Ўзбекистон | 17:50 / 25.09.2023
15175
3 дақиқада ўқилади

“Пирамида” миллий телесериали бугун, 25 сентябрдан бошлаб эфирга узатилади

Фото: Panorama Fox

“Менинг юртим” телеканали ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда реал воқеаларга асосланган “Пирамида” сериали бугун, 25 сентябрдан бошлаб эфирга узатилади.

“Менинг юртим” телеканали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда реал воқеаларга асосланган “Пирамида” сериалини тақдим этмоқда. Телеканал мазкур сериални давлат бюджети ҳисобидан эмас, ўз маблағлари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан суратга олган.

“Пирамида” — криминал, детектив жанрда олинган ўзбек миллий сериали бўлиб, уч фаслдан иборат. Биринчи фасл 21 та қисм бўлиб, ҳар бир қисмнинг хронометражи 45 дақиқани ўз ичига олади.

Сериал “Менинг юртим” телеканали ва “Panorama Fox” студияси билан ҳамкорликда тасвирга олинган. Сериалда молиявий фирибгарликнинг аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Воқеалар осон пул топиш йўлини танлаган Аббос ва унинг шериклари атрофида кечади. Улар тузган молиявий пирамида минглаб одамларнинг ишончига кириб, ўз домига тортади. Натижада эса алданганлар бор-будларидан айрилиб қолишгача боради. 

Сериалда мансабдор шахсларнинг коррупцияга йўл қўяётганлари ҳам очиб берилади. Албатта, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деганларидек, “пирамида”чиларнинг фирибгарликлари ҳам сув юзига қалқиб чиқади. Томири чуқур илдиз отиб кетган фирибгарлар гуруҳини фош қилиш ҳам осон кечмайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан махсус режа асосан иш кўрилади. 

Умуман олганда сериал орқали аҳолининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлигини ошириш, огоҳликка чорлаш ғояси ётади. Фирибгарларнинг ёлғонларига ишониб, тез ва осон мўмай даромад топиш кетиш йўлларига учмасдан, балки ҳалол меҳнат қилиш орқали ўз давлатини зиёда қилиш йўллари кўрсатиб берилади. Зеро, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Ислом Ҳамро ссенарийси асосида тасвирга олинган сериалга Зуҳриддин Рустамов режиссёрлик қилган. Продюсер Умид Соатов бошчилигидаги 12 нафардан иборат ижодий жамоа 8 ой давомида лойиҳа атрофида ҳамжиҳатликда ишлашди. 

“Пирамида” сериали 25 сентябрдан “Менинг юртим” телеканалида соат 21:30 да намойиш этилади.

Мавзуга оид