Ўзбекистон | 12:17 / 20.06.2022
4073
3 дақиқада ўқилади

Конституцияда «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғоя мустаҳкамлаб қўйилади

Президентнинг Ўзбекистон конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви ўтказилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф этди

“Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир. 

Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилади. 

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир", деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

“Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди. Ижтимоий давлатда инсон қадри деганда, аввало, фуқарони яшаш учун зарур уй-жой билан таъминлашни тушунамиз. Бизнинг халқимиз учун уй-жой – бу Ватан ичра кичик ватандир. 

Инсоннинг дунёга келиши, шахс сифатида камол топиши, фарзандларни вояга етказиш, миллий урф-одат ва тарихий анъаналарни давом эттириш, тўйлар қилиш айнан уй-жойда амалга оширилади. Фарзанд туғилса, яхши ниятлар билан одамларимиз ҳовлисига кўчатлар экиб, шу уй, шу боғ кўп йиллар авлодларимга хизмат қилсин, деб эзгу ниятлар қилади.

Шу боис уй-жойли бўлиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз", деди президент.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид