15:01 / 07.07.2020
14478

Сардоба тошқинида жабр кўрганлар 1 сентябргача ўз уйига кўчиб ўтади – вазирлик

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот котиби Алипаша Аҳмедов «Сардоба» сув омборидаги фалокат натижасида талафот кўрган уйларни таъмирлаш жорий йилнинг 1 сентябригача битказилишини маълум қилди.

«Сардоба» талафотларини бартараф этиш мавзусидаги брифингда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида олиб борилаётган таъмир ишлари ҳақида маълумот берилди.

«Тошқинда талафот кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ичимлик ва оқова сув объектларини қайта тиклаш ишлари жорий йилнинг 1 августига қадар, кўп квартирали уйларга етказилган зарарни бартараф этиш бўйича ишлар 1 сентябргача битказилиши режалаштирилган.

Вазирлик томонидан ўтказилган хатловда 148та кўп қаватли уйнинг 107таси талафот кўрган, улардан 63таси яроқсиз ва 44таси капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланган. Талафот кўрган ва капитал таъмирга муҳтож уйларни таъмирлаш учун жами 31,7 млрд сўм маблағ талаб этилади.

6 июль куни ҳолатига 44та уйнинг 25тасида том ишлари, 29тасида фасад ишлари, 12тасида ички пардозлаш, 26тасида уйнинг ертўла қисмлари тўлиқ таъмирланган бўлиб, бу ерларда яшовчи 55 фоиз аҳоли ўз уйига қайтган. Қолган аҳоли 1 сентябрь санасигача кўчиб ўтиши кўзда тутилмоқда», дея вазирлик вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, мазкур ҳудудларни ичимлик ва оқова сувлар билан таъминлаш учун 3та пудратчи ташкилот, 80та техника ва 270 нафар малакали мутахассис жалб этилган бўлиб, жами 129 млрд сўм маблағ ажратилган.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top