Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европада ҳафта трансферлари. Санчонинг қайтиши ва «Бавария»нинг кутилмаган хариди
«Тоттенҳэм» Сонга ўринбосар топди, Европа чемпиони Туркия чемпионатига йўл олди.
Ўтган ҳафта давомида Европада қишки трансферлар ойнасида фаоллашув кузатилди. Клублар келишувларга эришиб, мавсумнинг биринчи қисмида юзага келган муаммоларни ҳал қилишмоқда. Қуйида сўнгги кунларда эълон қилинган асосий трансферлар келтирилади.
Муҳаммад-Али Шо: «Реал Сосиедад» → «Ницца» (10 млн евро)

19 ёшли француз форварди «Сосиедад»нинг асосий таркибидан жой ололмади. Шо жорий мавсумда 17 ўйинда иштирок этди (аммо жами 484 дақиқа майдонда бўлди), бирорта гол ёки голли пас муаллифи бўла олмади. У басклар сафидаги жами 40 ўйинида атиги икки бор гол урган. «Сосиедад» Муҳаммад-Алини ижарага беришни истамад ва уни «Ницца»га яхшигина нарх эвазига пуллади. Ёш ҳужумчи ўз ватанида яхшироқ ўйнаб кетадими?
Филиппо Терраччано: «Верона» → «Милан» (4,5 млн евро)

«Милан» мавсумни у қадар кучли ўтказмаяпти. А Серияда жамоа учликда бормоқда, аммо «Интер» ҳамда «Ювентус»нинг олтин учун рақобатига қўшила олмаяпти. «Россонерилар» Италия кубогини ҳам тарк этишди, Чемпионлар лигасида эса гуруҳда учинчи ўринни эгаллашди. Жамоадаги муаммолардан бири — захира ўриндиғи кенг эмаслигида: етакчилардан кимдир сафдан чиқса, «Милан» ўйинида пасайиш юзага келмоқда. «Верона»дан ҳимоячи Филиппо Терраччанонинг сотиб олиниши — вазиятни ўнглаш учун ташланган қадамлардан бири бўлди. Ушбу футболчи ўнг қанотда ҳам, марказда ҳам ва ҳатто яримҳимояда ҳам ўйнашга тайёр. Умуман олганда, Пиоли у қадар катта бўлмаган маблағ эвазига универсал футболчига эга бўлди. Терраччано билан шартнома 2028 йил ёзига қадар имзоланган. Филиппо «Милан»га мослашиб кетиш учун етарлича вақт бўлади.
Малик Фофана: «Гент» → «Лион» (17 млн евро)

«Лион»да келажак учун навбатдаги трансфер. Клуб 18 ёшли вингер Малик Фофана билан шартнома имзолади. Унинг трансфери учун «Гент»га — 17 млн евро тўланди. Шунингдек, клублар ўртасидаги келишувга кўра, маълум шартлар бажарилганда, бонуслар тўланиши ҳам кўзда тутилган. Жорий мавсумда Фофана «Гент» учун барча турнирлар доирасида 31 учрашувда майдонга тушиб, тўрт гол урган ва беш голга узатма берган. «Лион» ички чемпионатда 16-ўринда бормоқда, жамоада вазият жуда ёмон. Янги футболчи «Лион»га инқироздан чиқишга ёрдам бера оладими?
Раду Дрэгушин: «Женоа» → «Тоттенҳэм» (25 млн евро)

«Тоттенҳэм» жиддий кадрлар муаммосини бошдан кечирмоқда. «Шпорлар» мавсумни кучли бошлаган ва маълум вақт давомида АПЛда етакчилик қилганди, аммо жароҳатлар барчасини барбод қилди. Бир неча ўйинларда ҳимоя марказида қанот футболчиларини ўйнатишга тўғри келди. Умуман, жамоа ушбу позицияни кучайтиришга эҳтиёж сезаётганди. Ва «Тоттенҳэм» Италиядан ҳимоячи топди. Лондонликлар 25 млн евро эвазига «Женоа»дан Раду Дрэгушинни олиб келишди. Инглизлар ушбу футболчи учун рақобатда «Бавария»дан устун келди. Руминиялик футболчи дастлаб лондонликларга ваъда бериб қўйгани туфайли Германия грандига рад жавобини берди, Лондон клуби эса уни бу мардлиги учун кўпроқ маош билан сийлади. У аллақачон АПЛда «Манчестер Юнайтед»га қарши кечган ўйин (2:2) охирида майдонга тушиб, «шпорлар» сафидаги дебютини амалга оширди. Бу трансфер доирасида (сотиб олиш ҳуқуқи билан) «Тоттенҳэм» ҳимоячиси Жед Спенс Италия клубига ижарага берилган.
Эрик Дайер: «Тоттенҳэм» → «Бавария» (текинга)

Кутилмаган трансфер. Дайер бу мавсумда «Тоттенҳэм»нинг асосий таркибидан тушиб қолди. Аммо «Бавария» ушбу инглизни ўз сафига олишга қарор қилди. Агар журналист Флориан Плеттенбергга ишонилса, мюнхенликлар инглиз футболчини текинга қўлга киритган. Аммо у агар маълум вақт оралиғида муайян миқдордаги ўйинларда майдонга тушадиган бўлса, тўлов қилишга тўғри келади. Бу сумма 3-3,5 млн евродан ошмайди. Футболчи билан шартнома яна бир мавсумга узайтириш эҳтимоли билан 2024 йил ёзига қадар тузилган. Дайер «Бавария»га ўтишини — «орзуларнинг амалга ошиши» деб таърифлади. Эътиборли жиҳати, Эрик Мюнхенда «Тоттенҳэм»даги собиқ жамоадоши Ҳарри Кейн билан бирга тўп суради. Шундай экан, унда мослашиш жараёни осонроқ кечади.
Фабиу Карвалио: «Ливерпул» → «Ҳалл Сити» (ижара)

«Ливерпул» португалиялик футболчисини «РБ Лейпциг»дан қайтарди ва уни бошқа клубга ижарага берди. Германияда Карвалио барча турнирлар доирасида 15 ўйинда майдонга тушди, аммо гол ёки голли пас муаллифи бўла олмади. Энди ушбу яримҳимоячиси Чемпиошипда «Ҳалл Сити» учун тўп суради. Келишув 2023/2024 йиллар мавсуми якунигача тузилган. «Ҳалл» АПЛга қайтиш учун курашмоқда. Карвалио янги клуби билан бунга эриша олса, Юрген Клопп унга «Ливерпул»да яна имкон бериши мумкин.
Тимо Вернер: «РБ Лейпциг» → «Тоттенҳэм» (ижара)

«Тоттенҳэм»дан яна бир ўзига хос қадам. Жароҳатлар ва Сон Хин Мин Осиё Кубогига йўл олгани туфайли клуб ҳужум чизиғида ҳам чекланиб қолди. Бу муаммони ҳал этиш учун, «шпорлар» «Лейпциг»дан германиялик форвард Тимо Вернерни ижарага олди. Келишувга кўра, у мавсум якунида 18 млн еврога сотиб олиниши ҳам мумкин. Вернер бундеслиганинг жорий мавсумида барча турнирлар доирасида 14 учрашувда майдонга тушиб, икки гол урган ва бир голга узатма берганди. АПЛда «Челси»да ўйнаб кета олмаган Тимо Лондоннинг бошқа клуби сафида дебют қилишга улгурди ва «МЮ» дарвозасига урилган иккинчи жавоб голига ассистентлик қилди.
Ян Матсен: «Челси» → «Боруссия» Дортмунд (ижара)

«Боруссия» қишки трансферлар ойнасида АПЛнинг топ клублари футболчиларини ижарага олиш стратегиясини амалга оширмоқда. Дортмундликлар дастлаб «Челси»дан ҳимоячи Ян Матсенни олди. «Боруссия»да ҳимоянинг чап қанотида муаммо кузатилмоқда, шу туфайли 21 ёшли нидерландияликнинг хизматларига эҳтиёж сезилди. Матсен 2018 йилдан буён «Челси» тизимида. Жорий мавсумда у «кўклар» учун барча турнирлар доирасида 15 ўйин ўтказди. Transfermarkt портали унинг трансферини 20 млн еврога баҳолаган. Агар у «Боруссия»да ўзини кўрсата олса, мавсум якунида тўлақонли трансфер бўйича музокаралар бошланиши мумкин.
Жейдон Санчо: «Манчестер Юнайтед» → «Боруссия» Дортмунд (ижара)

Англиялик вингер бош мураббий Эрик тен Ҳаг билан зиддият туфайли «МЮ» таркибидан четлатилганди. Санчо 2023 йил августидан буён ўйнамади ва ватанида ғамгин кунларни бошдан кечирди. Якунда Дортмунднинг «Боруссия» клуби ёрдамга келди. Немислар собиқ футболчисини ижарага олди. Жейдон ушбу трансфердан кейин ниҳоят юзида табассум билан футбол ўйнаши мумкинлиги ҳақида гапирди: у чиндан ҳам ўзини бахтиёр ҳис қилмоқда ва «Боруссия»га қайтганидан кейинги илк ўйинида голли пас муаллифига айланди. Вингер учун фаолиятини қайтадан йўлга қўйиш учун яхши имконият.
Раде Крунич: «Милан» → «Фенербаҳче» (ижара)

«Фенербаҳче» жорий мавсумда Туркия чемпионлиги учун жиддий бел боғлаган. «Канарейкалар» чемпионатда 10 йилдан буён ғолиб чиқмаган, шу туфайли совринни ўзиники қилиш учун барча чораларни кўрмоқда. Бу қадамлардан бири — сифатли футболчиларни ижарага олиш. «Милан» яримҳимоячиси Раде Крунич Истанбулга ташриф буюрди. Босниялик футболчи мавсум якунига қадар ижарага олинган. «Милан» ва «Фенербаҳче» ўртасидаги келишувда тўлақонли трансфер имконияти тўғрисидаги банд ҳам бор. Футболчи жорий мавсумда «россонерилар» учун барча турнирлар доирасида 14 ўйин ўтказган.
Леонардо Бонуччи: «Унион» → «Фенербаҳче» (суммаси номаълум)

«Фенербаҳче»да яна бир фойдали трансфер. Италиянинг кўп карра чемпиони ва Европа чемпиони Леонардо Бонуччи Истанбулга келди. Ушбу тажрибали ҳимоячи Берлининг «Унион» клубига мослаша олмади, шу туфайли вазиятни ўзгартиришга қарор қилди. Бонуччи «Фенербаҳче» билан мавсум якунига қадар шартнома тузган. Журналист Николо Ширанинг хабарига кўра, Лео турклар клубидаги ярим йил ичида 1,2 млн евро ишлаб олади. Ўз навбатида, бу «Фенербаҳче» учун ҳам маркетинг ва PR жиҳатдан ажойиб юриш бўлди. Энди асосийси, Бонуччи жамоага майдонда ҳам ёрдам бериши.
Мавзуга оид
15:40 / 06.02.2026
Қишдаги асосий трансферлар: «Сити» яна фаол, Эндрик «бахти»ни топди, Саудияда можаролар
20:12 / 02.02.2026
Қишки трансферларнинг сўнгги кунидаги 10 интрига
16:36 / 22.12.2025
Семенё – қишки трансферлардаги асосий актив. У қайси клубга ўтади?
16:10 / 07.02.2025