Ўзбекистон | 23:56 / 02.05.2023
37955
14 дақиқада ўқилади

Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари

«Сардоба» сув омбори тўғони ўпирилиши мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик техноген фожиа ҳисобланади.

Воқеалар хронологияси

2020 йил 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг деворида сув сизиб чиқа бошлайди. Сув омборига яқин ҳудуддаги аҳолини эвакуация қилишга киришилади. ФВВ сув босиши хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчилар ҳам хавфсиз жойларга эвакуация қилинаётгани ҳақида хабар берди.

Фожиа сабабларини ўрганиш мақсадида зудлик билан ҳукумат комиссияси тузилди. Президент Шавкат Мирзиёев шахсан ўзи ҳодиса жойига бориб, авария оқибатларини кўздан кечирди, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Сув остида қолган маҳаллалар аҳолиси дастлаб яқин-атрофдаги маҳаллаларга жойлаштирилган бўлса, кейинчалик у ерларни ҳам сув босгани туфайли Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларидаги мактаб, коллеж ва аҳоли хонадонларига, айримлар эса Сирдарёнинг бошқа шаҳар ва туманларига кўчирила бошланди. Умумий ҳисобда 90 мингга яқин фуқаро хавфсиз жойга кўчирилди.

Давлатнинг ёрдамини кутмай бошқа ҳудудлардаги қариндошлариникидан бошпана топганлар ҳам кўп бўлди. То фожиа оқибатлари бартараф этилиб, бор будидан айрилган фуқаролар учун янги уй-жойлар қуриб берилгунига қадар кўпчилик саргардонликда кун кечиришга мажбур бўлганини алоҳида қайд этиб ўтиш керак.

Тошқин юз берган жойда 2та бригада ташкил этилиб, тўғон ёриғининг чап ва ўнг қирғоқларини тиклашга киришилди. Юзлаб малакали мутахассислар, мингдан ортиқ махсус техника қурилиш-тиклаш ишларига жалб этилди.

Кейинчалик Kun.uz’га интервью берган маҳаллий аҳоли вакиллари жараён қандай бўлганини сўзлаб беришганди.

«Ҳар куни эрталаб соат 5 да уйғонамиз. Сардоба ўпирилган куни ҳам эрта уйғониб, ҳовлида айланиб юргандим. Бир пайт дарвозани кимдир жуда қаттиқ ура бошлади. Шунчалик урардики, у одамни ким бўлса ҳам сўкмоқчи бўлиб, дарвозага қараб юрдим. Дарвозани очсам, қўшнимизнинг боласи экан. «Бобо, сув келяпти, сув омбори тошибди», – дейди.

Бу вақтда болалар уйда ухлаб ётарди. Тезда уларни уйғотдим. Оёғимизга, елкамизга нима илинса, олдиг-у, кўчага қараб чопдик. Кампирим билан паспортимизни ҳам олишга улгурган эканмиз.

Кўчага чиқсак, сув тошқинидан хабар топган ҳамма югурарди. Одамлар тўғри келган машинага осилишяпти. Яна кимдир эшак аравада, бошқаси пиёда югуряпти. 12-13 км югуриб, халқ тилида 7-совхозга етдик. Кўпчилик шу томонга йиғилди. Шу ерда кўпчилик яна ҳар томонга юрди. Биз ҳам Жиззахнинг Пахтакор туманида яшовчи ўғилларимнинг уйига кетдик», – дея 1 май хотираларини эслайди Бахтиёр Наримонов.

Соат 15:00да тўғондан сув сизиб чиқиши камайган бўлса, соат 17:00 да эса батамом тўхтади. Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилгани айтилди.

Аммо кейинчалик сув омбор суви қўшни Қозоғистондаги аҳоли пунктларигача оқиб боргани маълум бўлди. Натижада Туркистон вилоятидаги 10та аҳоли пункти сув остида қолган, 14та аҳоли пунктидан 31 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.

3 майдан бошлаб хавфсиз жойларга олиб кетилганлар уйларига қайта бошлади. Шу куни Жиззахга эвакуация қилинганларнинг 900 нафари уйга қайтгани хабар қилинди. Шавкат Мирзиёев уйларига қайтган аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг кўнглини кўтарди.

Зарар кўлами

Офат 10та маҳалла фуқаролар йиғини, 23та аҳоли пункти, ҳудудлардаги 4711та турар ва 277та нотурар жой объектларига ҳамда 30 718 гектар экин майдонларига зарар етказган. Тошқиндан талафот кўрган 4351та хонадоннинг 2570таси яроқсиз ҳолга келган, 1781тасига қисман зарарланган.

Тошқин туфайли Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 гектар майдонлари талафот кўрган. Шундан 549 гектари аҳоли томорқа экин майдонлари ҳисобланади.

19 592 гектар ер майдонида қишлоқ хўжалиги экинлари сув остида қолиб талафот кўрган. 108 та фермер ва қишлоқ хўжалик корхонасининг жами 16,525 гектар ери зарарланган. 9734 гектар чигит, 6821 гектар ғалла, 231 гектар сабзавот экинлари, 1095 гектар полиз, 14 гектар картошка, 154 гектар боғ ва 83 гектар боғ ораларига экилган сабзавот экинлари сув остида қолиб, яроқсиз ҳолатга келган.Қишлоқ хўжалигига етган талафотни қоплаш учун давлат бюджетидан жами 9,5 млрд сўм ажратилганди.

Фожиа оқибатида 31719 та уй ҳайвони йўқолган бўлиб, уларнинг 13685 таси йирик ва майда шохли қорамол, отлар; 17752 таси парранда ва 282 таси бошқа ҳайвонлардир. Тирик ҳолда топилган 5160 та йирик ва майда шохли қорамол, 5143 от ўз эгаларига қайтарилган. Тошқинда 6 мингга яқин уй ҳайвонлари нобуд бўлган.

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоятдаги 845та уй, 3та мактаб, 5та болалар боғчаси, 4та тиббиёт муассасаси, 1та маданият уйи ва 54,7 км узунликдаги йўл остида қолган; 7 639 гектар экин майдонига зарар етганини билдирди.

Қозоғистон томони фожиа оқибатида кўрилган зарар миқдори 404 миллион тенге атрофида деб баҳолаган. Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга тошқин сабаб уй-жойи сув остида қолганларга янги уйлар қуриб берди.

Қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишларида жами 138 киши тошқин оқибатларидан қутқарилган. Шу билан бирга, 300дан ортиқ киши ҳарбий вертолётлар орқали хавфли ҳудудлардан олиб чиқилган.

Расмий маълумотларга кўра, фожиа оқибатида 6 киши (2 нафар аёл, 4 нафар эркак) ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган. Жумладан, аҳолини хабардор қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш жараёнида Миллий гвардиянинг 3 нафар ходимини кучли сув оқими олиб кетган. Улардан бири қутқарилган, бири ҳалок бўлган, яна бири бедарак йўқолган деб топилган.

ФВВ дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 8 та болалар боғчаси, 16 та мактаб, 7 та тиббиёт муассасаси, 1 та коллеж, 7 та қабристон, 3 та масжид, 13 та республика аҳамиятидаги кўприк, 52 км узунликдаги йўл, 1 та деҳқон бозори, 282та тадбиркорлик субъекти (53та юридик ва 90та якка тартибдаги тадбиркорлар)нинг 143та мулкига жиддий талафот етгани, шунингдек, 99 та кўп қаватли турар жой биноси қисман зарарланганини маълум қилди.

Фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, жумладан ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш учун республика бюджетидан дастлабки ёрдам сифатида 100 млрд сўм ажратилди. Кейинроқ тошқиндан жабрланган 4,5 мингдан ортиқ оилага яна 40 миллион сўмдан берилди.

