Жамият | 01:47 / 21.10.2020
9006
5 дақиқада ўқилади

Улуғнорнинг чекка қишлоғига қуёш панеллари энергияси сув етказиб беради (видео)

Андижон вилоятининг чўл ҳудуди саналган Улуғнор тумани марказидан олисда жойлашган «Тўрттол» МФЙда кичик қуёш электр станцияси ўрнатилган сув қудуғи фойдаланишга топширилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Маҳалланинг Жаннатобод кўчасида жойлашган ичимлик суви қудуғига қуввати 5 киловатт бўлган қуёш электр станциясини ўрнатиш орқали 2 минг нафар аҳоли сув билан таъминланган.

 

Умумий қиймати 52 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа йилига 44 минг киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиш эвазига уч-тўрт йил ичида харажатларини тўлиқ оқлайди.

Биз Тўрттол маҳалласида бўлиб, мазкур қуёш электр станцияси ёрдамида ташқи электр таъминотисиз аҳоли хонадонларига ичимлик суви етказиб бериш жараёнини кузатдик. Эътиборимизни тортгани шу бўлдики, электр таъминотида узилишлар юзага келганда ҳам аҳоли хонадонларига ичимлик сувини узлуксиз равишда етказиб бериш имконияти мавжуд экан.

Мазкур иншоотни ишга туширишда иштирок этган «Уфқ-95» фирмаси бош муҳандиси Улуғбек Ниёзовнинг айтишича, барча ишлар 2019 йилда «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида амалга оширилган. Тўрттол маҳалласи туманнинг энг чекка ҳудуди бўлгани учун бу ерда электр таъминоти бўйича узилишлар ва муаммолар кўп. Шу боис туман ҳокимлиги ва «Сувоқава» ташкилоти билан маслаҳатлашган ҳолда қуёш панелларидан фойдаланиш мақсад қилинган.

«Иншоотни 2019 йил ноябрь ойида фойдаланишга топширганмиз. Орадан деярли бир йил ўтиб, қўйилган талабларга жавоб берди. Келажакда буни янада такомиллаштириб, яхшироқ йўлларини ўйлаб топишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Бу қуёш панелларининг афзалликларига келсак, бировнинг назоратисиз ўзи ишлайди, сув тўлгандан кейин ўзи ўчади. Автоматик тарзда ишлайверади. Энг асосий ютуқлардан яна бири шуки, насосимизни бир кунда бир маҳал ишлатганимиз ҳисобига йиллик 9,5 миллион сўм электр энергиясидан иқтисод қиляпмиз. Агар кунига икки ёки уч марта ишлатиладиган бўлса, бу кўрсаткич янада катталашади.

Қуёш панелларимизга ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан 5 йил кафолат берилган. Эксплуатация муддати эса 20 йил. Қуёш панелининг асосий қурилмалари бу панеллар ва ичкаридаги инверторидир. Инвертор қуёш панелларидан келаётган электр токини ўзгармас кучланишга айлантириб бериб, шу орқали насосни ишлатади.

Бу панелларимиз соатига ўртача 5 киловатт ток ишлаб чиқаради ва битта насосни эрталабдан кечгача, яъни қуёш чиққанидан то ботгунига қадар ишлатиш қувватига етади», – дейди Улуғбек Ниёзов.

Бу ҳақда Улуғнор тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бобуржон Қўзиев шундай дейди.

«Улуғнор тумани ҳокимлиги ва «Сувоқава» ташкилоти билан биргаликда ушбу лойиҳани амалга оширдик. «Тўрттол» маҳалла фуқаролар йиғини энг чекка ҳудуд бўлгани учун бу ерда электр энергиясидан табиий ва техноген чекловлар юқори. Шу боис қуёш панеллари асосида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилди. Асосий мақсадимиз – табиий чекловлардан ўзимизни четга олиш.

Лойиҳанинг иқтисодий томони ҳам ҳисобга олинган. Сабаби, электр линиясини тортиб келиш, трансформатор қуришда ушбу лойиҳа 65 миллион сўмга тушар эди. Қуёш панелларини қурганимизда 52 миллион сўмга тушди. Агар табиий электр энергиясидан фойдаланганимизда йиллик электр энергияси учун 15 миллион сўм атрофида пул тўлаган бўлар эдик.

Қуёш панелларининг эксплуатация муддати 20 йил эканлигини ҳисобга олсак, йиллик электр энергиясидан 15 миллион сўм соф даромад қилганимизда 4 йилда ушбу лойиҳа ўзини оқлайди ва яна 16 йил муддатда давлат ва халқ учун беминнат хизмат қилади», – деди у.

Хулоса қилиб айтганда, сув таъминотини яхшилаш учун қуёш энергиясидан фойдаланиш самарали ва камхарж лойиҳа эканига амин бўлдик. Балки чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммоларга ечим топишнинг энг тўғри йўл шу бўлиши ҳам мумкин.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Тайёрлаган:  Элмурод Эрматов

Мавзуга оид