Тарбиядаги хатолар, боладаги инжиқлик ва гаджетлар — болалар психологи билан суҳбат
Болаларнинг гаджетлар ишлатиши меъёри қанақа? Бола нега ёлғон гапиради? Ота-оналар тарбияда йўл қўядиган энг катта хатолар қайси?
Kun.uz шу ва бошқа саволлар билан болалар психологи Розалия Габдулҳаковага мурожаат қилди.
— 2019 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, гаджетлардан кўп фойдаланадиган болалар ўз тенгдошларидан 2–3 ёшга орқада қолиши, 9–10 ёшли болаларда бир кунда 3 соатдан кўп гаджетлардан фойдаланиш қандли диабет, семириш каби касалликларга олиб келиши, 15–16 ёш ўсмирларда суякларнинг мўртлашишига олиб келиши аниқланган. Кунига 7 соатини шунга сарфлайдиган болалар эса тушкунликка мойил бўлишади.
Буларни эшитгач, болани бутунлай гаджетлардан маҳрум қилиш ҳам тўғри бўлмайди, чунки замон талаби шундай. Болага ундан тўғри ва унумли фойдаланишни ўргатишимиз керак.
Бола гаджетга ўрганиб қолишидан асраш учун ота-она шахсий намуна бўлиши керак. Бола эшитганини эмас, кўрганини қилади. Оталар гаджетлар билан, оналар инстаграм ёки фейсбук, сериаллар билан банд бўлиб, болани бундан чеклаш батамом фойдасиз.
Болалар билан руҳан яқинлашиш керак. Ота-она жисмонан унинг ёнида бўлса-ю, хаёли телефонда ёки бошқа нарсада бўлса, бола уларни йўқдай ҳис қилади.
Бола нега ёлғон гапиради?
— Ёлғоннинг илдизида қўрқув ётади. Боланинг ёлғон гапириши – ота-она тарбияда жуда ҳам қаттиққўл эканидан далолат.
Ўсмирлик ёшида ҳам бола кўп ёлғон гапириши мумкин, чунки афсуски, кўп ота-оналар ўз болаларини қабул қила олмайди. Ота-онасининг тақиқлари ортидан ўсмирлар ёлғон гапиришга мажбур бўлишади.
«Истамайман, емайман, бормайман». Бола нега инжиқланади?
— Боладан нимадир қилиш ёки ниманидир қилмаслик сўралганида, у инжиқлик қилса, аввало ота-она ўзи учун аниқлик киритиб олиши керак: мақсади шунчаки боласига ўз айтганини қилдиришми ёки ҳақиқатан ҳам бола учун фойдали нарсани талаб қиляптими?
Боғча ёшини гапирадиган бўлсак, болаларда 3 ёш кризиси бор. Бунда бола ўз хоҳишлари ота-онасининг хоҳишларидан фарқланишини тушуниб етади ва ўз хоҳишларини ифодалай бошлайди. Бу пайтда ҳатто у хоҳлаган нарсани таклиф қилсангиз ҳам, рад этиши мумкин. Бу давр 2,5 ёшдан 4,5 ёшгача давом этиши мумкин.
Бу кризис ўтиб кетиши учун ота-онадан ёрдам керак бўлади: озгина айёрлик билан ёндашилган ҳолда. Бунда уларга хоҳишлари инобатга олинишини, аммо доим ҳам бундай бўлмаслиги мумкинлигини тушунтира олиш керак.
Масалан, дори ичиш керак бўлганда бола инжиқланса, унга «Дори ичасан» деган буйруқ эмас, иккита қошиқни кўрсатиб қай бирида ичишни исташини сўраш мумкин. Ёки овқатни қайси идишда ейсан? Боғчанинг бу эшигидан кирасанми, ёки унисиданми? Бунда бола масалани худди ўзи ҳал қилгандай, фикри инобатга олингандай ҳис қилади.
Боғча ёшидаги болаларнинг инжиқликларини уларга танлаш ҳуқуқини берган ҳолда бартараф этиш мумкин.
Ҳозирги ёшлар...
— Эрамиздан аввалги бир философ: «Ҳозирги ёшлар жуда бузилиб кетган: катталарни ҳурмат қилишмайди, овқатни бетартиб ейди, устозларини ҳурмат қилишмайди», деган экан. Ҳамма даврларда одамлар шундай фикрда бўлган.
Болани замонавий нарсалардан чеклаш эмас, ақлга тўғри келадиган даражада рухсат бериш керак. Телефон ишлатишини, интернетдан фойдаланишини буткул тақиқлаш ўрнига, ўргатиш ва маълум чекловлар билан (бунга махсус дастурлар ёрдам беради) рухсат бериш зарур.
Шу билан бирга, ота-она ҳам бола каби замон билан ҳамнафас бўлиши мақсадга мувофиқ. Бола TikTok'ни кузатяптими, у қанақа иловалигини сиз ҳам билишингиз, унинг фойда ва зарарларини бола билан муҳокама қилишингиз мумкин. Айрим ҳолатларда бола ўзи хато қилиб, хатоларидан ўрганиши ҳам мумкин.
Ота-она иш билан банд бўлиб, фарзанд тарбиясига вақт топишга қийналаётган бўлса...
— Бу ҳолатда инсон ўзи учун аниқлаб олиши керак: ишлаш учун яшаяптими ёки яшаш учун ишлаяптими?
Агар ҳаёт фақат ишдан иборат бўлиб, оилага вақт ажратилмаса, демак бу инсоннинг ўзида муаммо бор. Ҳаддан ортиқ кўп ишлаш, пул топишим керак деб доимий хавотирланиш, бу – психологик муаммо.
Албатта, бу борада ҳам замонавий имкониятлар бор. Болани 3 ёшдан кейин (3 ёшгача бола онаси билан иложи борича кўпроқ бирга бўлиши керак) бирор фойдали машғулот (спорт, тўгараклар) билан банд қилиш ёки энага ёллаш мумкин.
Уриб жазолашдан тийилиш керак
— 1940 йилгача болани уриб тарбиялаш оддий ҳол ҳисобланган. Ундан кейинги йилларда бу масала бўйича кўплаб изланишлар олиб борилган ва натижада калтак еб катта бўлган болада юқори агрессивлик, ота-она билан муносабат бузилиши, психологик саломатлик ёмонлашиши, қурбон ролига тушиб қолиш, ўзига ишонмаслик келиб чиқиши исботланган.
Уриб жазолашдан имкон қадар тийилиш лозим. Бу болани келажакда яна хато қилмасликка ўргатмайди.
«Сени детдомга бериб юбораман»
— Ота-она фарзандларни ўзаро таққослаши, адолатсиз бўлиши, уларга ишни тенг тақсимламаслиги ака-ука, опа-сингил жанжалига сабаб бўлади. Фарзандлар ўртасида адолат қилиниши бундай адоватларнинг олдини олади.
Ота-оналар кўпинча фарзандларига қаттиқ таъсир қилувчи гаплар айтишидан учта мақсад кўзланади: уят ҳис қилдириш, қўрқитиш, айбдорлигини сездириш. «Тенгдошинг эплаяпти, сен эса...», «Бир ураман...», «Сени детдомга бериб юбораман» кабилар билан қўрқитиш фойдасиз ва аксинча, зарарли. Бу – боланинг ўзига ишончи йўқолиши, ришталар узилишига олиб келади.
Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.
Маълумот учун, Розалия Габдулҳакова Instagram ва YouTube'даги саҳифаларида психологияга доир қизиқарли ва фойдали маълумотларни бериб боради, кузатувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беради.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
21:06 / 16.12.2024
Руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар пандемия даражасига етди – тадқиқот
14:21 / 10.12.2024
Украина РФ ва эгаллаб олинган ҳудудлардан 5 нафар болани қайтарди
11:33 / 23.11.2024
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда
10:53 / 16.11.2024