Ўзбекистон | 19:29 / 31.03.2021
22106
5 дақиқада ўқилади

Битмаган уйдан хонадон сотиб олиш: ҳушёр харидор нималарни билиши керак?

Ўзбекистонда улуш киритиш асосидаги уй-жой қурилишлари кўпайиб боряпти. Бу борада харидорлар билиши керак бўлган айрим нозик жиҳатлар бор. Kun.uz мухбири шу масалада соҳа расмийларидан маълумот олди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар қурилиши кескин кўпайди. Аммо афсуски, ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва янги кўп квартирали уй қураман, деб фуқаролар ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг пулини олишни мақсад қилганлар ҳам тез-тез учрамоқда.

Қурилиши ҳали битмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан квартира сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак? Биз шу масала юзасидан Қурилиш вазирлигида бўлдик. Саволларимизга Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Содиқов ва вазирлик бўлим бошлиғи Элёр Комилов жавоб берди.

— Янги уйларни сотиб олишда кўп тушунмовчиликлар бор. Қурилишда «улуш киритиш асосида» деган тушунча пайдо бўлди, буни шерикчилик деб атаса бўлади. Шу муносабат билан 2020 йил 7 май куни президент қарори қабул қилинди. Унга асосан, улуш киритиш, яъни аҳолининг пулини жалб қилган ҳолда уй қурмоқчи бўлса, электрон рўйхатга кириши керак.

Электрон рўйхатга киришда 5та талаб бор. Биринчиси, қурилиш ташкилотининг кўп квартирали уйларни қуриш учун ер участкасига эгалик ҳуқуқи ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги;

Иккинчиси, қурилиш мажмуасига кирадиган кўп квартирали уйлар ва бошқа қурилиш объектлари қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўз маблағи ёки кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати мавжудлиги. Бу талаб қурувчи ташкилотнинг аввалдан қурилиш бошлашга пули бўлишини кафолатлайди.

Учинчиси, қурилиш мажмуасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси бўлиши керак.

Тўртинчиси, техник ва муаллифлик назорати ҳамда давлат назоратини амалга ошириш учун тегишли шартномалар бўлиши керак. Қурилишнинг ҳар бир жараёнида сифатга алоҳида эътибор бериш мақсадида ушбу талаб қўйилган.

Бешинчиси, тижорат банкида тадбиркорнинг айнан мана шу уй учун очилган махсус ҳисобрақами бўлиши керак. Ушбу талаб аҳолидан йиғилаётган пулнинг ҳақиқатдан ҳам қурилиш мақсадида ишлатилишини ҳамда пулнинг ишончли сақланишини таъминлайди.

Ушбу талабларни бажарган ташкилотгина электрон рўйхатга киритилади.

Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Содиқов

Қурилиши ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олиш ниятидаги фуқаролар аввало Қурилиш вазирлиги сайтига кириб, улар танлаган турар жой мажмуаси электрон рўйхатда бор-йўқлигини текшириши керак.

Агарда қурилиш электрон рўйхатда бўлмаса, демак бу ноқонуний қурилиш ҳисобланади. Бунинг оқибатида аҳоли билан тузилган шартнома ҳам тўлиқ кучга эга бўлмайди.

Қурувчи ташкилот томонидан юқоридаги 5та талабнинг бажарилиши алдовнинг олдини олишга хизмат қилади.

Демак, ҳали битмаган уйга улуш киритмоқчи бўлган фуқаро қурувчи ташкилотга электрон рўйхатга кириш талабини қўйиши керак.

Қўшимча сифатида айтмоқчиманки, тайёр уйдан квартира олаётган фуқаролар уй-жой олди-сотди шартномаси тузади, ҳали қурилиши бошланмаган ёки битмаган уйдан квартира олмоқчи бўлганлар эса қурилишга улуш киритиш шартномасини тузишлари лозим.

Қурилиш вазирлиги бўлим бошлиғи Элёр Комилов 

Юқорида айтилганидек, электрон рўйхат Қурилиш вазирлигининг расмий сайтига (www.mc.uz) жойланган. Сайтнинг «Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш электрон платформаси» бўлимига кириб, саҳифанинг ўнг томонидаги «Реестрни қараб чиқиш» тугмасига босилса, электрон рўйхатга ўтилади (ҳавола).

Уй-жой қурилиши бу рўйхатга кирди дегани – қурувчи ташкилот юқорида айтилган 5та талабни бажарган дегани. Яъни рухсат берувчи ҳужжатлари бор, ноқонуний қурилиш эмас, назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтган ва бошқа жараёнлар амалга оширилган.

Айрим ташкилотлар томонидан президент қарорида белгиланган ушбу тартибга риоя қилинмаяпти. Қурилиш вазирининг буйруғи билан ҳудудларимизга биттадан одам бириктирилган. Улар бориб қурилишларни инвентаризация қилишади. Яъни мажмуага бориб, агар қурилишга аҳоли маблағи жалб этилаётгани кузатилса, уларга огоҳлантириш берилади. Яъни Қурилиш вазирлиги сайтидаги электрон рўйхатдан ўтиш кераклиги, йўқса қурилиш ноқонуний бўлиб қолиши ҳақида огоҳлантирилади.

Бунда айрим ташкилотлар қурилишни ўз маблағи ҳисобидан қураётганини рўкач қилади. Бу қарорда ҳам белгиланган, яъни қарор талаблари қурилишни аҳолидан маблағ жалб этмаган ҳолда ўз маблағидан қураётган инвесторларга тегишли эмас.

Фуқаролар янги қурилаётган квартира харид қилишда ўзларини қизиқтирган саволлар билан Қурилиш вазирлигининг +998712101104 телефон рақамига, шунингдек +998939060606 ёки +998916444144 рақамларидаги Telegram-аккаунтларига мурожаат қилишлари мумкин.

Аббос Салайдинов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Дониёр Ёқубов.

Мавзуга оид