08:28 / 26.06.2024
11798

Килианда илк гол, Австрияда сенсация, инглизларда яна ҳуштакбозлик. Еврода кун ўйинлари

Австрия ва Нидерландия турнирдаги энг яхши ўйинни, Англия навбатдаги зерикарли ўйинини ўтказди.

25 июн куни Европа чемпионатининг D ва С гуруҳларида ҳам 3-тур ўйинлари ўтказилди. Рангник Франция ва Нидерландия бор гуруҳда биринчи ўринни олди. Австрияни ҳозирдан чемпионат кашфиёти дейиш мумкин.

Евро-2024. D гуруҳи. 3-тур.

Килиан тавқи лаънатни ечди. Ниқобини ҳам

Франция – Полша 1:1
Голлар:
1:0 – 56, пеналти Мбаппе, 1:1 – 79, пеналти Левандовски.
Франция – Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Канте (Гризманн, 61), Рабио (Камавинга, 61), Тчуамени (Фофана, 81), Дембеле, Барколя (Жиру, 61), Мбаппе.
Полша – Скорупски, Давидович, Беднарек, Кивер, Залевски (Скурас, 68), Зелински, Шимански (Свидерски, 68), Модер, Франковски, Урбански, Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Залевски (24), Рабьо (43).

Ўйиндан олдин Франция лагерида яхши янгилик тарқалди — Килиан Мбаппе бошланғич таркибдан ўрин олганди. Учранглилар сардори иккинчи турни бурнидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборганди. Биринчи бўлимда рақибларга асосий хавфни айнан у туғдирди: форвард бир неча хавфли вазиятларни йўққа чиқарди — бунда якуний ўйинда дарвозада Войцех Шченснининг ўрнига дарвозада турган поляклар дарвозабони Лукаш Скорупски ҳам хизматлари катта.

Танаффусдан кейин Килиан барибир «Болоня» дарвозабонини доғда қолдирди. 56-дақиқада у Усмон Дембеле томонидан ишланган пеналтини совуққонлик билан ижро этди — «ПСЖ» футболчиси ўнг қанотдан жарима майдонига кириб келганида «Арсенал» ҳимоячиси Якуб Кивёр унинг йўлига оёғини қўйганди.

Мбаппе шу тариқа ўзи учун тарихий голни урди — бу унинг Европа чемпионатларидаги илк голи. Бунгача француз ўйинларда жами 22 зарба берган, кутилган голлар бўйича 3,8 xG қайд этган, аммо рақиблар дарвозаларига йўл тополмаганди. Килиан учун турнирдаги тавқи лаънат фақат пеналти орқали ечилди. Унинг голидан кейин французлар босимни камайтиришди, поляклар ҳам майдоннинг иккинчи қисмига кўпроқ ўта бошлашди.

Жамоанинг шундай ҳужумларидан бири яна бир 11 метрлик жарима зарбасига олиб келди — Дайо Упамекано рақиб оёғига зарба берди ва йўқ жойдан ўз жамоасига ноқулайлик туғдирди. Роберт Левандовски пеналтини иккинчи уринишда тўғри ижро этди: биринчи зарбани Майк Менян тўсишга эришганди, аммо Франция дарвозабони дарвоза чизиғини зарба йўлланишидан олдинроқ тарк этгани маълум бўлди. Иккинчи уринишда у Робертнинг зарбасига ета олмади.

Французлар ғалабани қайтариш учун олдинга ташланишди, аммо муваффақиятга эриша олишмади. Уларда вазиятлар ҳам бўлди: рақиб жарима майдонида улар 55 бор тўп билан муомала қилишди (бундан кўпроғи Евро-2020да Англия ижросида бўлган). Якунда Диде Дешам жамоаси гуруҳни иккинчи ўрин ва кўплаб саволлар билан якунлади — ўйиндан бирорта гол урилмаган (фақат автогол ва пеналти ёрдам берган) ҳамда уч ўйинда биргина ғалабага эришилган. Полша эса якуний турда престиж учун очко ишлади — жамоа ўтган ўйиндаёқ 1/8 финалга чиқиш имкониятини йўқотганди.

Нидерландия ва Австрия ижросида шедевр ўйин

Нидерландия – Австрия 2:3
Голлар:
0:1 – 6, автогол Мален, 1:1 – 47 Гакпо, 1:2 – 59 Шмид, 2:2 – 75 Депай, 2:3 – 80 Забитцер.
Нидерландия – Вербрюгген, Гертрюйда, де Врей, ван Дейк, Аке (ван де Вен, 65), Сҳаутен, Верман (Симонс, 35), Рейндерс (Вейналдум, 65), Мален (Вегҳорст, 72), Гакпо, Депай.
Австрия – Пентц, Пош, Линҳарт (Баумгартнер, 62), Вебер, Прасс, Забитцер, Гриллич (Кверфелд, 64), Шмид, Зайвалд, Виммер (Лаймер, 63), Арнаутович (Грегорич, 78).
Огоҳлантиришлар: Пош (32), Виммер (33).

Катта эҳтимол билан, бу Туркия — Гуржистон ўйини (3:1) билан бир қаторда — турнирнинг энг шиддатли баҳси бўлди. 

Биринчи бўлимда биргина гол урилганди: дарвозани адаштириб юборган Дониэлл Мален чиройли автогол муаллифи бўлганди. Бу турнирдаги еттинчиси.

Биринчи бўлимда австрияликлар рақибни ўз ўйинини кўрсатишга қўймади — Роналд Куман 35-дақиқадаёқ тактик алмаштириш қилишга мажбур бўлди: Йоей Верман ўрнига Хави Симонс ташланди. 

Шундан кейин ҳисобда қувлашмачоқ бошланди, Нидерландия ўйин давомида икки бор ҳисобни тенглаштирди, аммо 80-дақиқада Марсел Забитцер урган голга жавоб қайтара олмади. Нидерландлар тўрт очко билан қолиб, плей-оффга фақат учинчи ўрин билан чиқди.

Австрия эса сенсацион ғалабадан кейин D гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Французлардан учралган аламли мағлубиятдан кейин (0:1) австрияликлар иккита ёрқин ғалабага эришиб (3:1 и 3:2), бу сафарги турнирга катта мақсадлар билан келганини намойиш этди.

Параллел равишда австрияликлар бир неча рекордларни қайта ёзишди: ЖЧ-1978 дан буён илк бор катта турнирда гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлаб, олти гол урди — бу жамоанинг ўша мундиалдан бери қайд этган энг яхши натижаси. Лекин йўқотишлар ҳам йўқ эмас — Патрик Виммер сариқ карточкалар сони ортиб кетгани туфайли 1/8 финални ўтказиб юборади. «Волфсбург» вингери гуруҳдаги барча ўйинларда иштирок этди, Нидерландияга қарши ўйинда эса илк бор бошланғич таркибда тушганди.

Евро-2024. С гуруҳи. 3-тур.

Серблар ҳақли равишда турнирни тарк этишди

Дания — Сербия 0:0
Дания – Шмейҳел, Ба (Дилэйни, 77), Вестергор, Кристенсен, Андерсен, Мэле, Эриксен (Поулсен, 88), Ҳёйберг, Юлманд (Кристиансен, 77), Винд (Олсен, 46), Ҳойлунд (Долберг, 59).
Сербия – Райкович, Велкович, Миленкович, Павлович, Мияйлович (Младенович, 73), Гудел (Йович, 46), Лукич (Милинкович-Савич, 88), Илич (Влаҳович, 67), Самаржич (Тадич, 46), Митрович, Живкович.
Огоҳлантиришлар: Миленкович (4), Винд (27), Юлманд (30), Митрович (83).

Серблар яна нурсиз ўйин кўрсатишди — биринчи бўлимда биргина зарба ва у ҳам дарвоза соҳасига тўғри бормади. Евродаги уч ўйин давомида жамоа биринчи бўлимларда жами иккита зарба йўллаган: данияликларга қарши ўйинда ғалаба сув ва ҳаводек зарурлиги ҳам жамоани олдинга бошлай олмади. Бу бош мураббий Драган Стойкович ҳаддан ташқари эҳтиёткор таркиб танлагани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин — Душан Влаҳович, Душан Тадич, Сергей Милинкович-Савич ва Сербиянинг турнирдаги ягона голи муаллифи Лука Йович захира ўриндиғида қолдирилганди.

Данияликларни эса дуранг ҳам қониқтирарди — Словения Англия билан ўйинда ютқазса, улар С гуруҳида иккинчи ўрин билан 1/8 финалга чиқиши аниқ эди. Каспер Юлманн жамоаси шуни ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда данияликлар тўпга эгалик қилиш борасида жиддий устунликка эришди, аммо Предраг Райкович қўриқлаётган дарвоза атрофида жиддий вазиятлар юзага келмади.

Танаффусда серблар сафида Тадич ва Йович ўйинга қўшилди — ва амалда дарҳол хавфли ҳужум уюштирилди. Уларнинг биринчиси аниқ пас билан данияликлар мудофаасини доғда қолдирди, иккинчиси эса дарвозабонни алдаб ўтиб, тўпни бўш дарвоза томон тепди. Тўп ҳимоячилардан бирининг оёғи орқали дарвоза тўрига кирди, аммо арбитр дарҳол голни бекор қилди — ҳужумчи кичик офсайдга тушиб қолганди.

