Жаҳон | 15:06 / 30.01.2019
19457
2 дақиқада ўқилади

Россияда сенатор Рауф Арашуков қўлга олинди. У қотилликларни ташкиллаштиришда айбланмоқда

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

Россия Федерациялар кенгашининг (ФК) Қорачой-Черкесиядан сенатори Рауф Арашуков ФК мажлислар залида қўлга олинди. Бу ҳақда РИА «Новости» манбага асосан хабар бермоқда.

Қўлга олиш жараёнидан аввал Федерациялар кенгаши биноси журналистлар учун ёпиб қўйилган.

Матбуотга тушунтиришларича, бу «ташкилий масалаларни муҳокама қилиш» учун амалга оширилган.

«Арашуков мажлис бошланганидан кейин залнинг ўзида ҳибсга олинди», - дея хабар берди манба.

ТАСС’нинг манбага таянган ҳолда хабар қилишича, сенатор Рауф Арашуков бир қатор жиноятларда айбланмоқда.

Жумладан, Арашуковни уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилишда айблашмоқда.

«У ерда жуда кўп айбловлар бор. Ҳатто, Россия Жиноят кодексининг 210-моддаси («Жиноий гуруҳ ташкил этиш ёки унда иштирок этиш»)», - дея айтиб ўтган манба.

Шунингдек, РИА «Новости»’нинг Россия Федерациялар кенгашидаги манбага асосан хабар беришича, Рауф Арашуковга икки кишининг ўлдирилишини ташкиллаштириш бўйича айблов қўйилган.

Қотилликлардан ташқари, у соғлиққа оғир зарар етказиш, 2010 йилда Қорачой-Черкесия республикасида уюшган жиноий гуруҳни ташкил қилиш, шунингдек, сенаторлик ўрнини эгаллашга имкон берган ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда.

«Уни мажлис вақтида қўлга олиш тўғрисидаги қарор, у яширинмаслиги мақсадида қабул қилинган. У яширинишга ҳаракат қилиши ҳақида маълумотлар бор эди», - деган манба.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид