Қаерда боғ ташкил этишни фуқаролар ҳал қилади: “Менинг боғим” қандай ўтказилади?
“Ташаббусли бюджет” доирасида “Менинг боғим” лойиҳаси ҳам йўлга қўйилди. Хўш, яшил ҳудудларни барпо этишга оид таклифларга нисбатан қандай талаблар бор? Ташаббуслар қандай сараланади? Дарахтлар яшаб кетиши учун ким масъул бўлади? Kun.uz шу саволларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Экология вазирлиги масъулларидан жавоб олди.
“Менинг боғим”га қандай қилиб таклиф қолдирилади?
Ҳабибулло Ҳамидов, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи:
— Фуқароларимизни бюджет маблағларининг сарфланиши жараёнларида ўзларининг ижтимоий-иқтисодий таклифларини қондириш мақсадида “Менинг боғим” лойиҳаси жорий этилди. Президентнинг 199-сонли фармонига асосан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини такомиллаштириш юзасидан фармони имзоланди. Бунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 156-сонли қарори тасдиқланди. Унга мувофиқ, “Яшил макон” ҳаракати доирасида давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг 50 фоизи айнан “Очиқ бюджет” портали орқали кенг жамоатчилик иштирокида сарфланиши белгилаб ўтилди. Шу лойиҳага жорий йилнинг 10 июнидан старт берилди.
Бу жараёнлар 3 босқичда ташкил этилади. “Менинг боғим” “Ташаббусли бюджет” жараёнлари билан бир хил ташкил қилинади. Дастлабки 10 кун, яъни 10 июндан 20 июнгача таклифлар қабул қилинади. Аммо билдирилаётган таклифлар бироз “Ташаббусли бюджет”дан фарқ қилади. “Ташаббусли бюджет”да фуқаролар ташаббус мазмунини ўзлари киритган бўлса, “Менинг боғим”да Экология вазирлиги томонидан 1000 дан ошиқ ҳудудлар танланган. Бу ерда фуқаролар яшил зоналарни ташкил этиш ва белгиланган манзилларга манзарали дарахтлар экиш таклифларини илгари суришлари мумкин. Тақдим этилган 1000 дан ортиқ локациялар порталга жойлаштирилган, бу берилган таклифлар модерация жараёнларида рад этилмаслигига ёрдам беради. Айрим фуқаролар томонидан маълум ҳудудларда яшил боғлар ташкил қилиш таклифлари билдирилганда бу айнан ўша манзил бошқа фуқарога тегишли ёки бошқа фуқаронинг томорқаси, ё бирор корхонага тегишли бўладиган бўлса, шу таклиф модерация жараёнида рад этилиши тайин. Шунинг учун белгиланган локациялар бўйича таклифлар киритилади.
Яшил парклар учун ҳудудлар қандай танланади?
Ўлмас Собиров. Экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул ходими:
— Ҳар бир туман шаҳарда экологик муҳит яратиш учун яшил боғлар, яшил парклар ва жамоат боғлари бўлиши керак. Ер билан боғлиқ масалаларни маҳаллий ҳокимликлар ҳар йили декабр ойида ҳал қилади, яъни қаерда боғ қилинади, қаерда аҳоли пункти қурилади, аниқлаб чиқилади. Режалаштирилган лойиҳага кўра аҳолининг дам олиши, сайр қилиши учун шундай жойлар танланади. Ҳар бир туманда бир нечта жой танланиб, платформага киритилади. Бу узлуксиз жараён бўлади, бу йил танланган ер билан бу тўхтаб қолмайди, кейинги йил бошқа ҳудуд танланади.
“Бир локация бўйича келиб тушган бир хил таклифлар рад этилади”
Ҳабибулло Ҳамидов:
— 20 июндан 3 июлгача туман ва шаҳар экология бўлимлари томонидан модерация жараёнлари ўтказилади. Бунда бир локация бўйича келиб тушган лойиҳалар бир нечта бўлса, биринчи таклиф киритган фуқаронинг таклифи инобатга олинади. Бошқаларига эса “ҳурматли фуқаро, сиз томонингиздан билдирилган таклиф бошқа фуқаро томонидан билдирилган таклифда акс этган” деган хабар юборилиб, унинг таклифи рад этилади.
“Ҳар битта тумандан битта таклиф ғолиб бўлади”
Ҳабибулло Ҳамидов:
— Учинчи босқичда 10 кунлик овоз бериш жараёнлари ўтказилади. Энг юқори овоз олган таклифлар туман, шаҳар ғазначилик ҳисобварағи томонидан молиялаштириб берилади. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, 2024 йил “Яшил макон” учун давлат бюджетидан 104 млрд сўм маблағ йўналтирилган. “Менинг боғим” лойиҳасига “Яшил макон”га ажратилган маблағларнинг ярми, яъни 52 млрд сўми йўналтирилади. Ҳар битта таклиф миқдори 250 млн сўмни ташкил қилади. Республикада 208 та туман ва шаҳарлар бўлса, ҳар биттасида биттадан лойиҳалар ғолиб бўлади ва уларда яшил зоналар ва яшил парклар ташкил қилиш учун йўналтирилади.
Ҳар бир ғолиб лойиҳалар туман ва шаҳарларда очилган ҳисоб ғазна маблағларидан молиялаштирилади. Бунда туман ва шаҳар экология бўлимлари лойиҳачи этиб белгиланган. Ғолиблар аниқлангач, давлат харидлари тўғрисидаги қонунга асосан улар тўлиқ молиялаштирилади.
250 млн сўм яшил зоналар ташкил этиш ва дарахтларга ғамхўрлик қилиш учун етарлими?
Ўлмас Собиров:
— Йирик лойиҳа бўладиган бўлса, унга ажратиладиган сумма ҳам шунга яраша бўлади. 250 млн сўмлик миқдор ўртача ҳисобда олинган. Агар ташаббус кўпроқ маблағ талаб қиладиган бўлса, ҳокимиятларнинг маҳаллий бюджетларидан орттирилган маблағларидан ҳам молиялаштирилиши назарда тутилган.
Дарахтларга ким ғамхўрлик қилади?
Ўлмас Собиров:
— Ташаббуслар овозга қўйилиб, ғолиблар аниқлангач, энг кўп овоз олган боғ ёки жамоат парки асосида молиялаштириш бошланади. Ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда ҳар бир туман ва шаҳарда пудратчи ташкил қилинади (лойиҳачи эса туман ва шаҳар экология бўлимлари). Дейлик, бир ҳудудда жамоат паркини ташкил қилиш керак. Лойиҳачи паркдаги йўлаклар, ёритиш чироқларидан тортиб суғориш тизимигача қандай бўлишини лойиҳалаштиради. Пудратчи у ерга ажратилган маблағ ҳисобидан кўчатларни тупроқ иқлим шароитига мослигини танлайди ва шу асосда уларни экади. 3 йилгача суғоришдан тортиб агротехник тадбирларгача, ҳамма вазифалар пудратчига юкланади. 3 йилдан кейин бу парк маҳаллий бюджетга қайтарилади.
Амалий жараён қачон бошланади?
Ўлмас Собиров:
— Платформадаги жараён тугагач, овоз бериш жараёнлари бошланади. Ғолиблар танлангач, лойиҳалаш, пудратчи танлаш, ер тайёрлаш каби ишларга куз мавсуми, яъни кўчат экиш мавсумигача вақтимиз етарли. Бу йилги тадбир бу йил тугайди. Якунида қанча кўчат экилган бўлса, яшил макон платформасига ҳисобот киритилади. Жойлардаги ҳудудий экология бўлимлари томонидан ҳақиқатан дарахт экилганми, мос кўчат танланганми, ўрганилади. Кейин платформада бу тасдиқланади. Бу тўлиқ назоратда олиб борилади.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
18:18 / 06.11.2024