Ўзбекистон | 14:12 / 16.01.2021
10177
3 дақиқада ўқилади

Мансабдорни жавобгарликка тортиш ўрнига, тадбиркорга етказган зарарини ўзидан ундириш керак – Бизнес-oмбудсман

Ноқонуний қарор қабул қилган мансабдор шахсни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш керак эмас. Фақат тадбиркорга етказилган зарарни ўша мансабдор шахсдан регресс тартибда ундириш амалиётини жорий қилиш зарур. Бу мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарлик анча камайишига олиб келади, деб ҳисоблайди Бизнес-oмбудсман ўринбосари.

Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Ўринов 15 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ҳуқуқлари бузилаётган тадбиркорлар масаласидаги саволга жавоб қайтарди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, айрим мансабдор шахслар чиқараётган ноқонуний қарорлар сабаб кўпчилик тадбиркорлар жабр кўрмоқда. Аксарият ҳолларда уларнинг мулк ҳуқуқлари бузилмоқда.

«Бизга келиб тушган мурожаатларнинг бешдан бир қисми мулк ҳуқуқининг бузилиши, ерлар олиб қўйилиши ва ажратишдаги қонунбузарликлар билан боғлиқ. Бу йўналишда Бизнес-омбудсман томонидан бир қатор ишлар бажарилди. Тадбиркорлар манфаати учун кўплаб даъво аризалари судларга киритилди. Уларга аксарият мулклари қайтариб берилди.

Суднинг қабул қилган нотўғри қарорларини юқори турувчи судлар бекор қилиб, тадбиркорлар ҳуқуқлари таъминлаб келиняпти.

Ушбу турдаги мурожаатлар мавжудлигини эътироф этган ҳолда президентимиз мурожаатномада «Энди Бизнес-омбудсманга мулк ҳуқуқини бузиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича давлат органларининг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатини ҳам берамиз», деб айтдилар.

Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Ўринов

Шунга асосан ҳозирда қонун лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Бундан буёғига Бизнес-омбудсман маъмурий баённома расмийлаштиришдан ташқари тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқларини бузиш ёки умуман уларга оид масалаларда мансабдор шахсларнинг қўли аниқланган тақдирда, ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилинса, маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўриляпти.

Ҳудудлардаги ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, ноқонуний қарор қабул қилган мансабдор шахсни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш керак эмас. Фақат тадбиркорга етказилган зарарни ўша мансабдор шахсдан регресс тартибда ундириш амалиётини жорий қилиш зарур. Бу мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарликнинг анча камайишига олиб келади.

Ҳар доим қайсидир мансабдор шахсни ёмон деб айтишимиз мумкин, лекин аксарият ҳолларда унинг ота-онасидан «боланг ёмонми», деб сўрасангиз, улар «йўқ» дейди. Қўшнисидан сўрасангиз, «яхши» дейди.

Адлия вазирлиги юридик хизмат йўлга қўйилиши борасида анча самарали ишларни олиб боряпти. Яъни ер олиб қўйиш билан боғлиқ бўлган масалада тадбиркор ёки фуқаро тартибга амал қилмаган бўлиши мумкин, аммо унда формал тартибда ерни қайтариб олиш асослари бор.

Лекин ўша қайтариб олиш тартибига риоя қилинмагани, қолаверса, юридик хизмат кучли бўлмагани учун тўғридан тўғри яъни судга мурожаат қилмасдан олиб қўйилиши оқибатида шикоят ва эътирозлар кўпаймоқда», – деди у.

Аввалроқ 2020 йилда тадбиркорлик фаолиятини ноқонуний текширган 328 нафар мансабдор жавобгарликка тортилгани хабар қилинган эди. Шундан 5 нафар мансабдор билан меҳнат шартномаси бекор қилингани, 150 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилгани ва 33 нафарига огоҳлантириш берилгани маълум қилинган.

Бугун ерни ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик расман белгиланди. Бу бўйича қонун президент томонидан имзоланган.

Мавзуга оид