Жамият | 12:30 / 05.02.2023
25273
11 дақиқада ўқилади

Фотографияни қизлар танласа бўладими? – фотограф қизлар билан соҳа қийинчиликлари, ютуқлари ва жамият ҳақида суҳбат

Kun.uz қийинчиликлардан қўрқмайдиган, турли соҳаларда ўзини синаб кўраётган қизлар билан “Жамият” лойиҳасини бошламоқда. Лойиҳанинг илк меҳмонлари – фотограф қизлар. Улар касб танлашга, илм олишга, янгиликларни топишга чегара қўйишмаган.

Мадина Нурман:

Фотографлик фаолиятим Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетига ўқишга кирганимдан сўнг тахминан 2014 йилда бошланган. Фаолиятимни бошлашга тасодиф сабаб бўлган. Факультетимиз биносида жойлашган хорижий тиллар портали бор эди, ўша ерда мухбир сифатида ишлашни бошлаганман. Ишлаб юрган пайтимда портал фотографи касал бўлиб қолди. Япон тили танловига мухбир сифатида боришимиз керак эди, шунда камерани менга беришган ва суратга олиб келишимни айтишган. Биринчи марта суратга олишим бўлгани учун ҳаяжонланганман ва масъулиятни ҳис қилганман. Ўша куни менга ёзишдан кўра камера билан ишлаш кўпроқ ёқишини тушунганман. Журналист сифатида қанчалик ишлашга қизиқмай, фотограф сифатида лаҳзаларни тутиб қолиш қизиқроқ экан, деб ўйлаганман.

Бизда фотографликни қиз бола эгаллайдиган соҳа деб билишмасди. Шунақа қараш бор эди у пайтларда. Биринчи фаолиятимни бошлаган йилларда Сенат ялпи мажлисларига фотограф сифатида кирганимда, амалдорлар ҳам ҳайрон қарашарди қиз бола фотографга. Бошида қўрқув бўлган, лекин одамларнинг сизга бўлган ишончсизлиги масъулиятни камайтирар экан ва бу эркинроқ ишлашга ёрдам беради. Қиз бола фотограф бўла оладими, деган савол ҳозир мени ўйлантирмайди. Биз ўз ишимиз билан исботлаб беролсак, одамларда саволлар йўқолади.

Тўғрисини айтсам, табиат манзаралари менинг кучли томоним эмас. Унчалик қизиқмайман ҳам. Фотографларнинг ҳам турлари бўлади. Мен эса портретлар, яъни инсонларнинг қиёфалари, эмоцияларини суратга олишга, инсонлар характерини суратда кўрсатишга қизиқаман. Асосан ҳиссиётга берилган чеҳралар мени жалб қилади. Фотограф учун ҳиссиётдан қимматлироқ нарса йўқ, менимча.

Мадина Нурман

Мен қайсидир лаҳзани ушлаб қолдим деб ҳисобламайман. Нимани кўрсам, ўшани суратга оламан. Бу жараённи тасвирлаб бериш қийин. Тажриба билан бўлади деб ўйлайман бу нарсалар.

Биринчи топган пулимнинг ярмига жамоат транспортлари учун карта олганман. Қолган пулни нимага ишлатганимни билмайман.

Кўпчилик фотографлар катта пул топади деб ўйлаши мумкин. Бу соҳани жуда ҳам даромадли деб айтолмайман. Чунки чет элда бу борада рақобат бор. Бизда ҳам нашрлар ўртасида фотогалерея рақобати бўлса, даромад кўпайган бўларди. Тадбирлардаги энг яхши чиққан фотогалерея эгасига, дейлик, фотокамера ютуқ сифатида берилиши керак.

Фикримча, тўй бу — икки ёшнинг биргаликдаги ҳаётини бошловчи дастлабки нуқта, холос. Тўйлар жуда тор доирада бўлиши керак деб ўйлайман.

Сиёсий йўналишдаги фотографларда ўз давлати раҳбарини суратга олиш қизиқиши бўлади деб ўйлайман. Менда ҳам бу қизиқиш бўлган. Daryo.uz сайтининг президент ҳузуридаги тадбирларга қатнашиш имкони туғилгач, шу орқали бу қизиқишларим амалга ошган. 2020 йил январида Сенатнинг ялпи мажлисида биринчи марта давлат раҳбарини суратга олганман. Қанчалик кўп диққатни жамлаганим сари керакли кадрлар ўтиб кетади. Кўплаб тадбирларда давлат раҳбарини суратга олган бўлсам, яхши чиқмаган кунлар ҳам бўлган. Шунақа пайтлар жуда сиқилиб, ўйлаб юрганман кўп марта. Кўпчилик ўйлайдики, фотограф учун ўтган тадбир унут бўлади. Лекин мен ҳар доим ўзимга ўзим ҳисоб бераман.

Бу соҳага кириб келаётган қизларга маслаҳатим: биринчи навбатда ўзларига «Эртага ҳам давом эттира оламанми? Орзу ва режаларимга хиёнат қилмайманми?» деган саволларни бериши керак. Агар шу саволларга жавоб беролса, қийин бўлмайди.

Дилруҳ Исомиддинова:

— Фотожурналистика соҳасига кириб келганимга кўп бўлмади. Тахминан икки йил бўлди – 2020 йилда қизиқиш бошланган эди. Чуқурроқ кириб келишим, келажагимни шу билан боғлашим 2021 йилда бўлган. Устозим – Ҳусниддин Ато. У киши бизга фотожурналистика фанидан дарсга кирганда, мендаги қобилиятни сезиб, шу соҳага йўналтирган. Ўзимнинг режаларимда бу йўқ эди.

Ижобий маънода таажжубланиб қараган одамлар ҳам бўлган, яъни ҳавас билан қарашган. Бундай қарашлар ўзимни юксалтиришимга сабаб бўлган. Ҳозир ҳам бошқача қарайди кишилар. Мен ўзи сиёсий фотографияга қизиқмайман, менга оддий одамларнинг ҳаёти, нигоҳлари қизиқроқ. Лекин сиёсий тадбирларда эътибор бераман: сиёсатчилар бошқа фотографларга нисбатан қиз бола фотографларга чиройлироқ туриб беришади.

Дилруҳ Исомиддинова

Одамларнинг кўзи, қўл ҳаракатларини суратга олишга қизиқаман. Метрода кетаётган пайтим инсонларнинг қўлларига эътибор бераман.

Фотожурналистикада топган илк даромадим ойлик маошим бўлган. Кундалик эҳтиёжларимга сарфлаганман. Икки миллион эди.

Ҳозир жуда кўп деёлмайман, 4-5 млн атрофида.

Ҳашаматли тўйни хоҳламайман. Сарпога ҳам қаршиман.

Атрофдагиларнинг гап-сўзига эътибор бермасликни; жуфт танлашда кўп ўйлаб, синаб қарор қабул қилишларини маслаҳат берардим.

Мадина Аъзам:

— Мактаб даврида телефонимга ўзим ёқтирган кўринишларни суратга олардим. Дейлик, қишлоғим, далалар, онам, ўртоқларим... Шунчаки ўзимга ёққани учун суратга олардим ва сақлаб қўярдим. Лекин фотожурналистика билан шуғулланиш ҳақида ўй бўлмаган у вақтларда. Университетга киргач, биринчи босқичда ўқиётган пайтим суратларимни сақлаш учун Telegram'да канал очдим ва олган суратларимни жойлай бошладим. Кейинроқ курсдошларим яхши суратлар олаётганимни айта бошлашди. Ижобий фикрлардан руҳландим. Иккинчи босқичда ўқиётганимда устозимиз Ҳусниддин Ато фотожурналистикадан дарс ўтишни бошлади ва бу соҳа бўйича кўп сабоқларни ўргандим.

Андижонга, қишлоғимга борганимда «Қишлоқдаги қиш» мавзусида фотоҳикоя тайёрлаш топшириғи берилган эди. Тайёрлаган фотоҳикоямни Gazeta.uz сайтига бердик, шундан сўнг сайтдагилар мен билан ишлашни таклиф қилишди.

Фотограф қизларга ҳеч ким тақиқ қўймаган ва одамлар нигоҳи мени қўрқитмаган.

Мадина Аъзам

Сиёсий фотография мени қизиқтирмайди, чунки бундай съёмкаларда завқ ололмайман. Кўпроқ болаларни суратга олиш ёқади, чунки болаларнинг ҳаракати, эмоцияси, мимикалари такрорланмас бўлади. Айни шу лаҳзаларни суратга муҳрлаб қолишни яхши кўраман.

«Эҳ, ўтиб кетиб қолди...» деган вазиятларим кўп бўлади. Ёнимда фотокамера бўлмаган пайтда яхши кадрлар кўриб қолмай, деб юраман. Лекин доим кузатиб юраман.

Биринчи гонораримни фотоҳикоям учун олганман. Қанча эканини очиқ айтолмайман.

Соҳадаги камчиликларим ҳали тажрибам етишмаслигидан. Баъзида шошиб лаҳзани тутишга уринаман, лекин тасвир қоп-қора бўлади — камера қопқоғини олмаган бўламан.

Агар фотожурналистикага жиддий қизиқиши бўлса, ҳар қандай стереотип ва комплексларни енгишга куч топсин. Агар бунга қарши борадиган инсонлар бўлса, ўз мақсадлари ва эрки учун ўзлари курашишларини истайман.

