Жамият | 13:28 / 07.10.2021
6264
2 дақиқада ўқилади

Фермерга берилган имконият мамлакат иқтисодиётига хизмат қилади

Фермер хўжалигимни ташкил қилганимга 21 йил бўлди. Хўжалигимга тегишли 30 га ер майдонга пахта экканман.

Очиғини айтиш керак, фермер хўжаликларининг давлат буюртмаси асосида пахта етиштириши бекор қилингани айни муддао бўлди. Бунинг ўрнига пахта етиштириш бўйича фьючерс шартномалари кластерлар билан бозор муносабатлари асосида имзоланмоқда. Бунда нархлар бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгиланяпти. Шунингдек, фермер хўжаликларига пахтачилик кластерларини танлаб шартнома тузиш имконияти берилди.

Фото: Бахтиёр Сафаров

Энг муҳим янгиликлардан яна бири пахта етиштириш жараёнида барча ёнилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитлар биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинмоқда. Бунда ҳеч қанақа тўсиқлар мавжуд эмас. Шу тариқа пахта экиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш жараёни либераллашмоқда.

Бундан ташқари, пахта майдонларини томчилатиб, ғаллани ёмғирлатиб суғориш дейсизми ёки боғ-узум етиштириш дейсизми, барчасига субсидиялар ажратиляпти. Биз, фермерлар бу имтиёзлардан янада руҳланиб, қўшимча тармоқларни ривожлантиряпмиз. Ўзим ҳар йили 5-6 та янги иш ўрни яратяпман.

Шу кунларда юртимиз далаларида пахта терими қизғин кечмоқда. Менинг ҳам фермер хўжалигимда пахта териляпти. Биламиз, ҳар доим бу мавсумда турли шов-шувлар авж олади.

Яқинда интернет тармоқларида “Пахта, кластер ва селектор” сарлавҳаси билан тарқалган мақола ҳам шулардан бири. Унда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар талайгина. Шу сабабли ўз муносабатимни билдиришни хоҳладим.

Бугунги кунда фермерлар фойдасига пахтани сотиш нархи ошди. Теримчиларнинг терган пахтасига муносиб нарх тўланяпти. Эндиликда фермерлар ва кластерлар пахта етиштиришдан фойда оляпти. Маҳалламиз аҳолиси ҳам ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиб, қўшимча даромад олаётгани эса айни ҳақиқат.

Мана совуқ ва ёмғирли кунлар яқинлашяпти. Фермер ва кластерлар пахтани ўз вақтида, ёғинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олишидан ўзимиз манфаатдормиз аввало.

Бахтиёр САФАРОВ,
Миришкор туманидаги “Сафар ота” фермер хўжалиги раҳбари Ⓣ

Мавзуга оид