Жаҳон | 12:53 / 16.04.2026
7725
3 дақиқада ўқилади

Туркиядаги мактабда рўй берган отишма қурбонлари сони ортди

Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш шаҳрида жойлашган мактабда рўй берган отишма оқибатида ҳалок бўлганлар сони тўққиз кишини ташкил этмоқда – шундан саккиз нафари ўқувчилар.

Фото: Reuters

Туркия ички ишлар вазири Мустафо Чифтчининг сўзларига кўра, 13 киши яраланган, шундан олти нафари оғир аҳволда қолмоқда. Аввалроқ вилоят губернатори Мукаррам Унлюэр тўрт киши ҳалок бўлиб, 20 киши яраланганини айтганди.

Хабарларга кўра, ҳужум уюштирган шахс – худди шу мактабнинг саккизинчи синфида ўқиган 13 ёшли ўқувчи бўлиб, унинг ўзи ҳам ҳалок бўлган. Бу айнан қандай рўй бергани маълум эмас. Айрим маълумотларга кўра, у хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган, бошқа манбалар эса у ўз жонига қасд қилганини айтмоқда.

Унинг мотивлари ҳозирча аниқ эмас, текширув ишлари олиб борилмоқда.

Расмийларга кўра, унинг ёнида бешта қурол ва еттита ўқдон бўлган, булар унинг собиқ полициячи ҳисобланган отасига тегишли экани тахмин қилинмоқда. Айрим маълумотларга кўра, ота ҳодисадан кейин қўлга олинган.

«Ўқувчи мактабга рюкзакдаги қуроллар билан кириб келган, бу қуроллар унинг отасиники бўлган деб ҳисоблаяпмиз. У иккита синфхонага кирган ва тартибсиз ўт очиб, одамлар ўлими ва яраланишига сабаб бўлган», – деган Қаҳрамонмараш вилояти губернатори Мукаррам Унлюэр.

«Интенсив ўқ овозлари эшитилди. Мактаб атрофида ваҳима юзага келди», – деган NTV телеканали мухбири.

Воқеа жойида олинган кадрларда ваҳимага тушиб, мактаб биносига етиб келган ота-оналарни ва у ердан шифохонага йўл олаётган тез ёрдам машиналарини кўриш мумкин.

Қўшни бинодан туриб олинган ва AFP агентлиги томонидан тарқатилган видеода эса иккинчи қаватдан сакраётган ўқувчилар акс этган.

Бир ярим дақиқалик ушбу ёзувда камида 15 марта ўқ овози эшитилади.

Бу сўнгги икки кун ичида Туркия мактабларида қурол ишлатилиши билан боғлиқ иккинчи ҳолат бўлди.

Бир кун олдин Туркиянинг Сиверек шаҳридаги касб-ҳунар лицейида собиқ ўқувчи ўт очиши оқибатида 16 киши яраланганди, ҳужумчининг ўзи ўз жонига қасд қилган.

Шонлиурфа вилояти губернатори Ҳасан Шилдакнинг маълум қилишича, у мактабга ов милтиғи кўтариб келган ва атрофдагиларни тартибсиз равишда ўққа тутган.

Шарҳловчилар шу вақтга қадар Туркиядаги ўқув муассасаларида бу каби зўравонлик ҳолатлари деярли кузатилмаганини қайд этишган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид