Ўзбекистон | 13:01 / 21.01.2019
6238
4 дақиқада ўқилади

ТАТУ таркибида Ўзбек-Беларусь қўшма ахборот технологиялари факультети ташкил этилади

Фото: ТАТУ

Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети таркибида Ўзбек-Беларусь қўшма ахборот технологиялари факультетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда кўрсатилишича, Тошкент ахборот технологиялари университети таркибида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Беларусь қўшма ахборот технологиялари факультети ташкил этилади.

Қуйидагилар факультетнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

• республика иқтисодиётининг реал сектори тармоқлари учун ахборот технологияларининг дастурий таъминоти, мобил тизимларни дастурлаш, сунъий интеллект соҳалари бўйича малакали мутахассисларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

• ахборот технологияларининг дастурий таъминоти, мобил тизимларни дастурлаш, сунъий интеллект соҳалари бўйича ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;

• ахборот технологиялари соҳасида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини ташкил этиш ҳамда таълим бериш;

• юқори малакали мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги тамойиллари, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;

• таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган университет таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда университетнинг Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан қўшма таълим дастурлари асосида амалга оширилади.

Факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетида белгиланган тартиб, талаб ва муддатларга мувофиқ Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади.

Факультетда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квотаси университет ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети томонидан Ўзбекистон Иқтисодиёт, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишган ҳолда белгиланади.

Факультетда ўқиш учун тўлов-контракт маблағлари миқдори миллий валютада тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда университет ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Факультет битирувчиларига Ўзбекистон ҳамда Беларусь Республикаларида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган университет ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети дипломлари берилади.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид