кунида Курск областига бориши, шунингдек, 5 январ куни Россия мудофаа вазири Юнус-Бек Евкуров шошилинч равишда Курскка йўл олиши ҳам эътиборга молик.

Айни вақтда украинлар Суджадан шимоли-шарқдаги Болшое Солдатское қишлоғи ва Бердин хутори томон ҳаракатланмоқда. Ушбу аҳоли яшаш манзиллари област маркази ва Курск АЭС жойлашган Курчатов шаҳрига олиб борувчи трасса бўйида жойлашган. Украина қуролли кучлари Суджа шаҳридан шимоли-ғарб ва шарқ томонда ҳам ҳужумга ўтгани хабар қилинган.

Биринчи зарбадан кейин жиддий натижалар йўқлигида украин қўмондонлигининг режаси қандай экани бўйича хулоса қилиш қийин, аммо воқеалар ривожланишда давом этмоқда.

Америкадаги урушларни ўрганиш институти (ISW) Украина қуролли кучлари Курск областида тактик ютуқларга эришаётганини ёзган.

Институт маълумоти 5 ва 6 январ кунлари эълон қилинган геолокация кадрларига асосланган. Улар Украина қуролли кучлари Суджадан шимоли-шарқда: Бердин жанубида, ундан ғарбдаги Русское Поречноеда ва ундан шарқдаги Новосотницкийда илгарилаган.