Жамият | 12:10 / 20.12.2025
11945
2 дақиқада ўқилади

Яшнободда Lacetti қарама-қарши йўлакка чиқиб кетиб Nexia-3 билан тўқнашди

Пойтахтнинг Яшнобод туманида рул бошқарувини йўқотган Lacetti ҳайдовчиси йўлнинг қарши тарафига ўтиб кетди. Nexia-3 билан бўлган тўқнашувда йўловчи вафот этди, ҳар икки ҳайдовчи жароҳатланди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкентнинг Яшнобод тумани Маҳтумқули кўчасида 20 декабр куни икки автомобил тўқнашиши оқибатида бир киши вафот этди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳри ЙҲХБ.

Соат 03:45 ларда 2004 йилда туғилган Ж.Й. Lacetti автомашинасини бошқариб кетаётиб, руль бошқарувини йўқотган ва қарама-қарши томонга ўтиб кетган. Нариги йўлда 1977 йилда туғилган С.А. бошқарувидаги Nexia-3 билан тўқнашув содир бўлган.

ЙТҲ оқибатида Nexia-3 йўловчиси вафот этди, тарқалган суратларда машина ҳам жиддий шикастланганини кўриш мумкин. Ҳайдовчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш; ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Бу ҳолатда айбланувчи муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид