13:50 / 21.06.2018
74400

Ўқитувчини мажбурлаб ишлатишга «хумори қўзийдиган» раҳбарларга чора кўрилади, мактаблар ҳокимликка бўйсунмайди — Президент топшириғи

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида халқ таълими тизими муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Халқ таълими вазирлигининг янгиланган раҳбарияти - янги вазир Шерзод Шерматов ва унинг ўринбосарлари ҳам иштирок этган.

Абдулла Арипов ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга «хумори тутадиган» раҳбарлар ҳақида гапирди.

«Бизда йиллар давомида халқ таълими тизими ходимлари маҳаллий ҳокимликларнинг дастёрларига айланиб қолди. Қаерда нима иш бўлса, мактабни чиқаришди, поликлиникани чиқаришди. Натижада буларнинг ҳаммаси таълим сифатига, соғлиқни сақлаш соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Шунинг учун президентимиз мажбурий меҳнатни бекор қилиш бўйича бир нечта қарорлар қабул қилди. Бундан кейин маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарлар ижтимоий соҳа ходимларини мажбурлаб ишга чиқарадиган бўлса, улар нафақат ишдан олинади, балки тегишли чора кўрилади.

Президентимиз ўқитувчиларнинг обрўсини баланд кўтаришга топшириқ берди. Айрим раҳбарларнинг миясига ўқитувчиларни мажбурлаб жамоат ишларига жалб этиш фикри ўрнашиб қолган. «Хумори» қўзийди. «Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас», дейдилар. Ўшанақа «хумори тутганлар»нинг хуморини энди бошқача йўқ қиламиз, керак бўлса, шифокорлар тили билан айтганда «хумор»ни жарроҳлик аралашуви ёрдамида бартараф этишимиз керак.

Эндиликда бундай ҳолатларга бутунлай чек қўйилади ва бундай қилмишни содир этган шахслар жиноий жавобгарликкача тортилади.

Ўқитувчи – жамиятдаги энг обрўли касб эгаси бўлиши даркор. Бунинг учун барча чоралар кўрилади. Зеро, жаҳондаги энг ривожланган давлатлардан ҳисобланган Япония, Сингапурда айнан шундай ёндошув туфайли улар жадал тараққий этган.

Бу ишларда бизга ОАВ ва жамоатчилик ёрдам бериши, жойлардаги ҳолатларни бизга етказиб туриши керак бўлади. Бу юртбошимизнинг шахсий назоратида бўладиган ишлардан бири бўлади», деган бош вазирнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» манбаси.

Бош вазир бундан буён мактаблар маҳаллий ёки ҳудудий ҳокимликларга эмас, тўғридан-тўғри Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини маълум қилган.

«Президент алоҳида топшириқ берди. Бундан буён мактаблар ҳокимиятларга эмас, Халқ таълими вазирлигига бўйсунади. Ушбу масалани жойлардаги барча ҳокимлар тушуниб олиши керак. Энди ҳокимлар ҳудудлардаги халқ таълими ходимлари ёки раҳбарларини турли мажлисларга чақириши ман этилади. Шу билан биргаликда, мактабларни электр билан таъминлаш, қишки тайёргарлик масалалари, мактабларга олиб борувчи йўллар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳокимликлар масъул бўлади», — деган Абдулла Арипов. 

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён ҳудудлардаги мактаблар амалда тўғридан-тўғри Халқ таълими бошқармаларига эмас, ҳокимликларга бўйсуниб келган. Бунинг оқибатида ҳокимликлар мактаблар ўқитувчилари ва ходимлари, шунингдек, ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиб келган. 

Шу йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси Диана Енекеева кўча тозалашга мажбуран олиб чиқилганда юк машинаси уриб кетиши оқибатида ҳаётдан кўз юмгач, мавжуд ҳолатга ижтимоий норозилик кайфияти кучайди.

17 апрель куни бош вазир Абдулла Арипов жойларда мажбурий меҳнат ҳолатлари олдини олишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказди ва таълим ҳамда тиббиёт соҳаси ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этган амалдорларга огоҳлантириш берди. Хусусан, у собиқ Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовни ўқитувчиларини ҳимоя қила олмагани учун қаттиқ танқид қилди.

Эндиликда ҳукумат топшириғи бўлмагунича, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ҳокимиятлар қарамоғида қолмоқда.

Top