Ўзбекистон | 20:31 / 13.05.2020
58091
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда коронавирус аниқланган беморлардан бири вафот этди

Самарқандда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон -томир етишмовчилигидан вафот этди. Ўзбекистонда ушбу касалликдан вафот этганлар сони 11 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган беморлардан бири вафот этгани тўғрисида маълумот берди.

«Тойлоқлик Ў. шу йилнинг 9 май куни бурнидан қон кетиши ва умумий аҳволи оғирлиги кузатилганлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд вилоят филиали реанимация бўлимига ётқизилган. Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19  инфекцияси ҳам аниқланган. 

Ушбу бемор (эркак) сурункали буйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида бўлган. Унга иккинчи гуруҳ ногиронлик ҳам белгиланган. Шу йилнинг 28 апрелидан 5 майигача у юқорида келтирилган ташхис билан тиббиёт муассасасида даволанган, мунтазам режали диализ сеансларини олиб келган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатимиздаги нуфузли мутахассислар билан бирга хорижлик шифокорлар томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган. Бироқ мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бу Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморнинг вафот этиши билан боғлиқ ўн биринчи ҳолатдир. Бунгача Наманганда 4, Тошкентда 5, Фарғонада 1 ўлим қайд этилганди.

Қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда Самарқанд вилоятида эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда. Ушбу вилоят коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар бўйича етакчилик қилмоқда. Коронавирус инфекцияси юқтириб, ҳали тузалмаган беморлар сони бўйича ҳам вилоят сўнгги ўринлардан бирида турибди.

  • Вилоятда шу пайтга қадар 204 ҳолатда касаллик қайд этилган, улардан ҳозиргача 103 нафар бемор бутунлай ушбу инфекциядан соғайган, айни пайтда вилоятда 100 нафар бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид