Ўзбекистон | 12:50 / 08.02.2018
416170
3 дақиқада ўқилади

«Уларга ваколат берган одам йўқ ҳозир». Президент МХХнинг собиқ мулозимини хоин деб атади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ генерали, МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни хоин деб атади. Президентнинг Сурхондарё вилоятидаги йиғилишда айтган сўзлари ёзилган аудио интернетда тарқалган.

Унда президент ўтган даврда МХХ мулозимларига катта ваколатлар берилганини танқид қилади.

«Биласизларми, булар ҳали халқнинг қадрига етмаган. Булар олган маошига, унвонларига арзирли иш қилиб қўйгани йўқ. Биронта иш қилгани йўқ.

Буларнинг ўз иши бор, бу ишни ман билан гаплашиши керак. Оддий ҳокимнинг ортидан қувиб юрадиган вақт ўтди. Нима эмиш, бир туманнинг ноинсоф МХХ бошлиғини туман ҳокимининг машинаси қувиб ўтибди, кейин ҳокимни олиб бориб қамаб қўйибди.

Кимсан ўзи? Ким сенга ваколат берган? Погонингни олиб ташлайман керак бўлса!

Бу замон ўтиб бўлди. 13 йил бош вазир бўлганман. Вазиятни биламан. Ҳоким ҳеч ким эмасди. Ҳамма ҳокимлар уларнинг хонасида бўларди.

Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди.

Энди у замон тугади. Ман буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар.

Энди тўрт раҳбар кўкрагингни кериб ишла. Халқ учун, ватан учун ишла. Энди ҳеч ким эмас улар. Уларга ваколат берган одам йўқ энди.

Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб. Сан кимсан, ўзинг пул бермайдиганмидинг, сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди», деган президент.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг январида 51 ёшли генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломов Миллий Хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан ишдан олинган ва Сурхондарё вилояти бошқармасига ўтказилганди. Шуҳрат Ғуломов МХХдаги фаолиятини айнан Сурхондарёдан бошлаганди.

Фото: ўртада Шуҳрат Ғуломов

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий маҳкамаси Ғуломовни давлатга миллиардлаб зарар етказиш, қурол-яроғ контрабандаси ва пул ювишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Мавзуга оид