Жамият | 20:28 / 09.09.2019
42043
8 дақиқада ўқилади

Кўринмас офат ҳушёрликни талаб қилади – Шовот туманидаги маҳалла аҳолиси термитлардан азият чекмоқда

Термитлар – чумолига ўхшаш майда, яширин ҳаёт кечирувчи, кўзга кўринмас, зараркунанда ҳашаротлар, ёғоч материаллар, китоблар, қоғозларнинг кушандаси, дунё иқтисодиётига ҳар йили миллиардлаб доллар зарар етказувчи кўринмас армия. Инсоният термитлар билан узоқ йиллардан бери курашиб келмоқда. Бироқ, ташаббус гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўтса-да, бу жангнинг якуни кўринмаяпти. Термитлар Ўзбекистонда ҳам бор ва бугунги мақоламизда улар билан боғлиқ муаммони баён қиламиз.

Хоразм вилояти, Шовот тумани марказидаги «Истиқбол» маҳалласи аҳолиси термитлардан азият чекаётгани ҳақида Kun.uz таҳририятига шикоят қилишди.

Маҳалла ҳудудига яқин бўлган «Араб бобо» қабристонидан кўчиб ўтаётган зарарли ҳашаротлар 10 йилдан буён уй-жойларга, қурилмаларга зарар етказмоқда. Одамлар имкон даражасида уларга қарши курашиб келмоқда ва бу борада маҳаллий ҳокимиятдан ёрдам кутмоқда.

Термитлар ёки «оқ чумолилар» ёғоч таркибида бўлган целлюлоза билан озиқланувчи, ер остида, уйларнинг деворлари ичида яширин ҳаёт кечирувчи ҳашаротлардир. Улар бинолардаги ёғоч устунлар ва тўсинларни ичидан еб битиради. Шу туфайли улар ташқаридан гўё зарарланмагандек кўринади, аммо ичидан ғовак ҳолатга келиб қолади. Бу эса томлар қулаб тушишига, поллар ўпирилиб кетишига олиб келади. Термитлар ҳар қандай уй ёки қурилмани яроқсиз ҳолатга келтиришга, вайронага айлантириб қўйишга қодир. Улар очиқ ҳавога чиқмайди, лой ва тезагидан уй, йўлак қуриб олиб, унинг ичида яшайди ва ҳаракатланади. Термитлар шуниси билан хавфлидир. Яширин тарздаги ҳаёт уларнинг ўз вақтида аниқланишига тўсқинлик қилади.

«Истиқбол» маҳалласи аҳолиси 2009 йилдан бошлаб термитлар билан боғлиқ муаммога дуч келганини ва буни сув танқислиги билан боғлиқ эканини айтмоқда. Маҳалла ҳудудига сув етказиб берадиган ариқ бир неча фермер хўжаликлари ҳудудидан ўтади. Табиийки, маҳалла аҳолиси томорқа ерларини фермерлардан сув ортиб қолган пайтда суғоради. 2009 йилда юз берган қурғоқчилик натижасида маҳалладаги томорқалар суғорилмай қолган ва тупроқ намлиги камайган. Маҳаллага жуда яқин бўлган «Араб бобо» қабристонидаги ёғоч материалларни еб битирган термитлар эса бундан фойдаланиб, ер остидан яқин атрофдаги уйларга кўчиб ўтган.  

Термитлардан энг кўп зарарланган уй Ўктам Бобожонов оиласига тегишли. 2013 йилда термитлар уйнинг учта хонаси шифтидаги ва полидаги ёғочларини еб битирган. Шундан сўнг, авария ҳолатига келиб қолган уйнинг бир қисмидаги ёғоч устунлар, тўсинлар, поллар олиб ташланган ва ёқиб юборилган. Шовот тумани ҳокимлиги оилага янги уй қуришда ёрдамлашиш мақсадида, баъзи қурилиш материалларини етказиб берган бўлса-да, ҳозирча Бобожоновлар оиласи авария ҳолатидаги уйда яшаб келмоқда.

Ҳозирги кунда «Истиқбол» маҳалласида термитлардан зарарланган 14та уй борлиги аниқланган. Уларнинг орасида Галия Ишчанова ва Бахтиёр Абдиев хонадонлари ҳам бор. Уларни кўздан кечириб, термитларнинг излари борлигига гувоҳ бўлдик.

Агар термитлар бинога кириб олгани аниқланса, уларга қарши фақат инсектицидлар, заҳарли кимёвий воситалар билан курашишга тўғри келади. «Истиқбол» маҳалласи аҳолиси 2015 йилдан бери Хоразм вилояти Дезинфекция станцияси билан ҳамкорликда уй-жойларига кимёвий ишлов бериб келмоқда.

