19:14 / 31.01.2024
18957

Европада қишки трансферлар якунидаги асосий интригалар

Шомуродов яна клубини алмаштириши, «Бавария» етакчиларидан бири АПЛга ўтиши мумкин.

31 январ куни Европанинг бешта етакчи лигасида қишки трансферлар ойнаси ёпилади. Клублар аллақачон қатор футболчиларни ўз сафларига қўшиб олишган, аммо ҳар сафар дедлайнда қизиқарли келишувлар ҳам эълон қилинади. Сўнгги кун давомида яна қандай трансферлар кутилмоқда?

Армандо Броя: «Челси» → «Вулверҳэмптон»

Армандо Броя
Фото: MIKE HEWITT/GETTY IMAGES

«Челси» ҳужумчиси Маурисио Почеттинода яхши таассурот қолдира олмади. 22 ёшли албаниялик барча турнирлар доирасидаги 19 ўйинда атиги икки гол урган. Энди «Челси» уни сотиш учун вариантлар изламоқда. Брояга даъвогарлардан бири — «Вулверҳэмптон». «Бўрилар» Армандони сотиб олиш шартисиз ижарага олиш бўйича таклиф юборган. Аммо «Челси» бу таклифни рад этиб, клубни оддий ижара келишуви қизиқтирмаслигини билдирган. Январ ойи ўрталарида The Telegraph лондонликлар Броянинг трансферини 60 млн еврога баҳолаётгани ҳақида хабар тарқатганди. «Челси» асосий таркиб футболчиси бўлмаган Броя учун бундай катта маблағ ишлаб олиши даргумон, лекин катта эҳтимол билан қолган соатлар ичида албаниялик футболчи учун харидор топилади.

Факундо Пеллистри: «Манчестер Юнайтед» → «Гранада»

Факундо Пеллистри
Фото: BRYN LENNON/GETTY IMAGES

22 ёшли вингер «МЮ» ўйинларида асосан захирадан туширилади. У барча турнирлар доирасидаги 14 ўйинда атиги битта ассист муаллифи бўлган. Ва бу «Юнайтед»да қанот ҳужумчилари ва яримҳимоячилар тақчиллиги кузатилаётган даврда. Антони ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олмаяпти, Маркус Рэшфорд тунги клубларни кезмоқда, Жейдон Санчо эса «Боруссия»га қайтиб кетди. Умуман олганда, уругвайлик футболчида асосий таркибга кириб олиш имконияти бор эди, аммо у бундан фойдалана олмади. Энди эса, Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, у мавсум якунига қадар ижара асосида Испаниянинг «Гранада» клубига йўл олади. Келишувга сотиб олиш ҳуқуқи ҳақидаги банд киритилмаган, шунингдек, «МЮ» футболчининг маошининг бир қисмини тўлашда давом этади. Бу трансфер ҳақида яқин вақтлар ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Элдор Шомуродов: «Рома» → «Салернитана»

Элдор Шомуродов
Фото: Kaustubh Pandey / GIFN

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италия А Сериясидаги клубини ўзгартириши мумкин. Инсайдер Жанлука Ди Марционинг хабарига кўра, трансфер ҳуқуқи «Рома»га тегишли бўлган ҳужумчини «Салернитана» ўз сафига қўшиб олмоқчи. Ушбу клуб бош директори Валтер Сабатини ҳозирда ижара асосида «Каляри» шарафини ҳимоя қилаётган Шомуродовни ярим йиллик ижарага олиш бўйича Рим клубига таклиф билан чиққан.

Элдорнинг «Рома» билан амалдаги шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган. У жорий мавсумда А Сериянинг 11 ўйинида майдонга тушиб, икки узатма берган, шунингдек, Италия Кубоги доирасида битта ўйин ўтказган. Ҳужумчи жароҳати сабабли Осиё кубогига бора олмай, Италияда тикланиш жараёнини ўтказмоқда.

«Каляри» 22-турдан кейин турнир жадвалида 18 очко билан 18-ўринни эгаллаб турибди, «Салернитана» эса 12 очко билан сўнгги ўринда бормоқда.

