Ўзбекистон | 08:42 / 03.08.2021
3896
4 дақиқада ўқилади

Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Roehren-und Pumpenwerk Bauer Gesellschaft.m.b.H» компанияси ўртасида сувни тежайдиган замонавий технологияларни етказиб бериш ва тўлиқ ўрнатиш бўйича имзоланган келишувга мувофиқ «UniCredit Bank Austria AG» банки томонидан 26 йил 6 ойга 8 йиллик имтиёзли даври билан 7,9 млн евро миқдорида кредит берилиши маъқулланган.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • «Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш» лойиҳасини молиялаштириш учун «UniCredit Bank Austria AG» банкининг кредити бўйича асосий қарзни, унга ҳисобланадиган фоизлар ва бошқа тўловларни қайтариш прогноз жадвали;
  • Замонавий ёмғирлатиб суғориш технологияларини етказиб бериш ва тўлиқ ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Бурғилаш хизмати» МЧЖ лойиҳа ижрочиси ҳисобланади.

Лойиҳа ижрочиси Unicredit Bank Austria AG банкидан жалб этилаётган кредит бўйича асосий қарз, ҳисобланадиган фоиз ва бошқа тўловлар тўланиши учун масъулдир. Кредит ижрочи томонидан ўз вақтида сўндирилмаган тақдирда қарздорлик Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Низомда Австриянинг «Roehren-und Pumpenwerk Bauer Gesellschaft.m.b.H.» компанияси (ишлаб чиқариш ташкилоти) томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий ёмғирлатиб суғориш технологияларини етказиб бериш ва тўлиқ ўрнатиш тартиби белгиланган.

Суғориш технологияларини жорий этувчи ташаббускорлар манзилли рўйхатини шакллантириш учун қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилади. Вазирлик лойиҳа учун ажратилган маблағлар доирасида манзилли рўйхатни шакллантириш бўйича ўзининг расмий веб-сайтида ҳамда ахборот ресурсларида эълон беради.

Суғориш технологияларини жорий этувчи ташаббускорлар эълон берилган кундан бошлаб бир ой муддатда вазирликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • суғориш технологияларини жорий этиш тўғрисида белгиланган шаклдаги ариза;
  • суғориш технологиялари жорий этиладиган ер участкаси тўғрисида маълумотлар;
  • жорий қилинадиган суғориш технологиялари тўғрисида маълумотлар.

Ишчи гуруҳ ташаббускорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўн иш кунида кўриб чиқади ҳамда уларни манзилли рўйхатга киритиш ёки киритишни асослантирилган ҳолда рад этиши тўғрисида қарор қабул қилади. Ишчи гуруҳ қарори тегишли хулоса шаклида расмийлаштирилади.

Вазирлик тасдиқланган манзилли рўйхатни ва ташаббускорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни уч иш кунида ишлаб чиқарувчи ташкилотга етказади. Ташкилот тақдим этилган ҳужжатлар асосида икки ой муддатда ҳар бир ташаббускор учун тижорат таклифларини шакллантиради ва вазирликка тақдим этади.

Вазирлик тижорат таклифларини беш иш кунида ташаббускорларга ёзма ёки электрон шаклда давлат тилида тақдим этади.

Мавзуга оид