11:29 / 21.08.2019
158194

Никоҳ ёши, янги телеканал, ҳарбийларга устама тўловлар: 1 сентябрдан қандай ўзгаришлар кучга киради?

Қуйида 2019 йил 1 сентябрдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақида батафсил маълумот берилади.

Никоҳ ёши ўзгаради

Президентнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 4296-сонли қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, ҳозирда никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш ҳисобланади.

Иш ҳақининг энг кам миқдори тушунчасидан воз кечилади

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда солиқлар, давлат божлари, жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш ўртасидаги шартлар боғлиқлигини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига қуйидаги миқдорлар белгиланди:

  • Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 634 880 сўм;
  • Базавий ҳисоблаш – 223 000 сўм;
  • Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 223 000 сўм.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади

Ҳукумат қарори билан «Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.

Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар – хизматлар кўрсатишни, ишлар бажаришни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма меҳнатдан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини расмийлаштирган шахслардир.

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари хусусийлаштирилади

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида сотилади.

«Темурбеклар мактаблари» ҳарбий хизматчилари иш ҳақига устама тўланади

Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорига асосан 1 сентябрдан «Темурбеклар мактаблари»да хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга улар лавозим маошининг 50 фоизига тенг миқдорда ҳар ойлик устама тўланади.

Хорижий давлатда олинган ҳужжатларни тан олиш тартиби соддалаштирилади

Ҳукумат қарори билан «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақидаги низом» тасдиқланди. 2019 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Янги телеканал иш бошлайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 11 июндаги «O‘zbekiston tarixi» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида 2019 йил 1 сентябрдан «O‘zbekiston tarixi» телеканали ташкил этилиши белгиланган.

Қарорга кўра, «O‘zbekiston tarixi» телеканали Ўзбекистон МТРКнинг «O‘zbekiston» телерадиоканали» давлат унитар корхонаси қошидаги «UzНD» телеканали негизида юридик шахс ташкил этмасдан НD форматида ташкил этилади ҳамда Республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб тарқатиладиган рақамли кўрсатувнинг ҳаммабоп ижтимоий пакети таркибига киритилади.

Шунингдек, 2019 йил 1 сентябрдан:

  • товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартиби жорий этилади;
  • ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан, тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади;
  • автомобиль йўлларида оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ҳамда кўчма шохобчаларни ташкил этиш тартиби жорий этилади. Бу шохобчалар транспорт воситаларининг оғирлик ва габарит параметрларини аниқлаш учун автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланади.
Top