Ўзбекистон | 12:22 / 31.10.2023
66365
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар ноябр ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

2023 йил ноябр ойида республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат кечалари +5...+10 даражадан +0...+5 даражагача, кундуз кунлари +15...+20 даражадан +7...+12 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда октябр ойининг охирги кунида ёғиб ўтган ёмғир ва совуқдан сўнг, ноябр қуруқ ва анча илиқ об-ҳаво билан бошланади.

"Ўзгидромет" хабарига кўра, ойнинг биринчи беш кунлигида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол бироздан ўртача тезликкача эсади.

1 ноябрда кундузи ҳаво ҳарорати +17...+19 даража илиқ бўлади, 2-5 ноябр кунларига +21...+24 даражагача аста-секин кўтарилади. Фақат кечаси ва эрталаб +5...+10 даража бўлган ҳарорат билан салқин бўлиши кузатилади.

Кейинчалик, ойнинг охиригача, "Ўзгидромет"нинг дастлабки баҳолашига кўра, 2023 йил ноябр ойида республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат кечалари +5...+10 даражадан +0...+5 даражагача, кундуз кунлари +15...+20 даражадан +7...+12 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Совуқ ҳаво даврларида эса кечаси ва эрталаб -0...-2 даражагача бўлиши мумкин.

Республика шимолида анча паст ҳарорат фонида - ҳарорат кечалари +2...+7 даражадан -2...-7 даражагача, кундуз кунлари +10...+15 даражадан +7...+12 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Ушбу ноябр ойида ёғингарчилик меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кўп бўлиши кутилмоқда. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғади, совуқ даврларда эса қорга айланади.

Мавзуга оид