Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инсон илк бор марафон масофасини икки соатдан камроқ вақтда босиб ўтди
Кениялик Себастян Саве тарихий рекорд ўрнатди. Лондон марафонида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган марафончилар ҳам жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди.
Фото: Alex Davidson/Getty Images
Кениялик марафончи Себастян Саве тарихда биринчи бўлиб марафон масофасини (42,195 км) икки соатдан кам вақтда босиб ўтган атлетга айланди. У Лондон марафонида 1 соат 59 дақиқа 30 сония натижа қайд этди.
Маррага иккинчи бўлиб эфиопиялик Йомиф Кежелча (1:59.41) етиб келди, 2020 йилги Олимпия ўйинлари совриндори, угандалик марафончи Жейкоб Киплимо эса 2:00.28 натижа билан учинчи ўринни эгаллади.
Бундан аввалги жаҳон рекорди 2023 йил октябрида ўрнатилганди. Ўшанда кениялик марафончи Келвин Киптум Чикаго марафонида масофани 2 соат 35 сонияда босиб ўтганди.
Шу тариқа, Лондон марафонининг учала совриндори ҳам Киптумнинг натижасини ортда қолдирди.
Саве ўз ватандоши Элиуд Кипчоге олти йил аввал кўрсатган норасмий натижани ҳам ортда қолдирди. Ўшанда Кипчоге Венада кўплаб пейсмейкерлар (ёрдамчи атлетлар) ва машиналар ҳамроҳлигида, деярли идеал шароитларда югурганди. У 1:59.41 натижа қайд этган, аммо World Athletics буни расмий рекорд сифатида тан олмаган.
Саве 2024 йилги Валенсия марафонида 2:02.05 натижа билан шахсий рекордини ўрнатганди. Аммо ўтган йилги Лондон марафонида ғалаба қозонган бўлса-да, шахсий рекордини янгилай олмаганди (2:02.27), сентябрда бўлиб ўтган Берлин марафонида эса 2:02.16 натижа билан ғолиб бўлганди.