Европа чемпионатида плей-оффнинг иккинчи куни биринчисидан ҳам қизиқарлироқ кечди. Аввалига мухлислар Англиянинг бу Евродаги зерикарли бўлмаган илк ўйинига гувоҳ бўлишди, чунки словакларга қарши ўйинда жамоа охирги дақиқаларгача ҳисобда ортда борди. Испания эса кутилганидек нисбатан кучсиз рақиб саналган гуржистонликларни аямади.

Турнирда илк овертаймлар

Англия – Словакия – 2:1
Голлар: 0:1 – 25 Шранц, 1:1 – 90+5 Беллингҳем, 2:1 – 91 Кейн.
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Триппиер (Палмер, 66), Райс, Фоден (Тоуни, 90), Беллингҳем (Конса, 105), Майну (Эзе, 84), Сака, Кейн (Галлаҳер, 105).
Словакия – Дубравка, Пекарик (Тупта, 109),, Шкриняр, Вавро, Ганцко, Куцка (Беро, 81), Лоботка, Дуда (Бенеш, 81), Гараслин (Суслов, 61), Шранц (Дёмбер, 90), Стрелец (Боженик, 62).
Огоҳлантиришлар: Геҳи (3), Майну (7), Куцка (13), Беллингҳем (17), Шкриняр (45+1), Пекарик (77), Вавро (108), Дёмбер (114), Суслов (120+2).

Ҳужум чизиғи юлдузлар билан тўлиб-тошган, лекин гуруҳ босқичида атиги икки гол билан кифояланган Англия миллий жамоасидан бу сафар ҳам зерикарли ўйин кутилаётганди. Рақиб ҳам асосан ёши катта футболчилардан иборат таркибидан келиб чиқиб, бу турнирдаги прагматик жамоалардан бири эди, бу ўйинда ҳам бошланғич таркибда 37 ёшли Пекарик ва Куцка тушишди, умуман асосий таркибнинг фақат икки футболчиси – Ҳанцко ва Боженик 28 ёшдан кичикроқ.

Лекин Франческо Калцона шогирдлари ўйинни ҳужумкор бошлади ва биринчи рақам остида ҳаракат қилди, 5-дақиқада Гараслин бошлаб берган ҳужум давомида Ҳанцконинг узоқ устун томон берган узатмасига Шранц ета олмади. 12-дақиқада Гараслин яна жарима майдонига ёриб кирди ва хавфли вазият яратди. Инглизлар эса дастлабки 17 дақиқаликдаёқ учта сариқ карточка олишди.

Кўп ўтмай шок ҳолат юзага келди — Словакия барибир ўз голини урди. Стрелец «Уч шерлар»нинг ҳимоячилари кутган бўшлиқ томонга эмас, ҳимоячилар орасидан олдинга ташланган Иван Шранцга пас узатди ва у Пикфордни ожиз қолдириб, турнирдаги учинчи голини урди.

Саутгейт жамоаси турнир бошидан буён илк бор ўзини қониқтирмайдиган ҳисобда ўйнашига тўғри келди ва ҳужумлар уюштиришга мажбур бўлди. Бўлим охирида словаклар жарима майдонидан чиқа олмай қолишди. Иккинчи бўлимда инглизлар босимни янада кучайтиришди ва дарвоза ишғол ҳам этилди. Аммо Кейннинг узатмасидан кейин тўпни ўзи тепиши керак бўлган Триппиер уни офсайдда турган Фоденга узатиб хато қилганди.

Кейин эса Саутгейт кутилмаган юришларни амалга оширди. Чап қанот ҳимоясида ўйнашга мажбур бўлаётган Триппиер жароҳат олганида ўнг қанот вингери Букайо Сака унинг ўрнига ўтказилди, унинг жойини эса захирадан тушган Коул Палмер эгаллади. Аммо омад инглизларга кулиб боқай демасди. Аввалига Кейн дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўрга йўналтира олмади, кейин Райснинг зарбаси устундан қайтганида уни дарвозага тўғрилаб юбора олмади. Фақат охирги дақиқаларда, қўшиб берилган олти дақиқанинг бешинчиси ўтиб бораётганида инглизларга омад кулиб боқди — аутдан оширилган тўпни Геҳи жарима майдони марказига ўтказиб берди ва бутун ўйин давомида сояда бўлган Жуд Беллингҳем саҳнага чиқиб, миллий қаҳрамонга айланди. Унинг чалқанча услубда йўллаган фантастик зарбаси Англияни тарихий шармандаликдан қутқариб қолди ва ўйин овертаймларга ўтди. Бу инглизлар учун ўйин давомида дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарба эди.