Холида Мусулмон:

— Фотожурналистикадаги мунтазам фаолиятимни 2022 йилдан бошлаганман. Мен ўзи ҳеч қачон чиройли суратга олмаганман. Бу соҳага қизиқиш иккинчи босқичлик вақтимда фотожурналистика фани ўтилган пайтда пайдо бўлган. У пайтда «Маърифат» газетасида иш бошлаган эдим. Устозимиз Ҳусниддин Атони танимасдим ҳам, дарсларидан қочиб юрардим. Устоз дарсга қатнашмаган талабаларга нисбатан қаттиққўллик қилар экан, кейин дарсларга кира бошлаганман...

Хушчақчақ бўлганим учунми, билмадим, доим таажжубли нигоҳлар остида бўлганман.

Менга кўпроқ, таъбир жоиз бўлса, ҳаётнинг «дазмолланмаган» жойларини суратга олиш ёқади. Оддий одамларнинг ҳаёт тарзи, ўзгармаган кўринишларни, ҳамма биладиган, лекин кўтариб чиқилмаган мавзулардаги суратларни олишни истайман.

Холида Мусулмон

Шунчаки мўътадил турган ҳолат эмас, ҳаракатдаги воқеликдан лаҳзаларни ушлаб қолиш қизиқарли ва мароқли. Ракурсни тўғри танлаш — сизнинг сизлигингизни кўрсатиб берадиган нуқта.

Gazeta.uz сайти «Қишлоқдаги қиш» мавзусидаги фото-эссемга 150 минг гонорар берган. У пулларни косметик маҳсулотлар олишга ишлатганман.

Яқинларинг билан, ортиқча ташвишдан йироқ тўй бўлишини истайман. Бахтли куним сифатида тўйимда рақс тушишни хоҳлайман.

Онамни кўп суратга олганман. Ижтимоий тармоқларда анча машҳур, ўзлари билмасалар ҳам. Онам суратларимнинг юраги. Катта ютуқларга эришган пайтимда онам мендан фахрланиб турганда, бирга суратга тушишни хоҳлайман. Онамни олган ҳар қандай ҳолатдаги суратларим мен учун жуда қадрли.

Шу соҳада ўзларини кўраётган бўлса, ўзларига устоз топиб, изланиб, моддий томондан ҳам таъминлана оладиган даражада кураша олишларини маслаҳат берган бўлардим. Чунки фотожурналистика оддий соҳа эмас, анча-мунча куч сарфлаб, кейин ўзингиз лаззат оладиган соҳа.

Маржона Хидирова:

— Бу соҳага 2020 йилда кириб келганман. Биринчи марта операторликни устозим Ҳусниддин Ато ўргатган. Биринчи қадамим шунда бўлган. Унгача қизиқишим бор эди, лекин менга бир туртки керак эди.

«Наврўз» боғида DalaHast гуруҳининг концерти бўлган ва мен ўша концертни тасвирга олишим керак эди. Ўзим кутганимдан анча яхши чиққан ишим, шундан сўнг мен бундан руҳландим ва соҳага кириб боравердим.

Ўрганиб кетганман ҳозир. Бошида тадбирларда фақат ўғил бола операторлар орасида ишлаш бироз хижолатли бўлган. Ҳозир исломий тўйларга қиз бола оператор чақиришади, мен ҳам бораман.

Фотографияда энг ёқадиган йўналиш — силуэт. Бу йўналишдаги суратлар қуёш ботиш пайти олинади. Бунда кечиктириб бўлмайди, ўша вақтнинг ўзида олиш керак суратларни.

Маржона Хидирова

Маълум жойда турган объектни ҳар доим ҳам чиройли суратга олишингиз мумкин, чунки у туради ҳар куни. Лекин ҳаракатдаги нарсаларни, одамларни суратга олсангиз, лаҳзани тутиш бўлади. Бу нарсани ҳаётингизда иккинчи марта суратга ололмайсиз.

Effekt.uz сайтидан 500 минг беришган биринчи ишимга. Йўлкирага сарфлаганман.

400 доллардан 800 долларгача топаман.

Боғда ёки денгиз бўйида, асосан ёшлардан иборат тўй бўлишини истайман. Дабдаба керак эмас, кам кишили. Сеп қилиш ниятим ҳам йўқ.

Ўқишга кирганимдан сўнг бир неча йил ўтиб, Самарқанддаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига бордим. Ўша ерда дўппиларни кўриб, хотираларим уйғонди... Шундан сўнг доим дўппи кийиб юраман деб ният қилдим. Вилоятларга иш билан борсам ҳам, эсдалик учун дўппи олишга ҳаракат қиламан. Ўз имижим сифатида ҳам дўппини танлаганман. Умуман, миллий кийимларимизни жуда яхши кўраман.

Бошида ўхшамаслиги мумкин, лекин тўхтаманг, деган бўлардим.

Мавзуга оид