Жаҳон | 10:47 / 05.10.2021
97934
6 дақиқада ўқилади

«Пандора иши»: Гулнора Каримовага алоқадор маълумотлар очиқланди

Халқаро телекоммуникация соҳасидаги консультант Муҳаммад Амерси Тelia компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги фаолиятида оффшор битимларни тузиш ва амалга оширишда айбланмоқда.

Пандора ҳужжатларининг Ўзбекистонга алоқадор қисмлари ҳам очиқланмоқда. Улардан бири телекоммуникация соҳасидаги консультант, Борис Жонсоннинг бош вазир бўлиш кампаниясини молиялаштирган Консерваторлар партиясининг йирик донори Муҳаммад Амерси билан боғлиқ. BBC бу борадаги маълумотларини эълон қилди.

Иллюстрация: Guardian Design/Martin Godwin; Yves Forestier/Getty Images; Reuters

Қайд этилишича, 2010 йилда Швециянинг Теlia компанияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Муҳаммад Амерси оффшор ширкатга 220 миллион доллар тўлов ўтказиш жараёнида иштирок этган. Ушбу оффшор ширкатни эса Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова назорат қилган. АҚШ ҳукумати ушбу тўловни «220 миллион долларлик пора» сифатида эътироф этган. Теlia ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.

Ушбу ҳаракат АҚШ Адлия вазирлиги тарафидан Теlia ширкати ва унинг баъзи мулозимларига қарши қўзғатилган ишнинг бир қисми сифатида ҳам кўрилади. Аммо ушбу иш 2017 йилда судга ўтмасдан тўхтатилган. Бунга Теlia компаниясининг коррупцияга доир қонунларни тан олгани ва 965 миллион доллар жарима тўлашга розилик бергани сабаб бўлган.

Теlia расмийлари Швецияда Гулнора Каримова билан ноқонуний муомала қилишда айбланган, аммо суд бу ишда мамлакатнинг порахўрлик тўғрисидаги қонунлари бузилмаган деб топиб, компанияни оқлаган.

Айбловларга жавобан, Амерсининг адвокатлари коррупцион тўловлар амалга оширилгани ҳақидаги гаплар асоссизлиги, келишувнинг Теlia тарафидан синчковлик билан текширилиб, маъқуллангани ва айбловларга асос йўқлиги, Амерсининг лойиҳада атиги олти ҳафта ишлаганини келтиришган.

BBC томонидан олиб борилган суриштирувларга кўра эса у 2007−2013 йилларда Швеция компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги фаолиятига ҳамроҳлик қилган.

Муҳаммад Амерси аслида ким?

Муҳаммад Амерси Борис Жонсон билан / Guardian

Буюк Британия фуқароси ҳисобланган Амерси Кенияда туғилган, асли келиб чиқиши Ҳиндистон ва Эронга бориб тақалади. Британиянинг Шеффилд ва Кембриж университетларида тиббиёт ҳамда ҳуқуқшунослик йўналишларида таълим олган. Хайрия жамғармаси веб-саҳифаларида ўзини «глобал алоқа тадбиркори, хайриячи ва ғоявий етакчи» сифатида таърифлаган. Кўплаб чиқишлари ва нутқларида коррупцияни қаттиқ танқид қилган.

Яқинда у Яқин Шарқдаги алоқаларини кучайтиришга ёрдам беришни мақсад қилган Консерваторлар партияси гуруҳини ташкил қилгани боис партиянинг айрим вакиллари қаршиликларига дуч келган.

Амерси бошқа «қора» ишларга ҳам аралашганми?

Қўлга киритилган маълумотларга кўра, Муҳаммад Амерси Тelia’нинг бошқа ишларига ҳам бевосита аралашган. Компаниянинг ички электрон почта хабарлари шуни кўрсатади. Битта хабарда Теlia директори жаноб Амерсига шундай ёзгани қайд этилган: «Мен ҳар кунги музокараларда қатнашишни хоҳламайман, шунинг учун сиз буни ҳал қила оласиз». Жаноб Амерси бунга жавобан шундай деган: «Албатта ... розиман». Теlia ички ҳужжатларидан бири унинг «Project Uzbekistan» учун 500 минг доллар «муваффақиятли тўловлар» қилганини кўрсатади.

BBC Амерсининг яна бошқа битимларга алоқаси борлигига доир ҳужжатларни ҳам қўлга киритган. Компания ички ҳисоботларидан олинган маълумотларга кўра, Тelia олти йил мобайнида Mr XY учун 65 миллион доллардан кўпроқ маош тўлаган.

Ушбу тўловларда сарф-харажатлар квитанциялари келтирилмаган ойлик 100 мингдан 200 минг долларгача бўлган «дабдабали корпоратив ўйин-кулги»лар ҳам ўрин олган.

Компанияни тозалаш учун олиб келинган Теlia собиқ ижрочи директори Мичаэла Албергнинг сўзларига кўра, номи ошкор қилинмаган XY маслаҳатчи айнан Муҳаммад Амерси бўлган.

«Унинг атрофида юрганлар, уни тинглайдиганлар ва унга ишонадиганлар Амерси бойликларининг аслида қаердан келганлигини билишлари ва тушунишлари керак», деган у.

Маълумотларга кўра, 2014 йилдаги Теlia’нинг йиллик умумий йиғилишида Муҳаммад Амерси ва компания ўртасидаги келишув тўхтатилган.

Теlia ўша пайтдан бошлаб Марказий Осиёдан чиқиб кетган ва Скандинавия ҳамда Шимолий Европадаги фаолиятига кўпроқ эътибор қаратишни назарда тутадиган корпоратив бошқарув шаклига ўзгартиришлар киритган.

Амерсининг адвокатлари таъкидлашича, унинг гонорар ва чиқимлари ўша пайтдаги лавозимидан келиб чиқиб амалга оширилган ва компаниянинг ўзи мунтазам квитанцияларни тақдим қилишни сўрамаган.

Амерсининг «тадбиркорлик фаолияти» Британия Консерваторлар партиясини хавотирга солиши мумкин?

Муҳаммад Амерсининг пуллари ва унинг манбалари ҳақидаги саволлар Консерваторлар партиясининг Манчестер шаҳридаги йиллик анжумани бўлиб ўтадиган паллага тўғри келмоқда.

Амерси 2018 йилдан бери Консерваторлар партиясига 525 минг фунт стерлинг хайрия қилган. У 2019 йилдаги сайловлар учун 100 минг фунт, бош вазирлик кампаниясига ҳам 10 минг фунт пул берган. Бундан ташқари, Амерсининг россиялик ҳамкори Надежда Родичева ҳам партияга 2017 ва 2018 йилларда 250 минг фунтдан зиёд хайрия қилган.

Сиёсий таҳлилчи Гэвин Милларнинг фикрича, партия бу пулларни қайтариши керак. «Донор билан жиддий саволлар пайдо бўлаётган айни вазиятда партия пулларни қайтаргани маъқулроқ, аммо бирон қонун Корсерваторларни бунга мажбур қила олмайди», деган таҳлилчи.

Сўнгги вақтларда бош вазирнинг дўсти, партия ҳамраиси Бен Эллиотнинг ёндашувлари кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. У 2019 йилги умумий сайлов кампанияси учун рекорд даражада, 37 миллион фунт стерлинг пул йиғган.

Сўнгги ойларда матбуотда жаноб Амерси Британия бош вазири билан мунтазам учрашиб келган донорлар қаторида тилга олинган.

Мавзуга оид