Жером Боатенг: эркин агент → «Салернитана»

Фото: PETER FOX/GETTY IMAGES

2014 йил Германия сафида жаҳон чемпиони бўлган ҳимоячи 2023 йил июлидан буён эркин агент бўлиб қолмоқда. «Бавария» сафида кўп йиллар ўйнаган Боатенгнинг сўнгги жамоаси «Лион» бўлган. У ҳам «Салернитана» сафига қўшилиши мумкин. Фабрицио Романонинг хабарига кўра, Италия клуби раҳбарлари келишув устида иш олиб бормоқда. «Салернитана» Боатенгга мавсум якунига қадар шартнома таклиф этган. Бу жамоада аввалроқ «Бавария»нинг яна бир афсонаси Франк Рибери ҳам тўп сурганди.

Руслан Малиновский: «Марсел» → «Женоа»

Фото: SIMONE ARVEDA/GETTY IMAGES

«Женоа» трансфер ҳуқуқи «Марсел»га тегишли бўлган украиналик яримҳимоячи Руслан Малиновскийни расман ўз аъзосига айлантирмоқчи. Журналист Николо Ширага кўра, италянлар трансфер учун 7,5 млн евро тўлайди ва футболчи билан 2027 йил ёзига қадар шартнома имзолайди. Малиновский 2023 йил ёзида ижара ҳуқуқи асосида «Женоа»га ўтганди. 30 ёшли футболчи жорий мавсумда Италия чемпионатида 19 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урди ва бир голга узатма берди. Умуман олганда, А Серияда унинг ишлари Франциядагига қараганда яхшироқ кечмоқда. У аввал Жан Пиеро Гасперини бошқарувидаги «Аталанта»да ҳам муваффақиятли тўп сурганди.

Муҳаммад Саид Бенраҳма: «Вест Ҳэм» → «Лион»

Саид Бенраҳма
Фото: ALEX PANTLING/GETTY IMAGES

Британиялик нуфузли журналист Давид Орнштейн «Лион» «Вест Ҳэм» форварди Саид Бенраҳма трансфери бўйича фаол музокара олиб бораётганини хабар қилган. Манба французлар жамоаси 28 ёшли футболчи учун 20 млн евро, шунингдек қўшимча бонуслар таклиф этгани, «Вест Ҳэм» бу таклифни қабул қилмаганини айтганди. Аммо кейинроқ янада ишончли манба ҳисобланган Фабрицио Романо томонлар ушбу жазоирлик футболчи бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Унга кўра, «Лион» футболчини мавсум якунига қадар 5 миллион евро эвазига ижарага олади, мавсум якунида эса 12 миллион евро тўлаб трансферни якунлайди.

Конор Галлаҳер: «Челси» → «Тоттенҳэм»

Фото: MIKE HEWITT/GETTY IMAGES

Football Insider хабарига кўра, «Тоттенҳэм» ҳамон «Челси» яримҳимоячисини қўлга киритишдан умид узмаган. Қайд этилишича, «шпорлар» раҳбарияти келишув бўйича музокаралар ўтказган. «Челси» футболчи учун камида 90 млн евро олишни истамоқда. «Тоттенҳэм» бундай пул тўлаши даргумон. Transfermarkt порталида эса Галлаҳернинг трансфер баҳоси 42 млн евро этиб кўрсатилган. Англиялик футболчининг «Челси» билан шартномаси 2025 йил 30 июнига қадар мўлжалланган.

Йозуа Киммиҳ: «Бавария» → «Тоттенҳэм» / «Ливерпул» / «Манчестер Сити»

Йозуа Киммиҳ
Фото: CHRISTIAN KASPAR-BARTKE/GETTY IMAGES

Мюнхеннинг «Бавария» клуби етакчиларидан бири билан хайрлашиши мумкин. Киммиҳга АПЛ топ-клублари — «Тоттенҳэм», «Ливерпул» ва «Манчестер Сити» қизиқмоқда. Football Insider хабарига кўра, Йозуа Германияни шу йил қишки трансферлар ойнаси доирасида ҳам тарк этиши мумкин. «Тоттенҳэм» у орқали яримҳимоя чизиғини кучайтиришдан умид қилмоқда. Агар «шпорлар» «Челси» яримҳимоячиси Конор Галлаҳер трансферини ҳал қила олишмаса, бор эътиборини Киммиҳга қаратади. Мюнхенликлар эса 28 ёшли футболчиси учун 50-70 млн евро сўрайди.

Жейкоб Рэмси: «Астон Вилла» → «Ньюкасл»

Жейкоб Рэмси
Фото: RICHARD HEATHCOTE/GETTY IMAGES

Унаи Эмери муҳим футболчиларидан биридан айрилиши мумкин. The Athletic хабар беришича, «Астон Вилла»нинг англиялик яримҳимоячиси Жейкоб Рэмсига «Нюкасл» жиддий қизиқмоқда. Аммо «қарғалар» 22 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун бир қатор футболчиларини сотиши керак. Қайд этилишича, Рэмсига «Тоттенҳэм» ва «Бавария»дан ҳам қизиқиш мавжуд. Эҳтимолий харидорларни трансфер суммаси чўчитмоқда — «Вилла» бу футболчисини 58 млн евродан камига қўйиб юбормоқчи эмас.

Меҳди Торимий: «Порту» → «Интер»

Меҳди Торимий
Фото: OCTAVIO PASSOS/GETTY IMAGES

Фабрицио Романо хабар беришича, «Интер» «Порту» форварди билан шартнома имзолашга яқин. Миланликлар клуби раҳбарлари ҳамда эронлик ҳужумчининг вакиллари амалда икки йиллик шартнома бўйича келишувга эришишган. Келишув шартномани яна бир йилга узайтиришни кўзда тутади. Томонлар шартноманинг айрим жиҳатларини ҳал қилиши қолган. Торимий 2020 йилдан буён «Порту» сафида тўп суриб келади. Айни вақтда Эрон миллий жамоаси билан Осиё кубогидаги иштирокини давом эттираётган футболчининг португаллар клуби билан шартномаси 2024 йил июн ойи охирига қадар тузилган. Шундай экан, Меҳди «Интер»га мавсум якунида эркин агент сифатида ўтади.

Лени Йоро: «Лилл» → «ПСЖ»

Лени Йоро. Фото: LIGUE1.COM

L’Equipe хабарига кўра, «ПСЖ» «Лилл»даги ёш истеъдод соҳиби Лени Йорони ўз сафида кўришни истамоқда. «Лилл» президенти Оливе Летанг аввалроқ клуб ушбу футболчини қишки трансферлар ойнаси вақтида сотиш бўйича музокараларга киришмаслигини маълум қилганди. Аммо «ПСЖ» ушбу 18 ёшли футболчи учун 50 млн евро таклиф қилмоқчи. Йорога Европанинг бошқа топ-клублари ҳам қизиқиш билдирган: «Бавария», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Ливерпул», «Реал», «Челси» ва «Тоттенҳэм». Ленининг «Лилл» билан шартномаси 2025 йил июн ойи охирига қадар тузилган. Transfermarkt портали футболчини 25 млн еврога баҳолаган.

Жакомо Бонавентура: «Фиорентина» → «Ювентус», Роберто Перейра: «Удинезе» → «Ювентус»

Фото: VALERIO PENNICINO/GETTY IMAGES

«Ювентус» раҳбарияти мавсумнинг иккинчи ярмида жамоага ёрдам бериши мумкин бўлган тажрибали яримҳимоячи қидирмоқда. Макс Аллегри жамоаси А Сериянинг олтин медаллари учун «Интер» билан кураш олиб бормоқда. Туринликларда таркибни кучайтириш учун иккита вариант бор: Жакомо Бонавентура («Фиорентина») ва Роберто Перейру («Удинезе»). Эътиборли жиҳати, аргентиналик футболчи аввал ҳам, 2014 йилдан 2016 йилга қадар «Юве»да тўп сурган. Журналист Мирко Ди Наталенинг хабар беришича, «Фиорентина» Бонавентурани текинга қўйиб юбормоқчи эмас. «Удинезе» эса Перейра учун 3-4 млн евро сўрамоқда.

Тияго Алмада: «Атланта Юнайтед» → «Фиорентина»

Тияго Алмада
Фото: MICHAEL ZARRILLI/GETTY IMAGES

«Фиорентина» 2022 йилги жаҳон чемпионини ўз сафига қўшиб олишни истамоқда — Football Italia хабарига кўра, клуб аргентиналик Тияго Алмада трансфери устида иш олиб бормоқда. «Бинафшалар» жамоаси «Атланта Юнайтед» билан мулоқот ўрнатган Америка клуби трансфер учун 25 млн евро сўраган, италянлар бунча катта маблағ тўлашга рози эмас, аммо музокаралар давом эттирилмоқда. Алмаданинг ўзи ҳам А Серияга кўчиб ўтишни истамоқда. Тияго «Атланта Юнайтед» сафида 2022 йилдан буён ўйнамоқда. Ушбу яримҳимоячи ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 35 ўйинда майдонга тушиб, 13 гол урган ва 19 голга узатма берган. Transfermarkt портали унинг трансферини 27 млн еврога баҳолаган.

Top