Ўзбекистон | 18:19 / 28.10.2023
9110
3 дақиқада ўқилади

Рекламада давлат тили талабларини бузганлик учун жарима белгиланади

Реклама тарқатишда давлат тилига доир талабларга риоя қилмаганлик учун 5–7 БҲМ маъмурий жарима (1,7 млн – 2,3 млн сўм) белгилаш таклиф этилмоқда. “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, реклама давлат тилида тарқатилиши керак. Рекламанинг таржимаси берилса, у давлат тилидаги асосий маънони сақлаши, шунингдек, таржима матни ҳарфларининг ўлчами кичикроқ бўлиши керак.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда реклама тарқатишда давлат тилига доир талабларга амал қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 650 минг сўмдан 2 млн 310 минг сўмгача) маъмурий жарима қўллаш таклиф этиляпти.

Тегишли қонун лойиҳаси Рақобат қўмитаси томонидан муҳокамага қўйилди. Жамоатчилик муҳокамаси 10 ноябргача давом этади.

Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.

Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:

  • реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
  • ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
  • рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
  • теле ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.

Юқоридаги талаблар:

  • фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;
  • кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;
  • Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга асосан, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгиланган.

Рақобат қўмитасига кўра, республика ҳудудларида жойлашган ташқи реклама объектларидаги рекламаларнинг давлат тили қоидаларига мослигини ўрганиш юзасидан жами 9 435 та мониторинг ўтказилган.

Шундан, 3 252 та (35 фоиз) рекламалар давлат тили қоидаларига мувофиқ эмаслиги аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган, 1 483 та (16 фоиз) рекламанинг матни бошқа тилларда (асосан рус тилида) берилгани аниқланган.

Шунингдек, 1 618 та (17 фоиз) реклама ва эълонлар матнида имловий ва луғавий хатолар мавжудлиги кузатилган.

Мавзуга оид