Жаҳон | 08:10 / 20.05.2024
30854
2 дақиқада ўқилади

Эрон президентининг вертолёти қулаганидан кейин бутунлай ёниб кетган - Reuters

Қулаган вертолёт тасвирлари Эрон ОАВ томонидан эълон қилинди. Вертолёт қулагандан кейин тўлиқ ёниб кетган. Йўловчилар тақдири ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Фото: Tasnim News

Эрон президенти Иброҳим Раисий бортида бўлган вертолёт қулаганидан кейин ёниб кетди. Бу ҳақда Эрон ОАВ хабар берди.

Вертолёт сурати Эроннинг Isna агентлиги томонидан эълон қилинган. Аввалроқ Reuters агентлиги Эрон расмийсига таяниб, вертолёт қулагандан кейин тўлиқ ёниб кетганини маълум қилганди. Йўловчилар тақдири ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Қидирув-қутқарув ишлари ноқулай об-ҳавога қарамай, тун бўйи давом этди: Эрон оммавий ахборот воситалари ҳалокат содир бўлган ҳудудда ёмғир ёғаётганини хабар қилди. Вертолётни қидиришда Эрон армияси ҳам иштирок этган. 

Tasnim агентлиги хабарига кўра, ёниб кетган вертолёт маҳаллий вақт билан эрталаб соат олтиларда топилган 

Бахтсиз ҳодиса 19 май куни содир бўлди. Эрон президенти Иброҳим Раисий, шунингдек, мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Оятуллоҳ Муҳаммад Али Ал-Ҳошим Озарбойжон билан чегарадаги тўғон очилишидан қайтаётган эди. Вертолёт Шарқий Озарбойжон вилоятининг Узи қишлоғи яқинида қулаган. 

Оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, вертолёт қулаган ҳудудда туман тушган, шунингдек, у ерда ҳам ёмғир ёғмоқда, бу эса автомобиллар ва одамларнинг ўтишини қийинлаштирган лойга сабаб бўлган. 

Мавзуга оид