Жамият | 15:18 / 02.06.2021
9796
2 дақиқада ўқилади

Ботаника боғида велосипед, самокат ва скутерларда ҳаракатланиш тақиқланди

«Кўпинча ёш болалар ва велосипедчилар тўқнашуви жароҳатларга сабаб бўлмоқда. Иккита ҳолатда тез ёрдам ҳам чақиришга мажбур бўлдик», – деди боғ директори Kun.uz билан суҳбатда. 66 гектарлик боғнинг 11 гектар қисми велосипед учишга мослаштирилади.

Тошкент Ботаника боғи ёш болалар, ёши катта инсонлар ва умуман, барча ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 2021 йил 1 июндан «хавфсиз ҳудуд» деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан 1 июндан боғ ҳудудида велосипед, самокат ва скутерларда ҳаракатланиш таъқиқланди. Бу ҳақда Kun.uz'га боғ маъмурияти маълум қилди.

«Яқинда боғга ташриф буюрган ҳукумат аъзоларининг ўрганишлари натижасида, бу ердаги велосипед ва бошқа воситаларнинг ҳаракати ташриф буюрувчи аҳолига ноқулайлик туғдираётгани аниқланди. Кўпинча ёш болалар ва велосипедчилар тўқнашуви жароҳатларга сабаб бўлмоқда. Иккита ҳолатда тез ёрдам ҳам чақиришга мажбур бўлдик.

Кўплаб ота-оналарнинг эътирози сабабли ҳам вақтинча велосипед ва скутерлар ҳаракатини чекладик», – дейди Kun.uz билан суҳбатда Ботаника боғи директори Содиқжон Абдуназаров.

Унинг айтишича, эндиликда 66 гектарлик боғнинг 11 гектар ҳудудида велосипед ва бошқа кичик воситаларида ҳаракатланиш учун велойўлаклар чизилиб, бошқа қулайликлар яратилади ва хавфсизликка риоя қилиш таъминланади.

Шунингдек, боғда маркетинг бўлими очилади, олимларнинг ишига халақит қилмаган ҳолда велосипед ва бошқа воситаларнинг тартибли ҳаракати ва ижараси ташкил қилинади. Содиқжон Абдуназаровнинг айтишича, бу маркетинг боғ фаолият юритиши учун манба ҳисобланади.

Мавзуга оид