Жабрдийдаларга давлат томонидан бепул қуриб берилди, шунингдек, уларнинг ҳовлилари ҳам ўзларида қолдирилди. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун учта массивда жами 2 640 квартирали 66та 5 қаватли уй барпо этилди.

Умуман олганда, жабрланувчиларга жами қанча маблағ берилгани, техноген фалокат мамлакат ғазнасига қанчага тушгани очиқлангани йўқ. Фақатгина тошқин оқибатларини бартараф қилиш мақсадида давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм харажат қилиниши режалаштирилгани айтилган холос. Сарф-харажатлар калькуляцияси жамоатчиликка тақдим этилмаган.

Аварияга нима сабаб бўлганди?

Фожиа сабабларини ўрганиш асносида жуда кўп версиялар ўртага ташланганини таъкидлаб ўтиш керак. Уларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда истеҳзо ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Жумладан, даставвал сув омбори тўғони бузилишига кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлгани айтилди. Ваҳоланки, фожиа юз берган куни ва ундан аввал ҳам Сирдарёда вайронкор кучга эга бўлган шамол ёки ёғингарчилик кузатилмаганди.

Терговчилар Сардоба тўғони ўпирилишига лаққа балиқлар сабаб бўлганига оид версияни ҳам ўрганишган. Бу версияга кўра¸ сув омборида кўпайтирилган йиртқич балиқлар¸ хусусан¸ катта-катта лаққа балиқлар¸ тўғон девори емирилишига сабабчи бўлган бўлиши мумкин. Тўғон қулаганидан сўнг қўшни Қозоғистоннинг сув босган ҳудудларидан олинган видеоларда Сардоба сувида катта-катта балиқлар¸ хусусан¸ лаққа балиқларнинг кўплиги кўрингани бу версиянинг туғилишига сабаб бўлган.

Фанлар Академияси Зоология институтининг зоолог мутахассислари Сардоба сув омбори ўпирилишига кўрсичқон ва тулкиларнинг таъсири ўрганган. Бунга тўғон атрофида оддий кўрсичқон, Тамариск қумсичқонининг инлари, тулки ини топилгани асос бўлган. Тадқиқот натижалари бу жониворлар “тўғоннинг яхлитлигига жиддий таъсир кўрсата олмаслигини” кўрсатган.

Фожианинг олдини олиш мумкин эдими?

Сардоба техноген фалокати бўйича маҳаллий хабар бериш тизими ишлаб чиқилиши керак бўлса-да, бу амалда бажарилмаган. Омборда сув маълум сатҳга кўтарилганда 1 соат ичида автоматик тарзда хабар бериб турадиган ушбу тизим жуда қиммат тургани учун объект раҳбарияти «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга зид равишда зиммасидаги мажбуриятни адо этмаган.

Канадада яшовчи ўзбек муҳандиси Шарофиддин Қарабоев Kun.uz’га берган интервьюсида 404 млн доллар эвазига бунёд этилган Сардоба сув омбори тўғонида хавфдан огоҳлантирувчи сенсорлар ўрнатилмагани ҳақида тўхталиб, буни «қимматга тушувчи тежамкорлик» деб атаганди.

Мутахассисга кўра, бундай тизим ўзбекистонлик расмийлар айтганидек қиммат эмас, ахборот технологиялари бозоридан исталган нархдаги огоҳлантириш тизимини топиш мумкин. Агар ушбу тизим бўлганида, шунингдек, сув омборида юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий ҳалокат оқибатлари олдиндан моделлаштирилганда фожианинг олдини олиш ёки ҳеч бўлмаганда талафот кўламини камайтириш мумкин эди дея таъкидлайди эксперт.

Нидерландияда жойлашган DELTARES мустақил тадқиқот маркази экспертлари «Сардоба» сув омбори тўғони узоқ вақт давомида танаффуслар билан қурилгани техноген аварияни юзага келтирган сабаблардан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлашган.

Айбдорларга берилган жазо

3 май куни Ўзбекистон Бош прокуратураси «Сардоба» сув омборидаги авария бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилгани, тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилгани ҳақида хабар берди.

«Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган.

Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», деган эди ўшанда давлат раҳбари.

Сардоба воқеасидан сўнг республикадаги барча гидроиншоотлар, тўғон ва ГЭСлар текширувдан ўтказила бошланди.

Жамоатчилик рўй берган фожиада «Ўзгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов ва унинг ўғли, 2018 йилдан буён «To‘palang HPD systems» МЧЖга директорлик қилиб келаётган Ислом Абдураҳмоновни айблашди. Бироқ «Ўзгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати томонидан бу иддаолар рад этилди.

Дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахс тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, қурилиш ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинган.

2021 йил 10 май куни Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати рўй берган аварияда «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК бош директорининг ўринбосари – Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган М.Холматовни айбдор деб топиб, уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Яна 4 судланувчи 5 йил, бир нафари 4 йилга қамалди.

2022 йилнинг 18 сентябрида Сардоба фожиаси бўйича яна 29 кишига суд ҳукми ўқилди. Жавобгарликка тортилганлар орасида «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж», «Кўприк қурилиш бутлаш», «Сардоба тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхоналари, «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлими, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг Гидротехник иншоотларни қуриш дирекцияси ходимлари бор. Суд ҳукмида судланувчилардан солидар тартибда давлат ҳисобига 115 млрд 811 млн сўм ундириш белгиланган.

Халқни бирлаштирган офат

Машаққат ва синовлар халқни жипслаштириши Сардоба фожиаси мисолида ҳам яққол намоён бўлди. Авариянинг илк лаҳзалариданоқ кимлардир тошқин бўлган ҳудудлар аҳолиси учун эшигини очган бўлса, кимлардир талафотзодаларни зарурий озиқ-овқатлар, ичимлик суви, тиббиёт воситалари билан таъминлади.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ҳам Сирдарёга ёрдам оқиб кела бошлади. Даставвал авария оқибатларини бартараф этиш учун Самарқанддан катта миқдорда тош-шағал ва бетон плиталари юборилган бўлса, кейинчалик кўнгиллилар тошқиндан жабр кўрганларга кўмак акциясини бошлаб юборишди ва бу акция умуммиллий ҳаракатга айланиб кетди. Бу ишга оддий фуқаролардан тортиб амалдорлар, нодавлат ташкилотлардан тортиб давлат органларигача ҳисса қўшишди. Савобли ишга хориждаги ватандошлар, санъаткорлар, блогерлар ва турли соҳа вакиллари бош-қош бўлишди.

Республиканинг ҳар бир ҳудудида Сардоба фожиаси натижасида талафот кўрганлар учун инсонпарварлик ёрдамини тўплаш маркази ташкил қилинди.

“Халқимиздан миннатдорман. Карантин туфайли [Фожиа коронавирус пандемияси туфайли республика миқёсида карантин чекловлари жорий этилган вақтда содир бўлганди – таҳр.] кўпчиликнинг иши тўхтаб қолганлигига қарамай қўнғироқлар тинмаяпти, атаганларини олиб келаётганларни тушириб олишга йигитларимиз улгуришмаяпти. Кимдир қоплаб ун, шакар каби маҳсулотлар олиб келса, яна кимдир уйидаги гиламидан тортиб кийимларигача кўтариб келяпти. “Имконимиз қисқароқ эди, ёпилган банкаларим, яхши идишларим бор, шуларни бериб юборяпман...”, ёки “Пулим йўқ эди, бориб хизматим билан ёрдам берсам майлими?” – деб қилинган қўнғироқларни эшитиб қандай қилиб кўзимиз ёшланмасин?” деган эди инсонпарварлик ёрдами ташкилотчиларидан бири.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид