Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамоқда 24 йил жазо ўтаб чиққан Самандар Қўқонов оқланмади. У назорат тартибида шикоят бермоқчи
10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 24 йил қамоқда жазо ўтаган собиқ сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг реабилитация қилишни сўраб ёзган аризасини қаноатлантирмади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
- Самандар Қўқонов 1945 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган, Ўзбекистон Республикаси халқ депутати бўлган, «Тоштранснефтмаҳсулот» УК директори лавозимида ишлаган.
Самандар Қўқонов Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукмига кўра, 1959 йил таҳриридаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2019 йил 22 апрель куни С. Қўқонов Ўзбекистон Республикаси Олий судига оқлашни сўраб кассация тартибида шикоят келтирган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати мазкур ишни 2019 йил 12 июнь куни кўриб чиқишни бошлаган.
10 июль куни Самандар Қўқоновнинг иши Олий судда кўриб чиқилиб ўз якунига етди. Дастлаб Самандар Қўқоновнинг ҳимоячиси Ҳамроқул Асқаров нутқ қилди.
«Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлиши билан турли инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар уни озод этишни сўраб мурожаат этишган. БМТ уни биринчи сиёсий маҳбус сифатида эълон қилса-да озод этилмаган. У 24 йил умрини оғир тартибли колонияларда ўтказганидан сўнг ҳам унга 3 йил-у 5 кун қўшиб беришди. Фақатгина Шавкат Мирзиёев томонидан озодликка чиқарилган. БМТ Низоми ва Конституциямиз муқаддимасида қайд этилган халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган адолатли устунлигига қатъий амал қилиб адолатли якунлашни сўраймиз!» дея ҳимоячи сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Судда Самандар Қўқоновнинг ўзига ҳам сўз берилди.
«Мен жиноятчи бўлмаганман. Шу сабабли ҳам 24 йил сабр қила олдим. Бир кун чиқишимга ишонардим. Ўлим зиндонларига ташлашди. 24 йил бу 24 кун дегани эмас. Бу орада онам, ака-укаларим ўтиб кетишди. Адолат қарор топишига ишонаман», деган у.
Шундан сўнг, суд ҳайъати раиси прокурорга сўз берди ва прокурор реабилитацияни рад этишни сўради.
Суд ҳайъати маслаҳатга кириб чиққанидан сўнг, суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукми ўзгартирилди.
Ушбу ажримга кўра Самандар Қўқоновнинг айбловидан бир неча моддалар чиқарилди, бошқа моддалар билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди, қолган моддалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (1994 йил таҳрирдаги) мувофиқ қайта квалификация қилинди. Самандар Қўқоновга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Самандар Қўқонов жазони тўлиқ ўтагани инобатга олинди.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.
Суд процесси тугаганидан сўнг, собиқ сиёсий маҳкумга суд қарорига муносабат сўралди.
«Мен суд ажримидан норозиман. Мен жиноятчи эмасман. Албатта, назорат шикоятини бераман. Лекин бу қарор чиқишидан ҳайрон бўлмадим», дея жавоб берган у Kun.uz мухбири саволига.