Финал ҳуштаги яқинлашгани сайин жамоалар тезлаша бошлади: серблар якуний 25 дақиқаликда уч ҳужумчи билан ҳаракат қилди — Душан Влаҳович Иван Илич ўрнига тушди. Данияликлар дарвозаси атрофидаги кейинги хавфли вазият фақат 81-дақиқада юзага келди — Александр Митрович жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, аммо тўп дарвоза соҳасига аниқ бормади.

Энг яққол вазиятни эса захирадан тушган Милинкович-Савич йўққа чиқарди. Ушбу яримҳимоячи Сербиянинг узоқ давом этган ҳужуми якунида жарима майдони чизиғи устида ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан зарба берди, аммо зарба жуда кучсиз чиқди ва дарвозабон тўпни эгаллаб олди. «Бургутлар»нинг юлдузли таркиби яна бир йирик турнирни гуруҳда сўнгги ўринни олган ҳолда якунлади. Дания эса ўз мақсадига эришди.

Саутгейтдан навбатдаги мастер-класс

Англия — Словения 0:0
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Триппиер (Александер-Арнолд, 84), Райс, Галлаҳер (Майну, 46), Беллингҳэм, Фоден (Гордон, 89), Сака (Палмер, 71), Кейн.
Словения – Облак, Стоянович, Карничник, Дркушич, Бийол, Янжа (Балковец, 90+1), Гнезда-Черин, Элшник, Шпорар (Целар, 86), Шешко (Иличич, 75), Млакар (Горенц-Станкович, 86).
Огоҳлантиришлар: Триппиер (17), Янжа (22), Геҳи (68), Бийол (72), Фоден (77).

Англия ва Словения учрашуви янада зерикарли кечди. Биринчи бўлимда Гарет Саутгейт шогирдлари амалда Ян Облакка ташвиш туғдиришмади — фақат Фил Фоден, Букайо Сака ёки ҳужум гуруҳидаги кимдир жарима майдонига ёриб киришга бесамар уринди. Қайсидир паллада словенияликлар зарбалар бўйича «Уч шерлар»дан устунлик ҳам қилишди — биринчи бўлим ўрталаридаги статистикага кўра аутсайдер жамоа икки бор зарба берган (биттаси дарвоза соҳасига тўғри борган), инглизларда эса бундай уриниш йўқ эди.

20-дақиқада Фоден чап қанотда тўпни қабул қилиб олиб, жарима майдони марказида бўш турган Сакани тўп билан таъминлади ва дарвоза ишғол этилди. Аммо «Манчестер Сити» футболчисидаги офсайд туфайли бу гол бекор қилинди. Инглизларнинг ўйиннинг қолган қисмидаги 12 зарбаси эса ҳеч нарса олиб келмади.

Ўйинда эътиборга арзигулик яна бир воқеа — Палмернинг узоқ кутилган дебюти бўлди. АПЛда ўтган мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси бўлган яримҳимоячи ниҳоят Саутгейтдан ўйин вақтига эга бўлди. Коул 71-дақиқада майдонга тушди ва ўйинни кучайтирди, қўшимча дақиқаларда эса жарима майдони чизиғи атрофидан тўпга бир тегинишда хавфли зарба ҳам берди. Аммо Облак бу кеча ишончли ҳаракат қилди.

Жордан Пикфорд ҳам гол ўтказмади — у Англия миллий жамоасининг йирик турнирларда энг кўп қуруқ ўйин ўтказиш (11) бўйича рекордчисига айланди. Инглизларнинг бошқа футболчилари ҳам хафа эмас — нима бўлганда ҳам жамоа 1/8 финалга биринчи ўрин билан чиқди ва плей-оффдаги қийин йўлдан қочиб қолди ва Испания, Германия, Португалия ва Франция каби фаворитлар билан финалгача учрашмайди. 

Словенияликлар ҳам мамнун — улар ўз тарихида илк бор Европа чемпионати плей-оффида ўйнайди. Жамоа уч очко билан ҳам кейинги босқичга йўл олди, аммо Дания билан очколар сони тенг ва тўплар нисбати бир хил, ўзаро ўйинда дуранг қайд этилган бўлса-да, учинчи ўринда жойлашди. Жамоада сариқ карточкалар сони кўпроқлиги (6 га қарши 7) панд берди.

Умуман олганда, С гуруҳида қурғоқчилик кузатилди ва бунда биргина Англия айбдор эмас. Олти ўйиндан бештасида дуранг — Евро тарихида бир квартетда бунча кўп дуранг ҳали кузатилмаганди. Бу жамоалар жами еттита гол уриши — турнир антирекордидир.

Мавзу
Евро-2024
2024 йил 14 июнидан 14 июлига қадар Германиянинг 10 та шаҳрида 17-бор футбол бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтади.
Барчаси
Top