16:18 / 01.12.2018
13407

Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида ўқиш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар академик лицейнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш;

умумий мусиқа бўйича билимларнинг бошланғич асосларини ўргатиш ҳамда дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида етук кадрларни тайёрлаш;

ўқувчиларнинг маънавий ва эстетик ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш;

ўқувчиларнинг истеъдодини ва маданий савиясини ҳар томонлама юксалтириш;

миллий ва жаҳон мусиқасининг юксак намуналаридан ва ўзбек халқининг мумтоз мусиқа мероси дурдоналаридан ўқувчиларнинг баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар яратиш.

Белгиланишича:

а) академик лицейда:

“Дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги” таълим йўналиши бўйича таълим берилади;

мусиқа таълими ва ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида истисно тариқасида, мавжуд умумий ўрта таълим синфлари сақлаб қолинади;

ўқитиш умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таьлим стандартларининг ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;

ҳар йилги қабул квотаси умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-синфини битирган 78 нафар ўқувчини ташкил этади;

б) академик лицей фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, молиялаштириш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

в) ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини оширишга методик ёрдам кўрсатиш, дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар, мультимедиа иловалари, синф журналлари, ўқувчиларнинг рейтинг дафтарчалари ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлаш, шунингдек, педагог кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади;

г) академик лицейни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига ўқувчиларни танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, номзодларнинг (мактаб 4-синфи битирувчиларининг) ҳужжатлари 1-20 июнь кунлари қабул қилинади.

Қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: ота-онанинг аризаси; ота-она томонидан тўлдирилган сўровнома; туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси; 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома; номзоднинг тиббий дафтарчаси; 6 дона 3х4 смли рангли фотосурат; баҳолар табелининг нусхаси; ота-онанинг паспортлари нусхалари.

Кириш имтиҳонлари она тили (диктант), математика (назорат иши), ўқиш, психологик синов (тест), ижодий имтиҳон (мусиқа) доирасида 100 баллик тизимда 20-30 июнь кунлари ўтказилади.

Шунингдек, низомга кўра ўқувчи қуйидаги сабабларга кўра ўқишдан четлатилади: соғлиғи туфайли; ўқувчининг ота-онаси ташаббусига кўра; фанларни ўзлаштирмаслик, биринчи ёки иккинчи ярим йилликда (76 соат) узрли сабабларсиз дарсда қатнашмаслик; ички тартиб қоидаларини қўпол бузиш.

Top