Жаҳон | 18:46 / 20.09.2023
42207
6 дақиқада ўқилади

Қорабоғ энди тўлиқ Озарбойжон «бағрида»: буёғига ҳудуддаги арманлар тақдири нима кечади?

Ўзини мустақил давлат деб эълон қилган, бироқ жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган Қорабоғдаги арман айирмачилари ниҳоят таслим бўлишди. 1988 йилда бошланган можародан сўнг Қорабоғ тўлиқ Озарбойжон юрисдикциясига ўтмоқда. Хўш, қорабоғликлар энди Озарбойжон таркибида қандай яшашади?

Қорабоғлик қочқинлар нажот истаб Хўжаванддаги аэропортга боришган. Бу ерда Россия тинчликпарвар кучлари штаби жойлашган.

Кузатувчиларда энди буёғига арманлар озарлар билан тотув яшай олармикан, озарбойжонлар Қорабоғдаги арманларни қисиштирмайдими, уларни Арманистонга кўчишга мажбур қилмайдими, деган хавотирлар мавжуд.

Энг аввало, Қорабоғ ҳудудида яшаб келаётган арманлар бундан саросимага тушиб қолишган. Уларнинг орасида шошилинч Қорабоғни тарк этишга киришганлари ҳам бор.

Бунгача ҳам «Арцах» (арманлар Қорабоғни шундай аташади) мустақиллигини тан олмаган, ниҳоят Қорабоғ Озарбойжоннинг бўлинмас ҳудуди эканига иқрор бўлган Арманистон Республикаси ҳам сулҳ музокараларида қорабоғлик миллатдошлари бўлган арманлар келгусида Озарбойжон таркибида хавфсиз яшаши, босимга учрамаслигини талаб қилиб келади.

Озарбойжон 1992 йилдан кейин Арманистон ва дунёнинг турли чеккаларидан ҳудудга кўчириб келтирилган арманларни депортация қилишига аввалдан шама қилиб келади. Фақат аждодлари азалдан шу ҳудудда яшаб келганларгагина Озарбойжон фуқаролиги тақдим этилади. Турли маълумотларга кўра, Арманистон ва Россия у ёқда турсин, Сурия, Ливан ва Туркия каби давлатлардан ҳам миллати арман бўлган фуқаролар Қорабоғга кўчиб келиб жойлашишган.

Уларнинг аксарияти Биринчи ва Иккинчи Қорабоғ урушида ва турли партизанлик ҳаракатларида Озарбойжонга қарши жанг ҳам қилишган.

Озарбойжон ва арманлар ўртасидаги муносабатлар соф миллий ихтилоф. Миллий ихтилофлар собиқ СССРнинг бошқа республикаларида ҳам юз берган. Лекин Абхазияда гуржилар, Гуржистонда абхазлар бемалол юришади. Днестрбўйида молдованлар, Молдовада руслар босимга учрамасдан бемалол умргузаронлик қилишади.

Лекин озарбойжон ва арман миллати ўртасида муносабат ундай эмас. Масалан, Арманистонда бирорта озарбойжон йўқ. Қорабоғ ҳисобга олинмаса, аҳолиси 10,2 млн бўлган Озарбойжонда ҳам арманлар сони у қадар кўп эмас: турли ҳисоб-китобларга 15–20 минг атрофида. Қорабоғ билан қўшиб ҳисобланса Озарбойжондаги арманлар сони 120 минг чиқади.

Бу ихтилоф Озарбойжонда узоқ йиллардан бери нишонланадиган миллий байрамларда ҳам ўз аксини топган. Масалан, бу ерда 26 феврал Хўжали геноциди, 31 март эса 1918 йилда арман миллатчилари томонидан озарбойжонлар геноцид қилинган кун сифатида нишонланади. Албатта, бундай байрамларнинг кенг нишонланиши ҳам келгусида силлиқ интеграцияга халақит беради ва хавотирларни кучайтиради.

Тарихга қарасак, арманлар истиқомат қилган Қорабоғ ҳудуди СССР чоғида Озарбойжон таркибидаги Тоғли Қорабоғ автоном области эди. У битта шаҳар, бешта райондан иборат бўлган: Степанакерт шаҳри ҳамда Аскеран, Ҳадрут, Мардакерт, Мартуни ва Шуша районлари. 1989 йилда автоном областдаги 189 минг аҳолининг 76,92 фоизи арман, 21,52 фоизи озарбойжон, қолган 1,56 фоизини бошқа миллатлар ташкил этган.

Озарбойжон ССР таркибидаги Тоғли Қорабоғ автоном областининг маъмурий бўлиниши ҳамда урушгача арманлар ва озарбойжонлар компакт яшаган ҳудудлар. 1989 йил

Айни пайтда Озарбойжон Республикасининг маъмурий ҳудудий бўлинишига кўра Қорабоғ ҳудуди алоҳида ажратиб кўрсатилмаган. Яъни Озарбойжонда арманларга алоҳида автономия бериш кун тартибида йўқ. Ҳолбуки, Озарбойжонда аҳолиси асосан озарбойжонлардан иборат бўлган Нахичивон автоном республикаси бор.

Озарбойжоннинг ҳозирги маъмурий ҳудудий бўлиниши харитаси

Жорий маъмурий бўлинишга кўра Хонканди (Степанкерт) шаҳри алоҳида маъмурий бирлик, эски ТҚАОнинг шимолий қисми Тартар (харитада — 56), Келбажар (26) туманлари ҳудудига қўшиб юборилган, эски туманлардан Шуша (54), Хўжали (63), Хўжаванд (64) ўша чегараларда қолган.

Тўғрисини тан олиш керак, айни шароитларда Қорабоғ арманларига алоҳида автономия бериш — можаронинг келгусида ҳам авж олиши учун замин яратади. Бироқ, катта эҳтимол билан, Озарбойжон барибир арманлар ўз она тилида таълим олиши учун шароит яратиб беради. Яъни уларни мажбурлаб «озарбойжонлаштириш»га қўл урмайди, деган ишонч юқори.

Қолаверса, маҳаллий бошқарувда ҳам арманларга раҳбарлик лавозимлари берилиши мумкин. Чунки бусиз иноқ ва иттифоқ яшашнинг иложи йўқ. Энг муҳими, Озарбойжон ва Қорабоғ арманлари ўртасидаги музокара жараёнларида на Арманистон, на Россия, на Туркиянинг иштирок этаётгани. Энг тўғри йўл — юзма-юз ўтириб музокара ўтказиш ва келишиш эди. Шу йўл танланди.

Бундан буёғига Озарбойжонда уруш бўлмайди. Расмий Боку ҳудудга инвестиция киритиб, инфратузилмани ривожлантиришни бошлайди. Албатта, бундан биринчи навбатда Қорабоғда истиқомат қилиб келаётган аҳоли ютади. Бетакрор табиати ҳамда йиллар давомида довруғи жаҳонга кетган гўша бутун дунёда туристларни жалб қилиши мумкин.

Навбатдаги вазифа – Зангезур коридорини очиш ва Арманистон иқтисодиётига катта фойдаси тегадиган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланади. Арманистон Озарбойжон ва Туркия билан муносабатларни тиклаб, бундан катта фойда олиши мумкин.

Дарвоқе, Қорабоғда энди Россия тинчликпарвар кучларига эҳтиёж йўқ. Улар ҳудудни секин тарк этаверса ҳам бўлади. Воқеалар Арманистон ҳам Гюмри шаҳридаги Россия ҳарбий базасини ёпишига қараб кетмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид