Ўзбекистон | 16:41 / 06.10.2021
5476
3 дақиқада ўқилади

“Охирги 2–3 йил ичида дунё бўйича фақат ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг даромади 1,5 баробар ошди” — Баҳодир Умрзоқов

Сўнгги 2–3 йил давомида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг даромади 1,5 баробар ошди, қолган давлатлар мигрантларининг даромади эса 3 баробарга тушиб кетди, деди меҳнат вазири ўринбосари.

Фото: Kun.uz

5 октябр куни Тошкентда “Ўзбекистон: беш йиллик ислоҳотлар” номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов ташқи меҳнат миграцияси ҳақида тўхталди.

“Олдин меҳнат миграциясига нисбатан жамиятда ҳам, ҳукуматда ҳам салбий фикр бор эди. Мана шу 2-3 йил ичида бизга катта даромад келтирадиган соҳани қонуний-ташкилий қўллаб-қувватлаш йўлига ўтдик. Дунё бўйича тахминан 200 миллион меҳнат мигранти бўлса, фақатгина Ўзбекистондан бориб ишлаётган меҳнат мигрантлари даромади бир ярим баробар ошди, қолган давлатлар эса 3 баробарга тушиб кетди”, – дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Умрзоқов ушбу маълумот манбасига аниқлик киритмади.

У, шунингдек, меҳнат бозоридаги иккита камчиликка урғу берди.

“Биринчи ва асосий камчилигимиз – меҳнатга лаёқатли, Ўзбекистонда ишлайман деган ва ишлаётган иқтисодий фаол аҳолимизнинг салкам 52 фоизи норасмий соҳада ишлаётганидир. Расмий соҳада эса – 48 фоиз. Мана шу дисбалансни ўрнига қўйсак, бюджет ва ижтимоий тушумлар масалалари ўз-ўзидан яхшиланади.

Ўтган йил биз 500 минг фуқаромизни норасмийдан расмий соҳага ўтказамиз деб режа қилгандик, пандемия белига тепди. Лекин 360 мингини ўтказа олдик. Бу йили 550 минг кишини расмий секторга ўтказиш вазифасини қўйдик.

Яна бир муҳим тарафи, бизда чет элда ишлаётган фуқароларимиз расмий штатда ҳали 1 млн 600 минги норасмий соҳада ишлашмоқда, биз 360 мингини энди ўтказа бошладик, йил охиригача 400 минг киши расмий секторда ишлаётган бўлади.

Иккинчи асосий вазифамиз бу – ўқиш, касб-ҳунарга ўқитиш масаласи. Миллий таълим тизимининг энг паст поғонасида касб-ҳунарга ўқитиш турибди. Шу борадаги профессионал ишларимизни кўпайтиришимиз керак. Минглаб янги уйлар, йўллар қурилмоқда. Лекин уларни эксплуатация қилиш борасидаги мутахассислар етишмаяпти, кўпчилиги ҳаваскор.

Ҳукумат қарори билан 85та ўқув масканлари бизнинг тасарруфимизга ўтказилди. Ўша ерда ишлаётган педагогларни қайта ўқитиб, янги дастурларни ишлаб чиқиб, қисқа муддатда 26 йўналиш бўйича касб-ҳунар мутахассислигида кадр тайёрлашни бошладик. Агарда ўтган йилларда 36 минг кадрни аранг тайёрлаган бўлсак, бу йил йил тугамасдан 70 минг киши ўқувдан ўтди ва йил охиригача 100 минг кишини тайёрлашни мақсад қилганмиз. Кейинги йил 150 минг ва ундан кўпроққа ошириб бораверамиз”, – деди меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов.

Аввалроқ МДҲда умумий меҳнат бозори шакллантирилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид