Ўзбекистонда ҳам таъсири сезилаётган магнит бўронлари қай даражада хавфли?
Сўнгги йилларда “магнит бўронлари” деган тушунча кўп қўлланила бошланди. Айрим оммавий ахборот воситаларида, хусусан телеканалларда об-ҳаво маълумоти билан бирга магнит бўронлари ҳақида ҳам қисқа маълумотлар берила бошланди. Хўш, аслида бу қандай жараён ва унинг бизга таъсири қанақа?
Айримларимиз бошимиз оғриши, қон босимимиз ошишини тушуниб-тушунмай магнит бўронлари билан боғлаймиз. Бу тахминга асос бор, фақат қисман. Магнит бўронларининг Ер сайёрасига турли-туман таъсирлари кенг ўрганилган ва инсон саломатлигида салбий оқибатлар келтириб чиқариши ҳам ўз исботини топган. Фақат гап бу бўронларнинг давомийлиги, кучлилиги ва қайталаниш частотаси каби омилларга боғлиқ.
Умумий маълумот: магнит (аниқроғи геомагнит) бўронлари Қуёшда пайдо бўлган чақнашлар оқибатида ҳосил бўлган шамол билан микрозарралар учиб келиб, Ернинг электромагнит қатламига таъсир қилишидир. Биз айнан мана шу таъсирот оқибатларини ҳис қиламиз. Одатда бундай жараёнлар ўртача 6-7 соат давом этади. Чақнашдан сўнг Ернинг электромагнит қатлами ўртача 3 сутка давомида ўз ҳолига қайтади.
Магнит бўронлари ҳақида дастлабки тадқиқотларни инглиз олими Ричард Кэррингтон ўтказган. 1859 йилда у Қуёшдаги чақнашларни кузатиш асносида бу жараёндан бир неча соат ўтиб геомагнит фаоллик кескин ошишини аниқлаган.
Магнит бўронларининг қайталаниш сони Қуёш ҳолатига бевосита боғлиқ. Қуёш минимуми кузатилган йилларда бундай жараёнлар йилига атиги 1-2 марта кузатилса, Қуёш фаоллиги юқори даражага чиққан йилларда бу кўрсаткич 50 мартагача етиши мумкин. Шу боис умумий ўлчов учун 11 йиллик цикл ўрганилади. Ҳисоб-китобларга кўра 75 йил умр кечирган инсон ўрта ҳисобда 2250 марта магнит бўронларини бошдан кечиради ёки умрининг 15 йилини шу жараён остида кечиради. Шу боис бу табиий ҳодисани ваҳима билан қабул қилишга ўрин йўқ. Мисол тариқасида ўтган асрнинг сўнгги чораги (1976-2000 йиллар) давомида 798 марта магнит бўронлари кузатилган.
Магнит бўронларининг саломатликка таъсири бўйича турли-туман тадқиқотлар ўтказилган ва уларнинг аксарияти юрак-қон томир тизимига тааллуқли. Бу борада кардиолог шифокор Рамеш Ҳамроев маълумот беради:
– Асосан юрак-қон томир тизими хасталикларидан азият чекувчи кишилар магнит бўронлари чоғида эҳтиёт бўлишлари даркор. Инсон организмида Менделеев даврий жадвалининг кўпгина элементлари мавжуд. Жумладан, темир моддаси ҳам. У қизил қон таначалари (эритроцитлар) таркибида бўлиб, манфий зарядга эга. Физикадаги бир хил зарядланган заррачаларнинг ўзаро итарилиш қонунига кўра, томирда қоннинг эркин ҳаракати юзага келади. Шу темир моддасига магнит бўрони таъсир қилганида эса зарядлар ўзгаради. Бир-бирини итариш ўрнига торта бошлаган таначалар томирларда қоннинг эркин ҳаракатини қийинлаштиради. Натижада қон босими ортади. Қон босимининг ошиб туриши томирлар ички деворининг шикастлайди.
Шикастланган деворчаларга қоннинг шаклли элементлари ёпишиб, томирларда тромб ҳосил қилади. Сурункали хасталикларга, айниқса юрак-қон томир тизими касалликлари, гипертония ва гипертензияга чалинган беморларда инфаркт ҳамда инсульт каби асоратларнинг хавфи ортади. Бунинг олдини олиш учун эса бемордан шифокор тавсия қилган қонни суюлтирувчи ва бошқа дори воситаларни ўз вақтида қабул қилиш, фаол турмуш тарзини кечириш, юқори калорияли таомларни мева сабзавотлар билан алмаштириш шунингдек, соғлом турмуш тарзига риоя этиш талаб қилинади.
Бундан ташқари табиат инжиқлиги нерв толаларини ҳам четда қолдирмайди. Магнит бўрони натижасида организмда адреналин ва норадреналин гормонлари ишлаб чиқарилади. Бу гормонлар соғлом инсонда бош айланиши, мушакларда оғриқ, уйқучанлик ёки уйқусизлик, кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, асабийлик, бош айланиши каби белгиларни юзага келтирса, хасталикка мойиллиги бор беморлар ва қарияларда мияга қон қуйилиши хавфи ортиши мумкин...
Табиатнинг бу ҳодисасини ўрганиш ва прогнозлаш бўйича маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази("Ўзгидромет")га телефон орқали мурожаат қилдик. Маълум бўлишича, бу марказ магнит бўронларини прогнозлаш, уларнинг таъсирини ўрганиш билан бевосита шуғулланмас экан.
Ўзбекистондаги Астрономия институтида Қуёш фаоллиги бўйича узлуксиз тадқиқотлар олиб борилади.
Магнит бўронлари нафақат инсон организмига, балки турли-туман технологиялардаги иш жараёнига ҳам таъсир ўтказади. Хусусан, алоқа каналлари ва воситалари, йўлдошлар навигация тизимлари, космик кемалар, самолётлар ҳаракати, электр узатиш тармоқлари кабилар ишида узилишлар кузатилиши мумкин.
Маълумот ўрнида: Магнит бўронларининг турли хил ранглар билан белгиланувчи 8 даражаси белгиланган. Айнан бугун ва эртага, яъни 31 август ва 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон осмонида қизил ранг билан белгиланувчи бешинчи даражали – енгил магнит бўронлари кузатилади.
Аброр Зоҳидов.