Қайд қилиш жоизки, уй-жойларни дезинфекция қилиш мураккаб ва ноқулай жараёндир. Дастлаб уйдаги барча буюмлар ва жиҳозлар ташқарига олиб чиқилади. Ойна ва эшиклар зич ёпилади, мўрилар ва бошқа тешиклар беркитилади. Шундан сўнг заҳарли кимёвий восита билан ишлов берилади. Бу уйга камида уч кун давомида кириш тақиқланади. Одамлар бу вақт давомида уйдан ташқарида яшашга мажбур бўлади. Уч кундан кейин барча ойна ва эшиклар очилиб, хоналар шамоллатилади. Шундан кейин буюмлар ва жиҳозлар уйга олиб кирилади. Бундай тажрибани бошидан ўтказган аҳоли кимёвий воситаларнинг бадбўй ҳиди бир неча кунгача тарқалмай туриши, бу эса соғлиқ учун ҳам зарарли эканини айтмоқда. Шу тарзда уйлар йилига 1-2 марта дезинфекция қилинмоқда.

Шовот тумани ҳокимлигининг 2016-2018 йиллар давомида Ободонлаштириш бошқармаси, Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази, Хоразм вилояти Дезинфекция станция билан ҳамкорликда термитлардан зарарланган қабристон ва уйларга кимёвий ишлов бериш учун турли препаратлар олиб берилгани, маҳаллага ариқ қазилиб, оқар сув билан таъминлангани ҳақидаги маълумотномалар бор.

Бироқ 2019 йилда бу ишлар амалга оширилмаган. Термитларнинг кўпайиш ва миграция қилиш даври бўлган апрель ойида маҳалла аҳолиси ўз кучи ва маблағига таянган ҳолда, ҳашар йўли билан ҳар куни «Араб бобо» қабристонида термитларнинг уяларига кимёвий ишлов бериш, дорилаш билан шуғулланишган.

Ҳозирги вақтда «Араб бобо» қабристонидаги термитлар камайгани кузатилмоқда. Бироқ, бу хотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Чунки ер остида яшайдиган ҳашаротлар маълум вақт ўтгач яна юзага чиқмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Уларни уруғи билан қириб битиришнинг йўли ҳозиргача маълум эмас.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Зоология институти маълумотига кўра, термитларнинг фаол ҳаракати об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлиб, ҳарорат 20 даражадан юқори бўлганда улар билан курашиш етарли самара бермайди. Шунинг учун ҳам уларга қарши март ойининг сўнгги ҳафталари, апрель ва октябрь ойларида, яъни миграция (кўчиб юриш) фаоллиги ошганида курашиш шарт.

«Истиқбол» маҳалласи аҳолиси термитларга қарши курашда ёрдамга муҳтож. Одамлар ўз уйларига кимёвий ишлов бериш харажатларини баҳоли қудрат кўтаришяпти. Аммо «Араб бобо» қабристони мунтазам назорат остига олинишини исташмоқда. Жуда катта ҳудудга эга қабристонга кимёвий ишлов бериш учун катта молиявий маблағ, ишчи кучи ва вақт талаб қилинади. Бу эса маҳалла аҳолисининг елкасига оғирлик қилмоқда.

«Араб бобо» қабристонидан 100 метр узоқликдан темир йўл ўтган, 200 метр узоқликда эса катта ун комбинати ишлаб турганига эътибор қаратилишини истар эдик. Термитлар бу ҳудудларга етиб олмаслигига, темир йўлнинг ёғоч шпалларини, ун комбинати омборлари, цехларидаги материаллар, маҳсулотларни еб битирмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бундай ҳолатда иқтисодий ва ижтимоий зарар қандай кўламда бўлишини тасаввур қилиш қийин.

Термитлар уяларининг ўчоғи бўлмиш «Араб бобо» қабристони доимий назоратга олиниши, яқинлашиб келаётган октябрь ойида эса уларнинг уяларига фаол кимёвий ишлов берилиши лозим. Бу ишни йилда икки марта – апрель ва октябрь ойларидан мунтазам амалга оширишни муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйиш керак. Бу билан ҳам термитлар уруғининг тўлиқ қириб битирилишига кафолат йўқ, аммо кўпайиб, тарқалиб кетишининг олдини олиш мумкин.

Маҳалла ҳудудини ариқдан оқар сув билан ҳам яхши таъминлаш зарур. Агар ерлар суғорилса, тупроқ намлиги сақланиб турилса, термитлар ер остидан миграция қилолмайди. Бундан ташқари, одамларнинг томорқасида экин унади, иқтисоди яхшиланади.

Албатта ер остида яшаётган, кўздан йироқ бўлган термитларга қарши курашиш учун сарфланаётган катта маблағлар худди ҳавога совурилгандек кўриниши мумкин. Аммо кўзга кўринмас бу армиянинг имкониятларига беписандлик билан қараш, етарли тарзда баҳо бермаслик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Тарихда термитлар туфайли бутун бошли маҳаллалар бошқа ҳудудларга кўчириб юборилган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Нурмуҳаммад Саид