Гуруҳ босқичидаги қатор нурсиз ўйинлар ва икки томон учун ҳам фойдали дуранглардан кейин ҳақиқий Евро — плей-офф ўйинлари бошланди. Бу босқичнинг илк ўйинида Швейцария ва Италия ҳамда Германия ва Дания жуфтликлари турнирни ким давом эттиришини ҳал қилишди. Икки учрашув ҳам қизиқарли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой кечди.

Италиянинг «сенсацион» чиқиб кетиши

Швейцария — Италия 2:0
Голлар: Фройлер (37), Варгас (46).
Швейцария: Зоммер, Родригес, Шер, Аканжи, Эбишер (Штефан, 90+2), Жака, Фройлер, Варгас (Цубер, 71), Ридер (Стергиу, 71), Ндойе (Сиерро, 77), Эмболо (Дуа, 77).
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Манчини, Бастони, Дармиан (Камбиязо, 75), Кристанте (Пеллегрини, 75), Барелла (Ретеги, 64), Фажиоли (Фраттези, 86), Ал-Шаъровий (Заккани, 46), Киеза, Скамакка.
Огоҳлантиришлар: Барелла (35), Ал-Шаъровий (45), Манчини (57).

Италянлар Еврога амалдаги чемпионлар мақомида келган — улар титулни ҳимоя қилиши талаб этиларди. Бош мураббий лавозимида Роберто Манчини ўрнига келган Лучано Спаллетти бу мақсад йўлида таркибни жиддий даражада ўзгартирди. 2020 йилги Европа чемпионати ғолиби бўлган «эскилар»дан кўпчилиги бу сафарги турнирни уйда кузатишди. Уларнинг айримлари фаолиятини якунлашга ҳам улгурган.

Италия турнирни яхши бошлади, аммо якунда гуруҳдан катта қийинчилик билан чиқди. Барчасини Хорватияга қарши кечган учинчи ўйин ҳал қилди — унда «Скуадра адзурра» охирги сонияларга қадар ютқазаётганди. Фақат Дзакканя ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Акс ҳолда жамоа турнирни гуруҳ босқичидаёқ якунлаши мумкин эди.

Аммо Испания ва Италияга қарши ўйинлардан кейин Италиянинг бу сафарги турнирда узоққа боришига шубҳалар пайдо бўлганди. Лучано Спаллеттининг сўзлари эса жамоадаги ҳолатни кўрсатиб берди. Хорватия билан ўйиндан  бош мураббий журналистларни ҳақоратлади ва ўз жамоаси футболчиларини маълумот сиздиришда айблади. Италияликлар лагеридаги муҳит заҳарли экани маълум бўлди.

Жамоанинг 1/8 финал йўлланмаси учун рақиби швейцарияликлар эди. Швейцария гуруҳ босқичини жуда яхши ўтказди: Венгрияга ҳеч қандай имконият қолдирмади (3:1), Шотландия ҳамда Германия билан очколарни бўлишиб олди (1:1). Мурат Яқин шогирдлари плей-оффга иккинчи ўрин билан чиқди, лекин немисларга қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан бой бермаганида биринчи бўлиши ҳам мумкин эди.

Ўйиндан олдин ҳам футбол экспертлари кейинги босқичга чиқиш учун Швейцарияда имконият кўпроқ эканини тахмин қилишаётганди. Лучано Спаллетти турнир давомида оптимал таркибга эриша олмади. У Швейцарияга қарши ўйин учун бошланғич таркиби билан барчани ажаблантирди. Захира футболчилари бўлган Стефан Ал-Шаъровий, Николо Фажиоли, Бриан Кристанте, Жанлука Манчини кабилар илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди.