Унинг айрим даъволари биринчи марта янграётгани йўқ — шунга қарамай, бу сафар Трампнинг сўзларига анча кескин оҳангларда реакция билдирилди.

АҚШнинг сайланган президенти Украинадаги уруш мавзусида ҳам гапирди ва бу сўзлар амалдаги президент Жо Байден ҳамда Евроиттифоқ раҳбарлари айтаётган гаплардан тубдан фарқ қилади.

Канада: «Имкони йўқ»

6 январ куни, инаугурациясига ҳали икки ҳафта вақт борлигида, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида, ўзининг фикрича, кўплаб канадаликлар уларнинг мамлакати Американинг 51-штати бўлишини исташи ҳақида ёзди. «Қўшма Штатлар энди Канада барқарор туриши учун керак бўлган улкан савдо дефицитлари ва субсидияларга тоқат қилмайди. Жастин Трюдо буни англади ва истеъфога чиқди», — дея ёзган у.

Трампнинг бу пости канадаликлар бош вазири ўз лавозимини тарк этишини маълум қилиши ортидан пайдо бўлди.

Шундан кейин у Флоридадаги матбуот анжуманида ҳам Канада мавзусида гапирди.

«Канада ва АҚШ — ҳақиқатан ҳам бундан нимадир чиқарди. Сиз бу сунъий чизилган чегарадан халос бўласиз ва бу қандай кўринишини кузатасиз. Бу миллий хавфсизлик учун ҳам анча яхши бўларди. Унутманг, биз амалда Канадани ҳимоя қиламиз. Лекин муаммо мана шунда. У ерда дўстларим жуда кўп, Канада халқини яхши кўраман, улар ажойиб одамлар. Лекин биз уларни ҳимоя қилиш учун йилига юзлаб миллиардлаб маблағ сарфлаймиз. Биз Канадага ғамхўрлик қилиш учун йилига юзлаб миллиард сарфлаймиз. Савдо дефицити туфайли биз йўқотяпмиз… Улар [АҚШ] штатига айланиши керак».

Трамп Канадага қарши ҳарбий куч ишлатишга тайёрми, деган саволга шундай жавоб берди: «Йўқ, иқтисодий куч».

Трамп Канададан кирадиган маҳсулотлар учун 25 фоизлик тарифлар жорий қилмоқчилиги ва давлат раҳбари лавозимига киришган илк кунидаёқ шундай фармонини имзолашини билдирган.

8 январ куни Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Канада АҚШ таркибида акс эттирилган иккита харитани эълон қилди.

Ҳозирча Канада бош вазири бўлиб турган Трюдо Канада АҚШнинг бир қисмига айланиши имконияти «дўзахда қор ёғиши» имконияти билан тенглиги (оригинали: not a snowball's chance in hell)ни айтиб, икки мамлакат аввалдан савдо ҳамда ўзаро хавфсизликни таъминлаш соҳасида энг катта ҳамкорлар ҳисобланишини қўшимча қилган.