Жаҳон | 11:05 / 10.11.2023
8790
2 дақиқада ўқилади

Ҳисобот: «ГРУ» Украинада киберҳужумларнинг янги усулларидан фойдаланяпти

Mandiant тадқиқотида айтилишича, россиялик ҳакерлар бир неча ой давомида Украина электр тармоқларини ўрганган ва янги усуллар ёрдамида нимстанциядаги автоматик ўчиргичларини ўчириб қўйган.

Фото: AP

Россия ҳарбий разведкасининг («ГРУ») 74455-ҳарбий қисмидан бўлган Sandworm ҳакерлар гуруҳи Украинадаги электр станцияларини ўчиришнинг янги усулларидан фойдаланган. Бу ҳақда Американинг киберхавфсизликка ихтисослашган Mandiant компаниясининг 9 ноябр, пайшанба куни чоп этилган тадқиқотида айтилади.

Mandiant 2022 йил 10 ва 12 октябр кунлари Украинадаги муҳим инфратузилмага қилинган ҳужумларни ўрганиб чиқди ва улар бир неча босқичда амалга оширилганини аниқлади. Биринчидан, ҳакерлар компютер тизимига кириб, бир неча ой давомида уни ўрганган. 10 октябр куни улар нимстанциядаги автоматик ўчиргичларни масофадан туриб ўчиришга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Россия қўшинлари Украинадаги муҳим инфратузилмага йирик ракета ҳужумларини уюштирган, дейилади тадқиқотда.

Икки кундан сўнг, иккинчи босқич бошланган, унда компютер тизимига максимал даражада зарар етказиши ва маълумотларни қайта тиклашни имконсиз қилиши мумкин бўлган Caddywiper вирусининг янги варианти ишлатилди. Ушбу Sandworm ҳужумларини аввалгилари билан солиштиргандан сўнг, мутахассислар уларда янги компонентларни топди. Бу Россиянинг операцион тизимларга йўналтирилган киберимкониятларга сармоя киритишда давом этаётганини кўрсатади, дейилади тадқиқотда.

Аввалроқ Россия махсус хизматлари ҳакерлари дунё бўйлаб сиёсий, молиявий ва спорт инфратузилмаларига ҳужум қилишда бир неча бор айбланганди. Шу тариқа, АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, «ГРУ» зобитлари 2017 йилда бўлиб ўтган Франция президенти сайловларига ва 2018 йилда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинларини ташкиллаштиришга аралашишга қаратилган киберҳужумларда иштирок этган. Россиялик ҳакерлар 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашишда ҳам айбланган.

Мавзуга оид