Жаҳон | 19:53 / 23.04.2026
3083
12 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш: Трамп «яхши янгиликлар» ваъда қилмоқда, Эрон бўғоздаги кемаларга ҳужум қилмоқда

АҚШ президенти ҳафта охиригача Эрон билан музокараларнинг иккинчи босқичи бўйича «яхши янгиликлар» пайдо бўлиши мумкинлигини айтди. Ҳозирча музокаралар давом эттирилиши ҳақида аниқ хабар йўқ.

Фото: Bloomberg via Getty Images

Бир кун олдин Трамп Эрон билан вақтинчалик сулҳ муддати тинчлик музокаралари якунлангунга қадар узайтирилганини маълум қилганди. Аммо эронлик музокарачилар бу қадамни Америка маъмуриятининг янги зарбага тайёргарлик кўриш учун вақтдан ютиш йўлидаги ҳийласи сифатида кўрмоқда.

Чоршанба куни Исломободдаги манбалар Покистоннинг музокараларни тиклашга қаратилган ҳаракатларида ижобий динамика борлигини айтишди.

Уларнинг сўзларига кўра, музокаралар яқин «36–72 соат ичида» тикланиши мумкин.

New York Post нашрининг дипломатик ютуққа эришиш имкониятлари қандай экани ҳақидаги саволига Трамп матнли кўринишда жавоб қайтарган: «Бунинг имкони бор! Президент Трамп».

Сешанба куни Америка етакчиси «Эроннинг пароканда раҳбарияти» томонидан кейинги қадамлар бўйича «ягона таклиф» тақдим этилмагунча Теҳрон билан сулҳ муддатини узайтиришини маълум қилганди.

«Мен ҳарбийларимизга блокадани давом эттиришни ҳамда бошқа барча жиҳатлардан шай ҳолатда бўлиш ва жанговар қобилиятни сақлаб қолишни буюрдим. Шундан келиб чиқиб, уларнинг таклифи тақдим этилгунга ва музокаралар у ёки бу томонга ҳал бўлиб якунлангунга қадар ўт очишни тўхтатиш режимини узайтираман», – деб ёзганди у Truth Social ижтимоий тармоғида.

Чоршанба куни Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт узайтирилган сулҳ муддати уч-беш кун билан чекланиши ҳақидаги хабарлар «ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Доналд Трамп ҳеч қандай муддат белгиламаган, «у амалда Эрон нефти экспортини тўхтатиб қўйган денгиз қамали»дан мамнун экани ва «Эрон жуда заиф позицияда қолганини тушуниб тургани»ни айтган.

У АҚШнинг иқтисодий босими сулҳ шароитида ҳам давом этишини қўшимча қилган.

Теҳрондаги кайфият

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Эрон портлари АҚШ томонидан қамал қилиниши, Трампнинг таҳдидлари ҳамда у «мажбуриятларни бузиш» деб атаган бошқа нарсалар Вашингтон билан «ҳақиқий музокаралар» учун асосий тўсиқлар ҳисобланишини айтди.

У X ижтимоий тармоғида Эрон «мулоқот ва келишувни олқишлагани ҳамда буни давом эттираётгани»ни қайд этган.

Америка томонига мурожаат қиларкан, Пизишкиён «бутун дунё АҚШнинг иккиюзламачи риторикаси ҳамда баёнотлар ва амалдаги ҳаракатлар ўртасидаги зиддиятни кўриб тургани»ни айтган.

Аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий Теҳрон Покистоннинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларига жавобан «сиёсий майдондаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани»ни айтган эди.

IRNA давлат агентлиги хабарига кўра, Бақоий Эрон «мамлакатнинг миллий манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун зарур ва тегишли чораларни кўриши»ни таъкидлаган.

Шу билан бирга, кўплаб экспертлар Теҳрон ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши бўйича ҳар қандай имкониятдан фойдаланиши ва яна музокаралар столига ўтиришини таъкидлаган.

Бутун дунё бўйлаб эронликлар Эронда бегуноҳ одамлар қатл этилишини тўхтатиш талаби билан норозилик намойишларига чиқмоқда. Фото: Getty Images

BBC форс хизмати мухбири Жияр Голнинг Исломободдан хабар беришича, Эрон ҳукумати иқтисодий босим ва цензура давом этаётгани фонида норозилик намойишларининг янги тўлқини бошланишидан хавфсирамоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги ҳафталарда мамлакатда камида 14 киши қатл этилгани, намойиш иштирокчиларига нисбатан ўлим ҳукмлари ортиб бораётганини қайд этишган – намойишчиларнинг айримлари Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланмоқда.

