Жамият | 14:35 / 02.04.2026
2337
4 дақиқада ўқилади

«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури амалга оширилади: 1 млн хонадон ўрганилади, 1,5 млн фуқарога ёрдам кўрсатилади

Дастур доирасида 2026 йил давомида турли йўналишдаги акциялар, 50 мингдан ортиқ тадбиркорни жараёнга жалб қилиш ҳамда 1,5 миллиондан зиёд фуқарога турли кўринишдаги кўмак бериш режалаштирилган. Энг муҳими президентимиз томонидан амалга ошрилаётган ислоҳотлар ҳар бир хонадонга етказилади.

«Халқ билан бирга» умуммиллий дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди ва унга расмий старт берилди. Лойиҳа тақдимотида партия Сиёсий кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, ёшлар, хотин-қизлар, жамоатчилик фаоллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус ижтимоий йўналтирилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, камбағалликка қарши курашиш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон қадрини улуғлаш тамойилларини амалиётга кенг жорий этишни назарда тутади.

Дастур учун алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2026 йил давомида 10 та устувор йўналиш бўйича турли йўналишдаги акциялар ўтказилади. Шунингдек, дастурга 50 мингдан ортиқ тадбиркор жалб этилиши, 1,5 миллиондан зиёд фуқаро турли кўринишдаги ёрдам билан қамраб олиниши режалаштирилган.

Уйма-уй ўрганиш механизми жорий этилади

Лойиҳа доирасида аҳоли билан ишлашнинг янги тизимли механизмлари йўлга қўйилади. Жумладан, «Юракка йўл» акцияси орқали уйма-уй юриб, 1 миллиондан ортиқ хонадоннинг ҳолати ўрганилади.

Жараёнда партия фаоллари, депутатлар, тадбиркорлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, эҳтиёжманд оилалар аниқланади ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ҳудудларда 10 дан ортиқ мобил штаб фаолияти ишга туширилиб, улар томонидан республика бўйлаб 200 дан ортиқ сайёр қабуллар ташкил этилади. Ушбу қабулларда фуқароларнинг мурожаатлари тингланади, муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўриш, зарур ҳолларда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Маҳалла билан ҳамкорлик кучайтирилади

«Маҳалла еттилиги» ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш вазифаси ҳам дастурдан ўрин олган. Ҳудудларда 50 та давра суҳбати, 100 дан ортиқ муҳокамалар, 50 та очиқ мулоқот, 10 та конференция ҳамда 25 та йирик акция ташкил этилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Telegram-бот орқали онлайн сўровномалар, «Депутат билан очиқ суҳбат» онлайн платформаcи ҳамда «Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим» каби интерактив лойиҳалар ишга туширилади.

 

Ижтимоий акциялар ўтказилади

Дастур доирасида кам таъминланган оилаларни озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш, тиббий кўриклар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда касбга ўқитиш каби манзилли ёрдам чоралари амалга оширилади.

«Бир оила – бир ҳомий», «Яхшилик марафони», «Фаровон оила», «Инсон қадри улуғланган юрт», «Кексаларга меҳр», «Умид», «Бир кунда – 1000 китоб», «Саломатлик сари» каби қатор ижтимоий акциялар йўлга қўйилади.

 

Дастур ижроси назоратга олинади

Лойиҳа ижросини таъминлашда жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳудудларда ўтказиладиган ўрганишлар натижасида жамоат эшитувлари ташкил этиш, депутатлик сўровлари юбориш ва қонунчилик ташаббусларини илгари суриш орқали тизимли муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилиши таъкидланди.

Якунда «Халқ билан бирга» умуммиллий дастурига расмий старт берилди. Ҳудудлар кесимида аниқ вазифалар белгиланди, масъуллар бириктирилди ва дастур ижросини таъминлашга қаратилган йўл харитаси тасдиқланди.

 
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш