Ўзбекистон | 18:57 / 26.01.2021
10115
2 дақиқада ўқилади

Вазир мактаблар ҳудуди ва мулкининг ҳокимлар томонидан тадбиркорларга бериб юборилаётгани бўйича Сенатдан ёрдам сўради

Шерзод Шерматов мактаблар ҳудуди ва мулкининг ҳокимлар томонидан тадбиркорларга бериб юборилаётгани ва мактабларга етиб борган интернет тўлови учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш бўйича Сенатдан ёрдам сўради.

26 январ куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилди.

Унда «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг умумий ўрта таълимга оид қисми ижроси юзасидан ахборот берган халқ таълими вазири яна бир қатор масалалар бўйича Сенатдан ёрдам сўради, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Халқ таълими муассасалари ҳудуди ва кўчмас мулки бутунлигини ҳамда дахлсизлигини таъминлаш керак. Баъзи ҳудудларда ҳокимлар томонидан мактаб ҳудуди ёки биносини тадбиркорга бериб юбориш ҳолатлари кузатиляпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда, яъни ҳокимларнинг қарорлари қонунийлигини текширишда Сенатнинг назорати зарур бўлади», – деди Шерзод Шерматов.

Вазирга кўра, мактабга бу борада ёрдам қилиш йўллари ҳам бор.

«Масалан, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 243-сонли мактабнинг 0,6 га ҳудуди тадбиркорга берилди ва тадбиркор томонидан мактабнинг бўш ер участкасига 1200 ўринли қўшимча бино қуриб берди. Шунга ўхшаган таклифлар бўлса, албатта, буни йўлга қўйишимиз керак», – таъкидлади Шерматов.

Шерзод Шерматовнинг айтишича, 2021 йилда Ахборот технологиялари вазирлиги республикадаги барча мактабларга юқори тезликдаги интернет тармоғини олиб боради. Лекин интернетдан фойдаланиш хизматларига маблағ ажратилмаса, бу ислоҳотлар фойда бермайди.

«Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил январ ойидан бошлаб маҳаллий бюджет харажатлар сметасини шакллантиришда умумтаълим муассасаларининг Интернетдан фойдаланиш хизматлари (“Education” тариф режаси) учун маблағлар ажратилиши ва марказлашган ҳолда маҳаллий бюджетдан тўлаб борилиши белгиланган.

Шунинг учун Сиздан маҳаллий бюджет шакллантирилиши ҳамда ижроси назорат қилиниши жараёнида шу масалани алоҳида назоратга олиб беришингизни сўраймиз», – деди Халқ таълими вазири.

Мавзуга оид