Бу қатллар – режим янги қўзғолондан қаттиқ қўрқаётганининг яққол белгиси, деб ҳисоблайди Гол.

Ҳарбийлашган «Басиж» тузилмаси қўмондонлари давлат телевиденияси орқали чиқиш қилиб, ўзгача фикрлилар шафқатсизлик билан бостирилиши, ҳозирги душманлар – АҚШ ва Исроил билан кураш давом этиши ҳақида айтишмоқда.

Чоршанба куни кечқурун Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Теҳрондагилар ўлим жазосига ҳукм этилган саккиз нафар аёлни афв этишга қарор қилгани ҳақида ёзди.

«Ажойиб янгилик! Ҳозиргина менга бугун Эронда қатл этилиши керак бўлган саккиз нафар аёл қатл этилмайдиган бўлганини хабар қилишди. Улардан тўрт нафари зудлик билан озод этилади, яна тўрт нафари бир ой муддатдан қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Мен Эрон ва унинг раҳбариятидан менинг АҚШ президенти сифатида қилган илтимосимни инобатга олиб, режалаштирилган қатлларни бекор қилгани учун жуда миннатдорман», – дея ёзган у.

Ҳўрмуз бўғозидаги ҳужумлар

Панаманинг MSC Francesca номли лайнери
AGUSTIN ALAPONT VIA MARINE TRAFFIC

Эрон нашрлари ёзишича, 22 апрел куни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари Ҳўрмуз бўғозида учта юк кемасига ҳужум қилган.

Буюк Британиянинг Денгиз савдо ташувларини мувофиқлаштириш маркази (UKMTO) маълумотига кўра, корпус катери дастлаб Греция компаниясига тегишли бўлган Epaminondas номли контейнеровозни ўққа тутган. Ҳодиса Ўмон соҳилларидан шимоли-шарқда, 15 денгиз миляси масофада, Ҳўрмуз бўғози ҳудудида рўй бериб, кемага жиддий шикаст етган.

Панама байроғи остида сузган ва БААга тегишли бўлган Euphoria кемаси ҳам Эрон соҳилларидан саккиз миля ғарбда ҳужумга учраган. Маълумотларга кўра, экипаж аъзолари орасида жабрланганлар йўқ, кема ҳам шикастланмаган.

Панама байроғи остида сузган яна бир кема бўлмиш MSC Francesca кемасига эса Эрон соҳилларидан тахминан олти миля масофада ҳужум қилинган, у бу вақтда Ўмон кўрфазидан чиқаётганди. Кемадагилар «корпусдаги ва экипаж аъзолари яшаш бўлмасидаги шикастланиш» ҳақида хабар берган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси баёнотида айтилишича, MSC Francesca ва Epaminondas «қўлга олиниб», Эрон соҳиллари томон йўналтирилган. Эрон ҳукуматига кўра, бу кемалар «зарур рухсатсиз ҳаракатланган ва навигация тизимлари ишига халал берган».

Аммо Греция ташқи ишлар вазири Йоргос Герапетритис Греция компанияси кемаси «қўлга олингани»ни тасдиқламади.

Чоршанба куни кечқурун Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт савдо кемалари Эрон томонидан қўлга олиниши ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ҳисобланмаслигини айтди.

Музокаралар йўли

Қуйида апрел ойи бошидан буён Яқин Шарқда сулҳга эришиш бўйича воқеалар қандай ривожлангани ёдга олинади.

8 апрел: АҚШ ва Эрон Покистон воситачилигида ўт очишни икки ҳафтага тўхтатиш режимини жорий этишга келишиб олди. АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга Ҳўрмуз бўғозини очиш ва Қўшма Штатлар билан битим тузиш учун берган ултиматум муддати тугашига бир неча соат қолганда сулҳ эълон қилди. Трамп сулҳнинг асосий шарти Ҳўрмуз бўғозининг «тўлиқ, тезкор ва хавфсиз очилиши» бўлганини қайд этган. Эрон ТИВ мамлакат ҳарбийлари ушбу даврда бўғоз орқали кемалар ўтишини таъминлашини тасдиқлади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШнинг Эронга бериладиган зарбаларни тўхтатиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди, бироқ икки ҳафталик сулҳ «Ливанни ўз ичига олмаслиги»ни айтди. Бу Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг ўт очишни тўхтатиш режими «ҳамма жойга, жумладан, Ливанга ҳам тааллуқли» экани ҳақидаги баёнотига мутлақо зид эди.

Ўша куннинг ўзида Исроил Ливанга ўзи «энг кучли зарбалар» деб атаган ҳужумларни уюштирди. Ливан расмийлари маълумотига кўра, бунинг оқибатида камида 357 киши ҳалок бўлган.

10 апрел: Доналд Трамп Эронни сулҳ шартларини бузишда айблаб, Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали нефт танкерлари ўтишини таъминлаш вазифасини «жуда ёмон бажараётгани»ни баён қилди. У шунингдек, Теҳронни бўғоздан ўтаётган кемалардан ҳақ ундирмасликни талаб қилди.

11 апрел: АҚШ ва Эроннинг юқори мартабали мулозимлари, жумладан, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳамда Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф иштирокида Покистонда музокаралар бўлиб ўтди. 21 соат давом этган музокаралардан кейин Вашингтон ва Теҳрон асосий масалалар бўйича муросага кела олмагани маълум бўлди.

Жей Ди Вэнс Вашингтоннинг асосий вазифаси Теҳрондан ядро қуролини ишлаб чиқмаслик бўйича «қатъий мажбурият» олиш бўлгани, бироқ «эронликлар уларнинг шартларини қабул қилмасликка қарор қилгани»ни айтди. Оқ уйнинг яна бир шарти Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиш эди. Эрон эса музокаралар АҚШ томонидан қўйилган «ҳаддан ташқари юқори» талаблар туфайли боши берк кўчага кириб қолганини маълум қилди.

12 апрел: Музокаралар муваффақиятсизликка учрагач, Трамп Эрон портларига денгиз қамалини эълон қилди, бу вақтда Эрон ҳам ўзининг Ҳўрмуз бўғозидаги блокадасини давом эттирди.

Кейинги кунларда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Форс ва Ўмон кўрфазларидаги Эрон портларини қамал қилишга киришди. Эрон буни «қароқчилик» деб атади ва Эрон портларига хавф туғилган тақдирда, минтақадаги бирор порт «хавфсизликда бўлмаслиги» ҳақида огоҳлантирди.

14 апрел: Вашингтонда Исроил ва Ливан дипломатлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу икки давлат ўртасида 1993 йилдан буён ўтказилган илк шундай учрашув бўлди. АҚШ ушбу музокараларда воситачи сифатида иштирок этди.

16 апрел: Исроил ва Ливан АҚШ воситачилигида 17 апрелдан кучга кирган 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш келишувига эришди. Келишув шартларига кўра, Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» ва Ливан ҳудудидаги бошқа барча давлатга тегишли бўлмаган қуролли гуруҳларнинг Исроил нишонларига ҳужум қилишига йўл қўймаслик учун сезиларли чоралар кўриш мажбуриятини олди. Исроил эса ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Ливан бош вазири Наваф Салам ушбу келишув можаро туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганларга қайтиш имконини беришига умид билдирди. «Ҳизбуллоҳ» эса агар Исроилнинг ташкилотга нисбатан ҳужумлари тўхтатилса, ўт очишни тўхтатиш режимига «эҳтиёткорлик билан» риоя қилишини маълум қилди.

17 апрел: Исроил ва Ливан ўртасида вақтинчалик сулҳ тузилганига жавобан Эрон АҚШ билан ўт очишни тўхтатиш режими амал қиладиган давр якунига қадар Ҳўрмуз бўғозини барча тижорат кемалари учун очди. Дональд Трамп ушбу қарорни олқишлади, бироқ Теҳрон Вашингтон билан келишув тузмагунча, АҚШ томонидан Эрон портларига қўйилган блокада ўз кучида қолишини баён қилди.

18 апрел: АҚШ Эрон портлари блокадасини бекор қилишдан бош тортгани сабабли Эрон Ҳўрмуз бўғозини қайта ёпди. «АҚШ Эрондан чиқаётган ва Эронга келаётган кемалар учун тўлиқ кема қатнови эркинлигини тикламагунча, Ҳўрмуз бўғозининг мақоми қатъий назорат остида ва аввалги ҳолатида қолаверади», – дея баёнот берди Эрон ҳарбийлари.

19−20 апрел: АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Эрон портларига қўйилган АҚШ блокадасини ёриб ўтишга уринган Touska юк кемасини қўлга олди. Эрон расмийлари буни сулҳнинг бузилиши деб атади ва бунга жавоб қайтаришга ваъда берди. Шу билан бирга, Доналд Трамп 22 апрел куни Покистонда музокараларнинг иккинчи раунди ўтказилишини эълон қилди. У агар Теҳрон келишув тузишдан бош тортадиган бўлса, Эрондаги барча электр станциялари ва кўприкларни йўқ қилиш билан таҳдид қилди.

21 апрел: Вақтинчалик сулҳ муддати 21 апрел куни тугади. 22 апрел куни кутилган музокаралар бошланмади. Трамп музокараларни давом эттиришга имкон бериш учун вақтинчалик сулҳни номаълум муддатгача узайтирганини эълон қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид