Жамият | 16:07 / 14.07.2021
8593
3 дақиқада ўқилади

ССВ фуқароларни оммавий тўпланмасликка чақирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни карантин қоидаларига ва чекловларига қатъий риоя этишга, оммавий тўпланмасликка чақирди.

«Бир неча кун муқаддам Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан мавжуд эпидемиологик вазият туфайли юртимизда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестивал, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланган эди.

Бундан ташқари, 50 нафардан кўп бўлган кишилар бир жойда, бир вақтнинг ўзида тўпланмаслиги тавсия этилмоқда. 

1 августдан бошлаб эса тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фақатгина 50 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган. Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси ягона мақсад — аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган.

Бироқ шунга қарамай, айрим ҳолларда карантин қоидалари ва чекловлари қўпол равишда бузилаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. 

Хусусан, кеча, 13 июль куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларида «Субо» номи билан танилган россиялик блогер С.Мамедовни кутиб олиш учун 150-200 нафарга яқин ёшлар йиғилган. Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида тарқалган ушбу тадбир акс этган видеотасвирлардан кўриш мумкинки, бу йиғинда иштирок этган ёшлар томонидан мамлакатимизда ўрнатилган ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига мутлақо риоя этилмаган. 

Айтиш керакки, бу ҳолат коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалиши ва эпидемиологик вазият янада оғирлашишига олиб келиши мумкин. Касалликнинг янги штаммлари тез юқиши, жадал ривожланиши ҳамда яширин равишда организмни кучли жароҳатлаши кузатилмоқда. Инсон ўз организмида кечаётган жараённи билмай қолиши ҳам мумкин.

Шу боис, барча фуқаролардан карантин қоидалари ва чекловлари, санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этишга, оммавий тўпланмасликка чақирамиз. Ота-оналар ўз фарзандларига бу борада тегишли тушунтириш беришлари, кўпчилик тўпланадиган жойлардан узоқ бўлишларига эътибор қаратишларини сўраймиз.

Зеро, биргина эътиборсизлик, лоқайдлик, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остига қўйиши, COVID-19 инфекцияси юртимиз аҳолиси орасида янада кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкин», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш тегишли тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши эслатилган.

Мавзуга оид