20:57 / 29.09.2023
7255

Ўзбекистон президенти биринчи «Марказий Осиё – Германия» саммитида иштирок этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 сентябр куни Берлин шаҳрида Германия федератив республикаси федерал канцлери Олаф Шолц раислигида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий ва маданий-ҳуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, «яшил» энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда барқарор ва изчил минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари «Марказий Осиё - Германия» формати очиқ мулоқот ҳамда минтақа мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун самарали майдонга айланганини таъкидлади.

Мирзиёев Марказий Осиёда бугунги минтақавий ҳамкорлик даражасига юксак баҳо бериб, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсатини оғишмай амалга ошираётганини қайд этди.

Минтақа мамлакатларига мустақилликнинг илк кунлариданоқ амалий кўмак кўрсатишда Германия муҳим ўрин тутиб келаётган юқори баҳоланди.

Бугун мамлакат муҳим трансформация босқичида тургани, Янги Ўзбекистон – инсон манфаатлари олий қадрият бўлган демократик давлатни барпо этиш йўлидан бораётгани таъкидланди. Мамлакатни 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия қабул қилингани ва ундаги юксак мақсадлар халқаро ҳамкорларнинг салоҳиятини жалб қилиш орқали амалга оширилиши қайд этилди.

Узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Булар – инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, «яшил» кун тартибини илгари суриш, Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш, Афғонистон аҳолисига ҳуманитар ёрдам кўрсатиш.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифини қўллаб-қувватлади.

Top