Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда янги журнал таҳририяти ташкил этилади
Ўзбекистонда “Бахши” журнали таҳририяти ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Бахши” журнали таҳририятини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси юридик шахс мақомига эга бўлган журнал таҳририятини муассислари этиб белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги журналнинг Низомини ишлаб чиқади ва давлат рўйхатидан ўтказади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги:
журнал таҳририятида фаолият юритаётган ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва штатлар жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқланишини;
журналда чоп этиладиган мақолалар учун муаллифлик ҳақи тўлашни тартибга солувчи тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилишини;
журнал таҳририяти фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.
Журнал таҳририяти бош муҳаррири маданият вазири томонидан тайинланиши ва вазифасидан озод этилиши белгилаб қўйилади.
Журнал таҳририяти Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 30-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги биносида ижара тўлови ундирилмасдан жойлаштирилади.
Журналининг пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилиши инобатга олинади:
журнални сотишдан тушадиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;
бюджет маблағлари (субсидия);
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
Белгилаб қўйилишича, бюджет маблағлари (субсидия) журналнинг ўз даромадлари билан қопланмаган сақлаш харажатларининг тегишли қисмини молиялаштириш учун ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журнални мунтазам равишда имтиёзли нархларда чоп этиш бўйича чоралар кўради.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги:
журнал таҳририятини хизмат телефонлари, жумладан, шаҳар телефони, интернет ва бошқа алоқа воситалари билан таъминлайди;
журнални мунтазам равишда обуначиларга имтиёзли нархларда етказилиши бўйича чоралар кўради;
журналнинг веб-сайтини яратишда кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси тасарруфларидаги муассасалар, олий ўқув ва илмий-текшириш институтлари имкониятларини сафарбар қилиш ва чет мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини боғлашда таҳририятга амалий ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда журнални мамлакатимиз фуқаролари орасида ҳамда чет давлатларда кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари, аэропортлар кутиш заллари ва самолётлар салонлари, вокзаллар ва поездлар, кутубхоналар ва меҳмонхоналар ҳамда юртимиз музейларида белгиланган тартибда тарғиб этишни амалга оширади.